1

​9 ОЙДА 1633 НАФАР ФУҚАРО ДАЙДИ ИТЛАРДАН ЖАБРЛАНДИ

ЖАМИЯТ 25.09.2017, 11:20
​9 ОЙДА 1633 НАФАР ФУҚАРО ДАЙДИ ИТЛАРДАН ЖАБРЛАНДИ

Тошкент шаҳар ҳокимининг 22 сентябрдаги “Тошкент шаҳрида эпизоотик ва эпидемик барқарорликни таъминлаш борасида кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни амалга ошириш тўғрисида”ги 1293-сонли қарор мазмун-моҳиятини аҳолига, кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жорий йилнинг 23 сентябрь куни шаҳар ҳокимлигида брифинг ташкил этилди.

Унда пойтахтимизда дайди ва уй ҳайвонларидан жабрланганлар сони йилдан-йилга ошиб кетиши кузатилаётгани, жорий йилнинг 9 ойи мобойнида дайди ва уй ҳайвонларидан 3527 нафар фуқаро азият чекиб, 1633 нафари айнан дайди итлардан жабрлангани айтиб ўтилди. Бу каби салбий ҳолатга барҳам берилмаса, аҳоли ўртасида қутуриш касаллигини кескин кўпайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Тошкент шаҳри ва туман ободонлаштириш бошқармаларида ташкил этилган қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари иш фаолиятини янада кучайтириш мақсадида ҳамда Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси ва Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг мурожаатини инобатга олган ҳолда ушбу Қарорни пойтахтимиз аҳолиси ва кенг жамоатчиликка етказиш таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига қарашли марказий авария диспетчерлик хизматининг “Дайди ҳайвонларни тутиш отряди” ишини самарадорлигини ошириш мақсадида унинг фаолияти танқидий таҳлил қилинди. “Дайди ҳайвонларни тутиш отряди” етарли даражада техника ва керакли анжомлар билан таъминланиб, ёқилғи-мой маҳсулотлари узлуксиз ажратилиб турилиши, “Дайди ҳайвонларни тутиш отряди” томонидан ишлаб чиқилган режа асосида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш мақсадида кечаю-кундуз рейдлар ўтказиб бориш тавсия этилди. Шунингдек, кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни тутишни ташкил этиш ва алоҳида вақтинча сақлаш учун махсус ажратилган жойларда сақлаш таъкидланди.

Жумладан, аҳоли пунктларида ит ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш юзасидан назоратни кучайтириш лозимлиги ҳамда ушбу қоидалар бузилишига йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирлар ташкил қилиниши ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, давлат ветеринария бўлимларининг тақдимномаси бўйича қаровсиз ва эгасиз қолган касал ҳайвонларни қутуриш жойларида, қутуриш касаллиги кўп учраши хавфи бўлган эпизоотик ҳудудларда отиб ташлашни ташкил этиш ҳамда бу хавфнинг олдини олишга қаратилган бир қатор ишлар эътиборга олинди.

Қарорда фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли ветеринария бўлимларига итларни ўз вақтида вакцинация қилиш учун уларни сақлайдиган фуқаролар тўғрисида маълумот берилиши юзасидан доимий назорат олиб борилиши назарда тутилган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан аниқланган ит ва мушукларни эмлаш ишлари ташкил этилиб, қутуриш касаллигига қарши вакцина заҳиралари яратилади.

Шунингдек, аҳолига ҳайвонлар томонидан бошқа жароҳатлар етказилганда дарҳол соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилиш тўғрисида доимий тушунтириш ишлари олиб борилади, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1