Туркиянинг машҳур поп-юлдузи Сердар Ортач ваъдасига биноан 25-26 сентябрь кунлари "Истиқлол" санъат саройида ўзбек ҳамкасблари иштирокида концерт дастурини тақдим этди. Мазкур концертга бора олмаган мухлислар учун махсус фоторепортажни тақдим этамиз...

Концерт дастурини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев очиб берди.

Концертни бошловчилар Музаффарбек Мирзабеков ўзбек тилида, Лазиза Назимхонова эса турк тилида олиб боришди.

Хонанда Сардор Мамадалиев ҳам адашининг концертида иштирок этди.

Концертнинг иккинчи куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова ҳам иштирок этди.

Хонанда Гуласал Абдуллаева концертнинг биринчи ва иккинчи кунида ҳам саҳнага чиқди.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни мухлислар доимгидек илиқ қарши олишди.

Узоқ танаффусдан сўнг сўз устаси Обид Асомов "Истиқлол" санъат саройида мухлисларини теша тегмаган ҳазиллари билан хушнуд этди.

Концертнинг иккинчи кунида эса қизиқчи Шукрулло Исроилов томошабинлар юзига самимий кулгу улашди.

Нафақат Туркия, балки бутун дунёда машҳур бўлган хонанда Сердар ортач саҳнага чиққач, зал "портлади". Сердар икки кунлик концерт дастурида "Giybet", "Ki deli", "Mesafe", "Isim olmaz", "Karabiberim", "Ismi Lazim Degil", "Canima minnet", "Kabahat", "Beni unut", "Dansoz", "Bilsemki" каби оммалашган ва янги қўшиқларини куйлади.



Сердар "Balım" қўшиғини куйлашдан аввал "Уйланишдан олдин саҳнада раққосалар билан бирга рақс тушардим. Энди эса бу одатимни ташладим. Қолаверса, қўшиқда куйланадиганидек, "жоним, асалим" каби сўзларни ҳам рафиқамдан бошқасига ишлатмайман", дея рафиқасини эслаб ўтди.



Концертда Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султонованинг "Санам" ансамбли ҳам иштирок этди.








Сердар икки кун давомида мухлисларининг райига қараб, дастхат улашди, селфи тушди, бирга куйлади ва албатта уларнинг меҳр-муҳаббати тимсоли бўлган гулдасталар ва совғаларни қабул қилиб олди.



Танаффус вақтида бошловчи Музаффар Мирзабеков омадли мухлисларга қимматбаҳо совғалар улашди.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг келиши Сердар учун чинакам совға бўлди. Сердар севимли хонандасидан "Санамгина" қўшиғини бир неча бор куйлаб беришини илтимос қилди ва бу жараённи қўл телефонига ёзиб олди. Шунингдек, Усмонованинг "Дунё" қўшиғини биргаликда хиргойи қилди. Сўнг “Diyemem” дуэтини куйлашди.



Сердар икки кунлик концерти давомида саҳнада туриб, барча жараённи телефонига ёзиб, тарихга мухрлади.




Концерт сўнгида Сердар Ортач ўзбек ҳамкасблари билан ўзбек тилида қўшиқ куйлади. Режиссёр Саъдулла Абдуллаев ташкиллаштирган концерт томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

Туркиянинг поп-юлдузи Сердар Ортач билан махсус интервью ва концертдан тўлиқ репортажни "Даракчи" газетасининг 5 октябрда сотувга чиқадиган сонида ўқишингиз мумкин.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ






