АсосийSUG'DIYONA

«ВО-О-ОЙ, ЭСИМДАН ЧИҚИБДИ...» ХОТИРАМИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙМИЗ!

'«ВО-О-ОЙ, ЭСИМДАН ЧИҚИБДИ...» ХОТИРАМИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙМИЗ!  'ning rasmi

Ишга кетаётиб «Дазмолни токдан узганмидим?» ёки «Эшикни қулфладимми?» каби ўйларнинг пайдо бўлиши сизга танишми? «Бўлиб туради-да», деманг! Хотира сустлашиши турли касалликлар асорати бўлиши ва охир-оқибат жиддий муаммоларни юзага келтириши ҳам мумкин. Келинг, хотирамиз «душман»лари ва «дўст»лари билан танишсак. Нима дедингиз?!

МУТАХАССИС – олий тоифали шифокор-невролог Ойбек ПАРДАБОЕВ.

ФОТО: хаёли паришон аёл, ёки хайратланиб турган. Мутахассиснинг расми бор.

«Эшитганим эсимда, кўрганим йўқ…»

Ҳар бир инсоннинг хотира имкониятлари индивидуал кўринишда бўлади. Аслида, хотиранинг кўрув, эшитув, ҳаракат билан боғлиқ кўринишлари мавжуд. Организмнинг ўзига хос тузилишига кўра кимдадир кўрув, кимдадир эса эшитув хотираси яхши ривожланган. Шундан келиб чиқиб, айримлар кўрган воқеа-ҳодисасини эслаб қолса, кимдир эшитганини сўзма-сўз айтиб беролади.

(алоҳида)

Сўз орқали ифода этилган маълумот инсон миясида 50 фоизгача сақланиб қолади. Борди-ю, худди шу маълумот сўз, тасвир ва ҳаракатлар ёрдамида ифодаланса, эсда қолиши 70-80 фоизга етади. Агар ушбу жараёнда ўзингиз ҳам иштирок этсангиз, воқеа-ҳодиса 100 фоизгача эсингизда қолиши мумкин.

«Унутиб қўйяпман...»

Хотира заифлашиши дастлаб кичик белгилар билан номоён бўлиб, унчалик ҳам сезилмайди. Масалан, телефон рақамларини унутиб қўясиз, белгиланган учрашув вақтини адаштирасиз ёки ниманидир бажараман деб шайланасиз-у, аммо нима қилмоқчи бўлганингиз хаёлдан кўтарилади. Гарчи бу ҳолатлар қисқа фурсат давом этса-да, хотирангиз сустлашиб бораётганидан даракдир.

Хотира заифлашиши касалликлар асоратида ҳам юзага келишини айтдик. Хўш, бу қандай бўлади? Альцгеймер хасталиги, дименлашувчи склерозлар, бош мия касалликлари, бош мия қон томирларининг ўзгариши билан кечадиган бир қанча ҳолатлар хотирага таъсир этади.

Организмингиз «норози» бўлганида...

Яшаш тарзингиз, иш фаолиятингиз, кун тартибию дам олиш, ҳатто овқатланиш вақтининг ўзгаришигача хотирангизга таъсир қилиши мумкин. Бу организмингизнинг ўзгаришларга қарши норозилик жавобидир. Демак, юқоридаги ҳолатларни тартибга келтириш лозим.

Ташхис қўямиз!

Хотира заифлашишининг турли даражалари тафовут қилинади. Булар, енгил, ўртача ва оғир кўринишлар. Бош оғриғи, кўз олдининг тиниб кетиши, ақлий фаолликнинг сустлашиши эслаб қолиш имкониятининг пасайиши билан кузатилса, турмуш тарзингизни ўзгартириб кўринг. Шунда ҳам безовталиклар ўтиб кетмаса, тиббий текширувларга талаб келиб чиқади. Эҳтимол муаммо организм ички аъзоларидадир.

