АсосийSUG'DIYONA

ПЕПЕРОМИЯ ГУЛИНИ ПАРВАРИШЛАЙМИЗ!

'ПЕПЕРОМИЯ ГУЛИНИ ПАРВАРИШЛАЙМИЗ!'ning rasmi

Пеперомия гулининг 900 дан ортиқ тури бўлиб, уларнинг барчаси ҳаводаги зарарли стрептокококк, стафилакокк, сарцина каби бактерияларни йўқ қилиш хусусиятига эга. Шунинг учун фарзандингиз тез-тез шамоласа, бу гулни унинг хонасида ўстиришингизни маслаҳат берамиз.

1. Пеперомия гули хонанинг ғарбий ёки шарқий қисмларида туриши зарур. Уларни маxсус гул тургичларда ярим соя жойга жойлаштиринг. Тўғридан-тўғри қуёш нурлари остига қўя кўрманг.

2. Куз ва қишда хона ҳарорати +18–+23 даража илиє бўлиши керак. Агар ҳарорат +15 даражадан пасайиб кетса, гул барглари сарғайиб, тўкилишни бошлайди. Ёзда эса оптимал ҳарорат +19–+25 даражадир. Гулни елвизакдан ва хона ҳарорати ўзгаришларидан сақланг.

3. Хонадаги намлик миқдори эса 40-60 фоизни ташкил этиши лозим. Катта баргли пеперомия турларига сув сепиб туринг ёки губка ёрдамида тез-тез баргларини артинг. Майда баргли турларига эса 2-3 хафтада бир марта илиқ, юмшоқ сувдан сепиб туринг.

4. Пеперомияни илиқ, тиндирилган сув билан суғоринг. Қишда иложи борича камроқ сув қуйиш тавсия этилади. Тупроқ уст қисми қуриши билан сув қуйинг, меъёрни унутманг, акс ҳолда гул томири чиришни бошлайди.

5. Гул юмшоқ ва ҳаво ўтказувчи тупроқни хуш кўради. Қириндига бой қора тупроқ ва торфдан 2:1 нисбатда аралашма тайёрлаб, гулни экинг. Қишда гулни ўғитлаш шарт эмас. Баҳор ва ёз ойлари ўғитлаш учун мос ойлардир.

6. Гулни кўчириб ўтказиш учун баланд керамик тувакни танланг. Ёш гулларни ҳар йили тупроғини янгилаган ҳолда, ёши катта гулларни эса 5-6 йилда бир марта кўчириб ўтказиш керак.

7. Гулни бандидан ва поясидан кўпайтириш мумкин. Бунинг учун эҳтиёткорлик билан бир бандни гулдан қирқиб олиб, тупроққа экинг-да, устига целлофан халта ёпиб, ёруғ жойга қўйинг. Ҳар 2-3 кунда сув қуйиб туринг. 5-6 ҳафта ўтиб, гул банди томир чиқаради. Ана энди уни бемалол эксангиз бўлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар