Денгиз ва океанларнинг ифлосланишининг асосий сабабларидан бири бу нефть. Негаки, нефть қолдиқлари сув юзасини беркитиб, сув ости оламида яшовчи жониворларнинг нафас олишига тўсқинлик қилади. Бу эса ўз навбатида жуда кескин вазиятларни юзага келтиради. АҚШнинг Агронне миллий лабораторияси олимлари бу муаммога ҳам ажойиб йўл топишди...
Олимлар сув юзасидаги нефть қолдиқларини ўзида тўпловчи юмшоқ матони ўйлаб топишди. Мазкур мато нефть қуйқумларини, сув юзасидаги 85% нефтни шимиб олиш хусусиятига эга. АҚШ олимларининг бу оламшумул ихтироси туфайли кўплаб муаммоларга ечим топилиши кутилмоқда. Матода тўпланган нефтни махсус машиналар сиқиб олади ва қайта ишлайди.
Ихтирочи олимлардан бири шундай дейди: “Мазкур мато орқали атроф-муҳитга, сув ости оламида яшовчи жониворларга ҳаёт бахш эта оламиз ва уларга зарар келтираётган сув юзасидаги нефть қолдиқларидан самарали фойдаланиб, уни ижобий мақсадларга йўналтира оламиз. Ҳозирда биз мазкур ихтирони янада такомиллаштириш устида ишламоқдамиз ва яқин кунларда бу ихтиро омма эътиборига ҳавола этилади.”






