АсосийShou-biznes

МУҲАММАДИСО АБДУЛХАИРОВ: "ҚИРРАЛАРИМНИ ЕТАРЛИЧА ОЧОЛМАЯПМАН"

'МУҲАММАДИСО АБДУЛХАИРОВ: "ҚИРРАЛАРИМНИ ЕТАРЛИЧА ОЧОЛМАЯПМАН"'ning rasmi

Комик ва драматик ролларни маромига етказиб ижро этадиган актёр Муҳаммадисо АБДУЛХАИРОВ "Даракчи" газетасининг "Учрашув" лойиҳаси меҳмони бўлди...

— Муҳаммадисо ака, “Ошхона эркак киши ўралашадиган жой эмас”, деган фикрдамисиз?

— Йўқ. Тўғри, ҳар бир эркак киши ҳеч бўлмаса ош пиширишни билиши шарт. Бу борада нўноқлигим — хатоим. Лекин кимдир таом тайёрлашни ўргатиб турса, бажонидил пишираман. Бугун бунга ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Бироқ салатлар тайёрлаш жону дилим.

— Сиз билан қўнғироқ­лашганимизда “Суратга олиш майдончасидаман”, дедингиз? Навбатдаги комедия бўлса кераг-а?

— Музаффар Эркинов суратга олаётган “Саодат” сериалида ўйнадим. Ролимга келсак, жиддий қиёфада чиққанман.

— Марк Вайлнинг “Ўйнаш” эмас, яшаш керак”, деган гапини шиор қилиб олгансиз. Комедияларингизда маблағ учун “ўйнайсиз”ми ё яшайсиз?

— Тўғри, маблағ яшаш зарурияти. Кўпчиликнинг “Кино — пул топиш манбаи бўлиб қолган”, деган фикрини ҳазм қилолмайман. Фильм кимга манзур келса, кўряпти, мажбуран кўрсатилаётгани йўқ. Ва мен актёр сифатида касбимни сидқидилдан бажар­япман, холос. Шу боис баъзилар ўзини мажбурлаб иштирокимдаги фильмни кўриб, мени танқид қилишига ҳожат йўқ. Комедияларимда яшайман, шунинг учун ҳам импровизациялар табиий равишда “туғилади”. Фильмларимда яшашим учун гонорар олганим ё текинга суратга тушаётганимнинг алоқаси йўқ.

— Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан суҳбатларимиздан бирида “Ўз вақтида Муҳаммадисога комедияга ўралашиб қолма, жиддий фильмларда ҳам ўйнагин, деб маслаҳат бергандим. У ҳақдаги эътирозлар тез-тез қулоққа чалинади. Бундан кейин қандай рекламаларда чиқишни ўзи билади”, деганди…

— Устоз тўғри танбеҳ берадилар. Имкон қадар Ёдгор аканинг айтганларини бажаришга ҳаракат қиламан. Гоҳида ролларим ҳаммага бирдек ёқмаслиги мумкин. Бу табиий, чунки иш бор жойда хато ҳам бўлади. Рекламага келсак, мавзу танламайман. Қолаверса, реклама орқали кимнидир хафа қиладиган иш қилаётганим йўқ.

— Валижон Умаров, Марк Вайл, Мансур Васати каби ўз ишининг усталари қўлида тажриба орттирган актёрни суратга тушаётган фильм­лари режиссёрининг иши қониқтирадими?

— Голливуд режиссёрларининг ҳам ҳаммаси маҳоратли бўлмаганидек, ўзбек режиссёрлари орасида ҳам ҳар хиллари бор. Мени актёр сифатида шакл­лантирган режиссёрлар ҳам ёш бўлган, маҳоратли актёрлар фильмида суратга тушган. Ва вақт ўтиб, тажриба ўз сўзини айтган. Лекин ҳамма ўйнаган фильмларим мантиқан бой, дейиш фикридан йироқман.


