Фазлиддин ҒОИБНАЗАРОВ: «Футболчиларимизни қўллаб-қувватлайлик»
Танқиддан наф бўлганида, натижалар аллақачон ўзгарган бўларди
«Рио-2016» мусобақаларида бокс бўйича олтин медални қўлга киритган, «Ўзбекистон ифтихори» унвони соҳиби Фазлиддин Ғоибназаровнинг профессионал боксда илк қадамиданоқ ғалабага эришганидан хабарингиз бор...
— Фазлиддин, бокс сизнинг ҳаётингизда қандай ўзгаришлар ясади? Улардан учтасини алоҳида санаб ўта оласизми?
— Аслида спортнинг эркин кураш турига қизиққанман. Аммо дарсдан кейин машғулотларга улгура олмасдим. Синфдошим Достоннинг эрталаблари бокс тўгарагига қатнашаётганини билгач, унга йўлдош бўлдим. Шу билан бу спорт турига меҳрим уйғониб, бора-бора жиддий киришдим. Ҳозир боксни танлаганимдан жуда миннатдорман. У ҳаётимда жуда кўплаб ўзгаришлар ясади. Айнан учтасига тўхталадиган бўлсак, биринчи навбатда, халқ меҳрини қозондим. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, юртимиз номини дунёга янада танитишга оз бўлса-да, ҳиссамни қўшганимдан хурсандман. Иккинчидан, бокс мени масъулиятли ва сабрли бўлишга ўргатди. Учинчиси, бахтимни боксда топдим.
— Бирор маррани забт этишимизга кўплаб инсонларнинг меҳнати сингади. Жумладан, устозларимизнинг ҳам хизмати биқиёс. Мураббийингиз билан яқиндан таништирсангиз.
— Аброр ака Турсунпўлатов фидокор инсон. Мана, 17 йилдан буён мен билан шуғулланиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаяпти. Бугунги даражамга эришишимда бу инсоннинг ҳиссаси жуда катта! Доим «Сен бундан-да ортиғига қодирсан», деб янги марралар сари ундайди. Айни пайтда ҳам Америкада биргамиз.
— Профессионал боксда ўтказган иккита жангингиз муваффақиятли кечди. Навбатдаги жангингиз қачон бўлади? Ким билан рингга тушасиз?
— Учинчи жангимиз Техасда, 22 сенятбрь куни ўтказилиши кутилаяпти. Аммо ҳозирча рақибим аниқ эмас. Кузнинг охирларида профессионал боксдаги тўртинчи жангимни ўтказиб, ватанга қайтишни ният қилганмиз. Бу жанглар чемпионлик камари учун қўйилаётган қадамлардир.
— Жанг олди рақибингизни ўрганиб чиқасизми?
— Одатда, рақибимнинг қайси томондан зарба беришига эътибор қаратаман. Аммо жангларини кузатиб, таҳлил қилишга кўп вақт сарфламайман. Мураббийим бунинг ўрнига кўпроқ ўз устимда ишлашим кераклигини ўргатган. Шу сабаб тайёргарлик жараёнида чапдан, ўнгдан зарба берувчи боксчилар билан машқ қиламан.
— Ўзбекистон терма жамоасининг яшил майдондаги мағлубиятидан сўнг доим футболчиларимиз боксчиларимиз билан солиштирилади. Сиз бу мавзуга қандай муносабат билдирасиз?
— Футбол ва бокс — алоҳида спорт турларидир. Боксда биз якка ўзимиз рингга чиқамиз ва курашамиз. Футбол эса жамоавий ўйин. Жамоанинг ўн вакили зўр ўйнаса-ю, битта ўйинчи хатога йўл қўйса ҳам ютқазиш мумкин. Шу сабабдан мен бокс ва футболни бир-бири билан солиштириш ноўрин, деб ўйлайман. Футболчиларимизни эса доим қўллаб-қувватлайман, уларга мухлислик қиламан. Кимгадир нимадир деб ақл ўргатишдан йироқман. Бироқ, биласизми, танқиддан наф бўлганида, аллақачон натижалар ўзгарган бўларди. Яхшиси, билиб-билмай уларни танқид қилгандан кўра, ишонч билдириб, руҳларини кўтарганимиз фойдалимасми? Жаҳон чемпионатига чиқишни футболчиларимиз истамайди, дейсизми? Улар биздан кўра кўпроқ хоҳлашади буни. Фикримча, энди танқидни камайтириб, уларни олға ундашимиз даркор. Айтганча, ўзим ҳам яқин кунларда ижтимоий тармоқлардаги саҳифамга футболчиларимизни қўллаб-қуввотловчи видео мурожаатимни қўйишни режалаштирганман. Футболчиларимизга, умуман ватанимиз шаънини ҳимоя қилиш истагида интилаётганларга ҳамиша омад ёр бўлсин!
— Фазлиддин, интервьюларингиздан бирида болалигингизда жуда шўх бўлганингизни айтгандингиз. Бугуннинг болалари сиздан-да шўх. Гоҳида шўхликлари ошиб уришқоқ ҳам бўлиб қолишади.
— Шўхлигим рост, аммо ҳар нарсанинг меъёри бўлади. Муҳими — меъёрни унутмаслик. Шўхлик ва уришқоқликнинг фарқи катта, шуни ажратиб олиш керак, деб ўйлайман. Айниқса, ота-она ва педагоглар. Чунки баъзида «Болам шўхлик қилибди-да», деб улардаги салбий феълларнинг шаклланишига катталар замин яратади.
— Бугунги кунда баъзи ўсмир йигитлар ўртасидаги тортишувлар жанжалга айланиб кетиб, фожиали оқибатларга олиб келаётгани ҳам сир эмас. Ёшларнинг бебошликлари сабабини нималарда кўрасиз? Уларга ҳаётда ўз ўрнини топаётган ёш авлод сифатида қандай тавсиялар бера оласиз?
— Халқимизда бир ибора бор: «Қуш уясида кўрганини қилади». Ота-оналарнинг фарзандларига етарлича вақт ажратмаслиги, тарбиянинг тўғри усулларидан фойдаланмасликлари ёшларнинг адашишларига сабаб бўлади, деб ўйлайман. Афсуски, айбни ўзларидан соқит қилиш, масъулиятдан қочиш учун атрофдагиларни айблашади. Кўп ҳолларда боланинг тарбиясизлигига ёки кўчада бирор муаммо туғдирганига ўқитувчи балогардон бўлади. Тўғри, ўқитувчи таълим-тарбия учун масъул. Аммо болалар куннинг бир қисминигина таълим масканида ўтказишини инобатга олиш керак. Яхшиси, педагог билан ота-оналар дўст тутиниб, ҳамкорликда ишлашлари лозим.
Назаримда, ўсмирларни, умуман болаларни бўш вақтларидан унумли фойдаланишга ўргатиш лозим. Бирор нимага қизиқмаган бола йўқ, уни қизиқтира олмайдиган ота-оналар бор. Бугун ёшлар учун юртимизда кенг имкониятлар яратилган. Тўгараклар турли-туман. Спорт соҳасими, ёки илм йўланишими, ҳунарми, албатта, боланинг қизиқишидан келиб чиқиб йўналтириш лозим. Биз ёшлар ҳам имкониятлардан тўғри фойдаланишимиз даркор.
— Тенгдошлари билан ёқалашган йигитларга қулоқ солсак, шаънини ҳимоя қилганини айтишади. Сизнингча, жаҳл чиққанда қандай йўл тутган маъқул?
