Пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида “Диний экстремизмга қарши кураш – барчамизнинг бурчимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳарбий қисм хизматчилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қочоқлар рекорд ўрнатишмоқда
Таъкидланганидек, бугун терроризм, диний ақидапарастлик, фундаментализм сингари иллатлар ҳамон долзарб бўлиб турибди. Дунёнинг турли нуқталарида дин ниқобида остида турли ёвуз кучлар ўз чиркин мақсадларини амалга ошириш йўлида муросасиз кураш олиб бормоқдалар. Улар содир этаётган хунрезликлар оқибатида ҳар куни ўнлаб бегуноҳ инсонлар нобуд бўлаётир. Улар орасида норасида гўдаклар, аёллар ва кексаларнинг кўплиги ғоятда ачинарлидир.
БМТ маълумотларига кўра, 2016 йилда бутун дунёда содир этилаётган уруш ва қонли можаролар, иқтисодий ва экологик омиллар сабабли ўз юртидан бош олиб чиқишга ёхуд яшаш жойини ўзгартиришга мажбур бўлганлар сони 65 миллион кишидан ошиб кетган. Бу ҳатто Иккинчи Жаҳон уруши йилларидаги қочоқлар сонидан кўра кўпроқ.
Энг даҳшатлиси, Ислом номидан содир этилаётган бу мудҳиш жиноятлар муқаддас динимизга доғ тушириши баробарида, жаҳон миқёсида унга нисбатан салбий қарашларнинг шаклланишига сабаб бўлаётир.
Президентнинг муҳим ташаббуси
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб, жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифа эканини, муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимизнинг ушбу нутқида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан фикрларини билдиришди.
–Ушбу нутқ нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан тингланди, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масъул ходими Илҳом Маърупов. - Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Юртбошимизнинг мазкур таклифи ва ташаббуси нуфузли халқаро анжуманда иштирок этган кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан қўллаб қувватлангани алоҳида эътиборга моликдир.
Ҳарбийлар ҳам мустасно эмас
Тадбирда бундай зарарли оқимларнинг таъсиридан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоялаш хусусида ҳам алоҳида сўз юритилди. Зотан, айни пайтда тобора кучсизланиб бораётган “Ислом давлати” (ИШИД) террористик ташкилотининг кўпгина раҳбарлари ўз вақтида турли давлатларнинг ҳарбий ва сиёсий тузилмаларида ишлашган.
Жумладан бир пайтлар қўшни Тожикистон Республикасининг Ички ишлар вазирлигида масъул вазифада ишлаган полковник Гулмурод Ҳалимовнинг айнан мазкур жиноий тузилмага қўшилгани ҳам бунинг яққол далилидир. Россия Мудофаа вазирлигининг хабар қилишича, Г. Ҳалимов жорий йилнинг сентябрь ойида Суриянинг Дайр аз-зор шаҳри яқинида олиб борилган аксилтеррор операциялари чоғида йўқ қилинган.
Албатта, бугунги кунда мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ҳар тарафлама рағбатлантириш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида ҳукуматимиз томонидан барча чоралар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида ҳарбийларимиз ана шу рағбат ва ғамхўрликка жавобан юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги таъминлаш, Ватанимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Шундай бўлса-да, ҳарбийларимизнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириб, мафкуравий иммунитетини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбир самимий, қизиқарли ва ўзаро ўзаро мулоқот руҳида ўтди. Сўзга чиққанлар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.
Ўз мухбиримиз






