— Республика ички ишлар органларида ишлаган ва ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган фуқаро хорижга ишлашга чиқиши мумкинми?
Хуршид Рўзиқулов, Самарқанд шаҳри
Бадриддин ШОРИХСИЕВ, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқарма бошлиғи:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 8-сонли Қарорига асосан, қуйидаги сабаблар чет элга бориш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин:
- агар шахс давлат сири ҳисобланган маълумотлардан воқиф бўлса ёки унинг чет элга боришига монелик қилувчи бошқа шартнома, контракт мажбуриятлари амалда бўлса — бу ҳолатларнинг амал қилиши тугагунга қадар;
- агар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса — иш бўйича якуний қарор қабул қилингунга қадар;
- агар шахс суднинг ҳукми билан алоҳида хавфли рецидивист деб тан олинган ёки ички ишлар органларининг маъмурий назорати остида бўлса — судланганлик бекор қилинмагун (олиб ташланмагун)га қадар ёки назорат қилиш тўхтатилгунгача;
- агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса — мажбуриятлар ижро этилгунга қадар;
- агар шахс ўзи тўғрисида қасддан соҳта маълумотларни берган бўлса;
- агар судда шахсга нисбатан фуқаролик даъвоси кўзғатилган бўлса — иш кўриб чиқилгунга қадар;
- агар шахс чақириқ участкасида рўйхатга олинган ва ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлса — ҳақиқий муддатли хизматни ёки сафарбарлик чақируви заҳирасидаги хизматни ўтагунга қадар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундан озод қилингунга қадар;