— Аввало, йигит киши ўзига нисбатан ҳурматсизлик қилишларига имкон бермаса, атрофдагиларнинг унинг ғурурига тегувчи сўзлар айтишга ҳадди сиғмайди. Бироқ беш бармоқ барабор эмас, одамлар ҳам, уларнинг феъли ҳам турлича. Кимлардир қаршисидаги кишини жаҳлни жиловлолмайдиган даражага олиб келиш учун атайлаб ҳаракат қилишади. Улар билан тенг бўлиш тўғри эмас. Бундай инсонлардан тарбиянгиз, маданиятингиз билан бир поғонага юқори туринг. Ҳиссиётга эмас, ақлга қулоқ тутинг. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Масалан, руҳшунослар бокс аламлардан халос бўлишда, салбий қувватни тўғри сарфлашда қўл келади, дейишади. Бу гапда ҳам жон бор. Умуман олганда, жисмоний меҳнат билан шуғулланиш йигитлар учун фойдали. Қолаверса, инсонда орзу-мақсадлар ҳам бўлиши керак. Мен ҳам бир пайтлар бугунги кунларимни орзу қилардим. Орзумга осонликча етиб келганим йўқ. Ҳар бир ўсиб келаётган ёш авлод менинг ўрнимда бўлиши мумкин. Фақат мақсадларга эришишига ишониб, турли қинғир йўлларга чалғимаслик керак.
— Болаларингиз билан боғлиқ қандай орзу-умидларингиз бор?
— Фарзандларим — энг катта бойлигим. Аввало улар, ақлли ва одобли инсонлар бўлиб вояга етишларини истайман. Юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишларини хоҳлайман. Бунинг учун қўлимдан келган барча имкониятни яратишга ҳаракат қиламан. Ўғлим Абдуллоҳ икки яшар, қизим Хадичабону эса 8 август куни бир ёшга тўлади. Улар келажакда қайси йўналишни танлашса ҳам, албатта, қўллаб-қувватлайман.
— Ота-онангизга қайси жиҳатларингиз жуда ўхшайди?
— Отам қурувчи, онам заводда ишчи. Улар меҳнатдан қочмайдиган ва ҳалолликни биринчи ўринга қўядиган инсонлар. Болаларимда ҳам бу фазилатлар шаклланишига ишонаман. Дадам кўринишидан бироз жаҳлдор кўринса-да, жуда кўнгли бўш инсон. Менинг ҳам кўнглим аслида бўш. Олимпиадада олтин медаль олганимда кўз ёшларимни тўхтата олмаганман. Ўшанда онам «Энди сенинг олтин медалинг бор, йиғлама», деганди. Терма жамоада ҳазилкашлигим сабаб ҳеч кимни зериктирмайман. Бу хислат волидамдан ўтган. Онам болалигимизда кўп эртаклар айтиб берарди, ҳозир ҳам суҳбатлашиб ўтирсак, қизиқ-қизиқ воқеаларни гапириб, кайфиятимизни хушнуд қилади. Бахтимизга ота-оналаримиз доим соғ бўлишсин!
— Рафиқангиз ҳам спорт вакиласи. Унинг карьера қилишига тўсқинлик қилмайсизми?
— Юқорида айтганимдек, биз спорт машғулотларида танишиб қолганмиз. Рашкчилигим сабаб карьера қилишига қаршиман, аммо тўйдан олдин ваъда бергандим-да. Энди спортдаги фаолияти қай даражада бўлишини вақт кўрсатади, ҳозирча болалар парвариши билан машғул.
— Ўзингизга хос дам олиш услубингиз борми?
— Болаларим билан ўйнасам, чарчоқларим чиқиб кетади. Айни кунларда интернет орқали кўришсак ҳам, уларнинг овозларини эшитиб, ширин қилиқларини кўриб, дилим яйрайди. Тарихий фильмларни томоша қилиб ҳам дам оламан.
— Энг катта мақсадингиз?
— Жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон номининг баралла янграшига ҳиссамни қўшишда давом этиш энг катта мақсадларимдан бири. Боксдаги карьерам тугагач, спорт мактаби ташкил қилиш ҳам режамда бор.
Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди.