АсосийJamiyat

​ШАЙҲОНТОҲУР ТУМАНИДАГИ МАҲАЛЛАДАН 9 ТОННА ЧИҚИНДИ ОЛИБ ЧИҚИЛДИ

'​ШАЙҲОНТОҲУР ТУМАНИДАГИ МАҲАЛЛАДАН 9 ТОННА ЧИҚИНДИ ОЛИБ ЧИҚИЛДИ'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий инспекцияси ходимлари томонидан Шайхонтоҳур туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Хусусан, туманнинг “Чақар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, Бешёғоч ва Ялонкор берк кўчалари ёнида, коллектор сувлари оқиб ўтувчи ариқ бўйларида аҳоли томонидан ташланган шох-шабба ва маиший чиқиндилар уюми аниқланди.

“Чақар” МФЙ қарашли ҳудудда жами 2 та ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди. Бунда 3 та махсус техника, 12 та ишчи кучидан фойдаланилиб, қарийб 9 тонна чиқинди олиб чиқиб кетилди. Коллектор сувлари оқиб ўтувчи ариқнинг қирғоқ бўйлари чиқиндилардан батамом тозаланди, бу ҳақда Давлат экология қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.

Шунингдек, юқорида кўрсатилган манзилда “Шайхонтоҳур-Махсустранс” корхонаси томонидан ўрнатилган якка тартибдаги контейнерлар ҳудуддаги аҳолининг норозиликларига сабаб бўлаётгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Бешёғоч ва Ялонкор берк кўчаларида яшовчи аҳоли ҳамда “Чақар” МФЙ фаоллари билан йиғилиш ўтказилди.

Бугунги кун талаби аҳолининг экологик маданиятини ошириш, айни чоғда, сув ҳавзаларини саноат чиқиндилари билан ифлослантираётган, атмосферага зарарли моддалар чиқараётган завод-фабрикалар, тижорат ташкилотлари, хусусий корхоналар раҳбарлари масъулиятини оширишдан иборат. Бу иш билан нафақат табиат муҳофазаси соҳасида ишлаётган мутахассислар, ходимлар, балки жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, айниқса, ёшлар фаол шуғулланишлари лозим. Айниқса, фарзандларимизга табиатни асраш лозимлигини қанча эрта тушунтирсак, шунча яхши. Оилаларда улғаяётган ҳар бир йигит-қиз табиат бу – бизнинг умумий уйимиз, эртанги келажагимиз эканини англамоғи даркор.

    Бошқа янгиликлар