— “Қудуқ” фильмидан сўнг режиссёрлар сизни драматик ролларга "кўмиб" ташлашса керак, деб ўйлагандим…

— Тўғри, “кўмилиб” кетганим йўқку-я, лекин таклифлар бўлмади, дея олмайман. Насиб бўлса, томошабинлар учун совғаларим йўқ эмас. Асли табиатан режиссёрдан роль сўролмайман.

— “Қудуқ”даги Лал­­лай ролингизда ҳаётдаги Муҳаммадисони кўр­гандек бўлганман, янглишмадимми?

— Йўқ, саломга яраша алик оладиган одамман. Қаҳрамо­н­имдек ҳамманинг кўнглини олиш қийин иш. Ўхшаш жиҳатим: сабрлиман.

— Соғлигингиз ва юрагингизни бахшида қилган, сизни профессио­нал актёр қилиб тарбиялаган “Илҳом” театрини нима сабаб тарк этгансиз?

— Бошқа театрларда ҳам имкониятимни синаб кўргим келганди. "Республика ёш томошабинлар" театри, "Аладдин" театрларида тажриба орттирдим. Чунки битта оқимда ишлашни ёқтирмайман. Ишонч билан шуни айта оламанки, мен театрдан, театр эса мендан хафа бўлмаган. Насиб бўлса, тез орада театрга қайтиш ниятим бор.

— Режиссёр бўлганингизда Муҳаммадисо Абдулхаи­ровга қандай ролларни раво кўрган бўлардингиз ва ҳозирги режиссёрларнинг қайси хатосини так­рорламасдингиз?

— Унинг "Фалон ролни ўйнасам", деган мақсади йўқ. Тарихий қаҳрамонни ижро этадими ё фаррошними, томошабин ишонишини истайди. Муҳаммадисони экранда озғинроқ кўрсатган бўлардим (мириқиб кулади). Яна бир гап, режиссёр сифатида актёрнинг дунёқараши, имкониятини билиш учун 2-3 ой бирга яшаган ва қаҳрамони дардини ҳис қила оладиган ролларнигина берардим. Ва мимика, гап-сўзларсиз томошабинни кулдирадиган комик ролни ўйнатардим.

Блиц:

— Актёр сифатидаги кучли ва ожиз жиҳатингиз?

— Ожизлигим — қирраларимни етарлича очолмаётгандекман. Кучли жиҳатим — сабр билан бугунги кунгача етиб келганим.

— Кўнглингизни оғритган танқид?

— "Ролларингиз ёқмайди, бачкана". Танқидни кўтара оламан, лекин хатони айтишни ҳам билиш керак-да. Бироқ 8 кишининг мақтови, 2 кишининг ўринсиз танқидини ювиб кетади.

— Ижтимоий тармоқларда…

— Йўқман. Интернет билан дўстлаша олмадим, чунки менга қизиқ эмас. Истаган тарзимда ҳам ярим соат телефонга тикилсам, бошимда оғриқ туради.

— Кучли драматик актёрмисиз ё комик?

— Комедияда ҳам, драмада ҳам бир хил меҳнат қиламан. “Қудуқ”қа ҳам, "Замонавий совчилар"га ҳам қалб қўрим, асабим, ҳаётимнинг бир қисми бир хил сарфланган.

— Ижодкорлар "Санъат нонини ейиш учун темирдан тиш керак", деб фарзанди издош бўлишига қаршилик қилишади…

— Осон касбнинг ўзи йўқ! Кези келса, баъзи соҳалар олдида санъаткорлик осон бўлиб қолади. Катта ўғлим Ақоиддин Муҳаммад кинотасвирчиликка қизиқаяпти. Ҳумоиддин Муҳаммад 2-синф, қизиқиши ҳақида бир нима дея олмайман. Санъатга иқтидори бўлса, қаршилик қилмайман.

— Ғашингизга тегади?

— Комик роль ўйнасам, гўё камера ортидагиларнинг кулиши учун ҳаракат қилаётганимдек, кулишлари ғашимга тегади. Ва баъзи актрисаларимизнинг мунтазам кечикиб келиш "касаллиги"ни сира тушунмайман.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар