“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тошкент – Бекобод - Тошкент – йўналиши бўйлаб замонавий электричкалар қатновини йўлга қўйди.
Поезднинг қатнов жадвали ушбу йўналишда истиқомат қилувчи аҳолининг, фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, ўқувчи, талаба ёшларнинг талаб ва истаклари ўрганиб чиқилган ҳолда тузилди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.
Ҳозирда ушбу йўналиш бўйича кунига бир маротаба қатновлар қатъий жадвал асосида мунтазам амалга оширилади. Жумладан, эрталабки соат 06:35 да Бекобод вокзалидан жўнаган поезд, соат 9:20 да Тошкент вокзалига етиб боради. Ҳаракат таркиби бир вақтнинг ўзида 350 нафарга яқин йўловчини ташиш имконига эга.
Йўл давомида электричка Ховос, Янгиер, Гулистон каби станцияларда тўхтаб ўтади. Масофанинг умумий узунлиги 183 километрни ташкил этиб, электричка бу йўлни 2 соату 45 дақиқада босиб ўтади.
Электричка 6 та вагондан иборат бўлиб, уларнинг барчаси ҳавони мўътадиллаштирувчи махсус ускуналар (кондиционер) билан жиҳозланган. Эътиборлиси, замонавий электричкалар “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖда тубдан реконструкция қилинган. Ҳар бир вагонда ўрнатилган тартибда махсус кузатувчилар бириктирилган ва улар йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, яқин кунларда ушбу замонавий электричка қатновларини кунига икки маротаба амалга ошириш режалаштирилган.
Бекобод вокзали қайтадан бугунги кун талаблари даражасида реконструкция қилинди. Бу ерда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган сервисни ташкил этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Вокзалда 150 нафар йўловчига мўлжалланган кутиш зали, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари мавжуд бўлиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Вокзалнинг олди ва шаҳарга чиқиш қисмида электрон соатлар, электрон кўрсаткичлар ўрнатилди. Шунингдек, ҳаво ҳароратини мўътадил сақловчи совутгичлар, тежамкор ёритгичлар, савдо дўконлари барпо этилди.