Тошкент шаҳар Миробод туман Жиноят ишлари бўйича судида П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан кўрилаётган навбатдаги суд мажлисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Суд тиббий экспертиза бош бюроси эксперти Фарҳод Лочинов эксперт сифатида иштирок этди.
У 1 июнь куни Жасурбек Иброҳимовнинг вафотидан сўнг эксперт хулосасини тузган. Эксперт қонунчиликка асосан экспертизага тақдим этилган тиббий ҳужжатлар ва Ж. Иброҳимов мурдасини суд тиббий экспертизаси маълумотлари бўйича қандай тан жароҳатлари аниқланганлигини маълум қилди.
Фарҳод Лочинов кўрсатмасидан:
“Қорин бўшлиғи аъзоларининг ёпиқ ўтмас жароҳати, 12 бармоқ ичак деворининг травматик ёрилиши, қорин парда орқа тўқималарининг гематомаси, кўндаланг чамбаричак гематомаси, ошқозон ости безининг лат ейиши, ўнг буйракнинг лат ейиши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши. Пешона ўнг қисмида тери ости гематомаси, бурун, кўкрак қорин, бел соҳаларида, қўл ва оёқларда кўплаб шилинмалар ҳамда юмшоқ тўқималарда лат ейишлар. Бу тан жароҳатлари шу жойларга чегараланган юзага эга бўлган ўтмас қаттиқ жисмнинг(инсон қўл ва оёқлари) бир неча маротаба таъсири натижасида шифохонага тушишидан олдин (қўшимча экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган вақт ва ҳолатда) юзага келган бўлиши мумкин. Юқорида кўрсатилган тан жароҳатлар биргаликда оғирлик даражаси бўйича ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати белгиларига эга."
Судья эксперт ўз хулосасини ўқиб эшиттиргач, ундан 3 май куни етказилган жароҳат ва ўлимнинг бир-бири билан боғлиқлиги тўғрисида сўради.
Фарҳод Лочинов кўрсатмасидан:
“Иброҳимовнинг ўлими жароҳатнинг ўзи билан эмас, келтириб чиқарган асоратлар билан боғлиқ. Асоратлар қорин аъзоларидаги жароҳатлардан сўнг ривожланган.”
Судья экспертдан тан жароҳатини етказиш механизми тўғрисида сўради.
“Биз учун буни аниқлаш қийин кечди. 3 майдан 1 июнгача орадан анча вақт ўтгани сабаб танадаги жароҳатлар ўзининг белгиларини йўқотган. Кўп маълумотларни тиббий ҳужжатлар асосида олдик. 12 бармоқ ичак қорин бўшлиғида жойлашган аъзо, бу аъзонинг ёрилиши ташқи таъсирда юзага келган. Қорин бўшлиғидаги бошқа аъзоларда жароҳатлар мавжудлиги, шу соҳага ўтмас тўмтоқ жисм таъсири бўлганидан далолат беради. “Илмий назардан келиб чиқсак қорин бўшлиғи олди томондан юмшоқ тўқималар билан ҳимояланган. Бўйи баландлигидан ҳисобланадиган бўлса, йиқилиб тушганда бундай жароҳатни олиш эҳтимоли камроқ. Жароҳат зарба таъсиридан етказилганлиги кўпроқ эҳтимолга эга. Қорин олди деворига етказилган жароҳат бўлиши мумкин."
Прокурор экспертга қуйидаги савол билан мурожаат қилди:
Ошқозондаги жароҳат жуда чуқур жойлашган, айтингчи, ушбу жароҳат қанчалик даражада у ерга етиб бориши мумкин ёки кучлироқ босим бўлгандаям ушбу жароҳатни олиш мумкинми?
“Кучли зарба оқибатида кўпроқ бўлади ушбу жароҳат, лекин шундай ҳоллар бўладики, ошқозондаги ҳавонинг борлиги кучли таъсир бўлмаган тақдирда ҳам ошқозон деворининг ёрилишига сабаб бўлиши мумкин. Гидростатик таъсир ҳавони тўлқинлантириб юборади берилган зарба. Ичакдаги ҳаво ёки суюқлик йиғилиб турган бўлса, кучсизроқ зарба ҳам уни ёрвориши мумкин, зарба жуда кучли бўлиши шарт эмас."
Судланувчининг адвокати экспертдан агар ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганда, оғир оқибат келиб чиқармиди, деган савол билан мурожаат қилди: Эксперт сифатида айтингчи, ўша кунини ўзида жарроҳлик амалиёти қилинганда беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинмиди?
“Мутахассис сифатида айтадиган бўлсам, ҳамма ҳолатда ҳам ушбу жароҳат ўлим билан тугамайди, менинг фикримча сақлаб қолиш мумкин эди.