Невролог, зарур ҳолларда психиатор мутахассислар кўриги, электроэнцефолография, реоэнцефолография, эхоэнцефолография текширувлари ўтказилади. Шу билан бирга, бош мияни қон билан таъминлаб берувчи қон томирлар ҳолатини ўрганиш учун дюплекс сканерлаш, МРТ ёки қон томирларига контраст модда юборилиб, таҳлил ўтказиш ҳам мумкин.

«Дори ичаманми?»

Агар хотира заифлашиши касаллик таъсирида бўлса, аввал асосий хасталик даволаниб, сўнг хотирани кучайтиришга урғу берилади. Фақат бир томонлама ёндашиш тўғри эмас. Организмингиз соппа-соғ, фақат турмуш тарзингиз ёки руҳий ҳолатингизда муаммо бўлса, оддий машқлар ёрдамида хотирангизга кўмак бероласиз. Аммо ҳар қандай муолажа у хоҳ дори-дармон бўлсин, хоҳ машғулотлар мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда бажаралиши даркор.

Диққат: абитуриентлар!

Балки ишонмассиз, аммо хотира пасайиши билан энг кўп мурожаат этувчи беморлар абитуриетлар экан. Йил (баъзилари бир неча йиллар) давомида китобдан бошини кўтармай ўқишга тайёрганлик кўрган шоввозлар, охир-оқибат мияни толиқтирадилар. Тўғри, мутолаа ёки махсус тайёгарлик дасрларига диққат қилиш шарт. Аммо меъёрда! Бир кунда икки-уч соатдан ошмаса, айни муддао. Автобус, метро ёки тунда ҳам китоб ўқиш, матн ёдлаш мияни қийнаб қўяди.

ФОТО: дорилар

(алоҳида)

Ақлий ва жисмоний фаоллик тенг бўлса, сурункали чарчоқ ва хотира заифлашиши келиб чиқмайди. Дейлик кунлик иш фаолиятингизда ақлий зўриқиш юқори-ю, аммо ҳаракатчан эмассиз. Бу организмни толиқтириб, тизимли бузилишларга олиб келади. Акси бўлганида эса тафаккурингиз «хира»лашиб бораверади.

Шеърми ёки тез айтиш?

Шоирликка даъво қилинг демаймиз, лекин хотирани чарлахлашда шеър ёзиш энг фойдали усуллардан бири. Кунора тўрт мисра шеър ёки кундалик тутиб, кўрган-кечирганларингизни ёзиб боринг. Ёки кичик шеърларни ёд олинг. Тез айтиш ҳам айни муддо. ҳам эслаб қолиш рефлекси яхшиланади, ҳам оғиз артикуляция аппаратини машқ қилдирасиз.

Кроссворд тузишга нима дейсиз?

Бошқотирма ишлашдан ташқари мустақил кроссворд тузиб кўринг. Маълумотларга кўра, айнан кроссворд ишлаб чиқиш вақтида мия фаоллиги яхшиланиб, эслаб қолиш имконияти ортади. Бошқотирмага киритилган маълумотлар инсон хотирасида 10-15 йил сақланиб қолади.

Расм чизиш

Айримларда кўрув хотираси билан муаммо келиб чиқади. Буни бартараф этишда расм чизиш, ранг-тасвирларни бир-биридан фарқлаш учун мўлжалланган карточкалардан фойдаланиш мумкин. Машғулотларни бир ҳафтада бир марта эмас, кунора, аниқ бир вақтда (айтайлик соат 11:00 да ёки 15:00 да) бажариш лозим. Шунда чиндан ҳам таъсири бўлади.

Мусиқа эшитиб турасизми?

