— Бир ишдан бўшаб бошқа ишга кириш орасидаги муддат стаж узилиб қолмаслиги учун қанча бўлиши керак?
Наргиза Анорқулова, Тошкент шаҳар Яшнобод тумани
Баҳодир НИЗОМОВ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари:
— Узлуксиз иш стажи бўйича тартиб ёки тушунчалар ҳукуматнинг айрим қарорларида белгиланган.
Масалан:
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг мутахассислиги бўйича узлуксиз иш стажини ҳисоблаб чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги "Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги 276-сон қарорининг 3-иловасида кўрсатилган.
Мазкур илованинг 3-бандига асосан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари лавозимига:
- муассасалардан (бўлинмалардан) уларни тугатиш (қайта ташкил этиш) ёки лавозимни қисқартириш, ёҳуд доимий яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ ҳолда ишдан бўшатилган кундан бошлаб 3 ойдан кечикмай;
- муассасалардан (бўлинмалардан) ўз хоҳишига кўра (узрли сабабга кўра), шу жумладан эри ёки хотини бошқа жойга ўтказилганда (ўтказиш вақти бир ой муддатга киритилмайди) ишдан бўшатилган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай. Ўз хоҳишига кўра бўшатилишида узрли сабаб деб эътироф этиш амалдаги қонун ҳужжатлари томонидан белгиланади;
- агар бевосита олдин ишлаган соғлиқни сақлаш муассасаларида (бўлинмаларида) бир ойданкўп бўлмаган танаффус билан таълим олган бўлса, олий, ўрта махсус тиббиёт ўқув юртлари, клиник ординатура ёки аспирантурани тугатгандан кейин бир ойдан кечикмай;
- агар хизмат бевосита олдин муассасаларда (бўлинмаларда) ўтган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан бўшатилган вақтдан бошлаб кўчиб ўтишга кетган вақтни ҳисобга олмаган ҳолда 3 ойдан кечикмай;
- ҳарбий хизматчи эрини (хотинини) бошқа жойга ўтказишда ишдан бўшатилган ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан бўшатилиши муносабати билан эрининг (хотинининг) кўчиб ўтиши билан боғлик ҳолда ишдан бўшатилган кундан бошлаб 3 ойдан кечикмай;
- муассасалардан (бўлинмалардан) бўшатилишига сабаб бўлган вақтинчалик ногиронлиги ёки касаллиги тугагандан кейин, шунингдек ушбу асосларга кўра бошқа ишга ўтказилган ҳолларда бир ой мобайнида;
- агар бевосита олдин ишлаган муассасалардан (бўлинмалардан) пенсияга чиққан бўлса, ёшга доир пенсияга, ногиронлик пенсиясига ёки узоқ йил хизмат қилганлик учун пенсияга чиққанда;
- агар хорижда бевосита олдин муассасаларда (бўлинмаларда) ишлаган бўлса, чет эллардаги муассасаларда, бошқа давлатларга техник ёрдам кўрсатиш бўйича мутахассис сифатида халқаро ташкилотлардаги ишдан Ўзбекистон Республикасига қайтгандан кейин 2 ойдан кечикмай ишга кирганда узлуксиз иш стажи сақлаб қолинади. Чет элдан яшаш жойига келищ ҳамда чет элда ишлаган вақтида фойдаланилмаган таътилда бўлиш вақти мазкур икки ойлик муддатга киритилмайди.