АсосийJamiyat

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИДА ВИДЕОСЕЛЕКТОР ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

'ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИДА ВИДЕОСЕЛЕКТОР ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ'ning rasmi

Халқ таълими вазирлигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари мутасаддилари, ҳудудий халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими, мактабгача таълим бўлими, молия ва режалаштириш бўлими бошлиқлари, қурилиш-таъмирлаш ишларига масъул шўъба раҳбарлари, ҳар бир тумандан икки нафардан МТМ мудирлари жойлардан туриб тўғридан-тўғри кузатиб борди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар, 2018 йилда 5-6 ёшли болаларни, кейинги йилларда барча мактабгача ёшдаги болаларни тўлиқ давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш бўйича “Бекобод шаҳри ва Бекобод тумани намунаси”ни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичи ҳамда мактабларда ташкил этилган 10-синфга қамров натижалари, жойларда “Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари” ташкил этиш каби масалалар кенг муҳокама қилинди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш, нодавлат мактабгача таълим муассасалари секторини ривожлантириш мақсадида кенг кўламли комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда бажарилаётган ишлар таҳлили, болаларни МТМга қамраб олиш кўрсаткичи, уларни мактабга тайёрлаш ишлари борасида фикр юритилди.

Болаларни босқичма-босқич мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан “Бекобод шаҳри ва Бекобод тумани намунаси” бўйича тақдимот қилинди.

9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш ҳамда 10-синфга қамраб олиш натижалари, жойларда ташкил этилаётган “Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари” бўйича ҳам ҳисобот берилди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалаларнинг айни кунларда бажарилиш ҳолати юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг маълумоти тингланди.

    Бошқа янгиликлар