«Ҳа!» деяпсиз-у, фойдасига қизиқаяпсизми? Унда диққат қилинг. Мусиқа тинглаганда оҳангни эслаб қолиш даркор. Єулоқчинларни олгач, мусиқа мароми, оҳанги ва тарона сўзларини ҳиргойи қилишга уриниб кўринг. Аввал тез ёдда қоладиган қўшиқларни эшитинг. Сўнг жаҳон классикаси, мумтоз ашулаларга эътибор қилинг. 10-15 кундан сўнг ўзингиз учун кичик синов уюштиринг. Турли жанрдаги мусиқалардан парча эшитиб, оҳангига мос тарзда давом эттиришга ҳаракат қилинг. Шу йўсинда хотирангиз қай даражада яхшиланаётганини билиб оласиз.

«Эсни киритадиган» маҳсулотлар

«Ўргимчак тўри»га қармоқ ташласангиз овингиз юришгандан-юришадики, асти сўраманг. «Шоколад, анор, кўкатлар, қорағат, помидор, саримсоқ...» бу рўйхатнинг давоми кўринмайди. Бироқ чиндан ҳам хотирани яхшилашга асқотадиганлари саноқлигина. Ер ёнғоғи, ёнғоқ, бодом ва денгиз ёнғоғи — мана шу тўрт маҳсулотни истеъмол қилсангиз кифоя. Мазкур маҳсулотлар таркибидаги ёғ кислотаси хотирани тикловчи модда таъсирини оширади.

Ҳар кунлик таомномада В гуруҳига мансуб барча витаминлар қатнашишига ҳам эътибор беринг. Кўкатлар, сабзавот ва мевалар шулар жумласидан.

Оҳанг билан...

Бадиий асар ўқиётганда овоз чиқариб мутолаа қилинг. Китобнинг нечадир саҳифасини ўқиб бўлгач, ёдингизда қолганини тасаввур қилишга ва сўзлаб беришга уриниб кўринг. Яна бир фойдали усул, фарзандларингизга эртак ўқиб беринг. Нутқингиз ҳам, хотирангиз ҳам яхшиланади.

Одатларингизни ўзгартиринг!

Ҳар куни сочни турмаклашда асосан ўнг қўлдан фойдаланасиз. Шу ишни чап қўлда бажаришга нима дейсиз? Эрталаб ухлаб қолмаслик учун ҳар оқшом телефонингизни уйғотадиган дастурга мослайсиз. Кунора ёрдамчингизга дам беринг-да, ўзингиз уйғонинг. Шу тариқа кундалик одатларингизга ўзгартириш киритиб турсангиз, эслаб қолиш қобилиятингиз яхшиланади.

Йўл-йўлакай...

Бу жуда осон усул. Ишга кетаётиб, йўлда учраган инсонлар, димоғингизга урилган ифор, кўзга ташланган рангларни кузатиб боринг. Масалан, ҳамрохингиз фойдаланган атир ҳиди қайси ўсимликни ёдингизга солди? Ясмин гули? Балки бинафшадир? Чорраҳадан ўтаётган аёлнинг алвон рангли кўйлаги дугонангизда ҳам бор эдими? Эслаб кўринг! Шу тариқа кичик нарса-буюмлар ёдингизда қолади.

Муҳим қоидалар

  • Нонуштадан олдин 1 стакан қайнатиб совутилган сув ичинг;
  • югуриш, сузиш машғулотларига қатнашинг;
  • кунни режалаштиришга ўрганинг;
  • қоматни тик тутиб юринг;
  • лифтни унутинг, пиёда ҳаракатланинг;
  • эрталаб ёки ишдан қайтгач, контраст душ қабул қилинг;
  • бир вақтда ухлаб, бир вақтда уйғонишга одатланинг;
  • ғоя ва фикрларингизни ёзиб боришни ўрганинг;
  • клавиатурада кўзни юмиб ёзиш машқини бажариб туринг;
  • ҳар куни 10-15 дақиқалик кўз машқларига диққат қилинг;
  • имкон қадар ҳар куни бирор янгилик билан танишинг;
  • фақат ва фақат яхши нарсаларни ўйланг!

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар