1

Ислом Каримовнинг Конституциянинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

ЖАМИЯТ 08.12.2013, 12:26
Ислом Каримовнинг Конституциянинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
Қадрли дўстлар!
 
         Аввало, мана шу ҳашаматли ва бетакрор бинодасиз, азизларим билан кўришганимдан хурсанд бўлганимни, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва меҳримни билдириш – мен учун катта бахт, десам, қалбимда, юрагимда бўлган гапни айтган бўламан.
 
         Бугунги тантанали мажлисимизнинг мақсад-муддаоси – ҳаётимиз қомуси бўлмиш Конституциямизнинг 21 йиллигини нишонлаш, Асосий қонунимиз белгилаб берган юксак мақсадларни амалга оширишда, юртимизда янги жамият, янги ҳаёт қуришда эришган ютуқларимиз ва олдимизда турган вазифаларни аниқлаб олишдан иборатдир.

          Ҳақиқатан ҳам, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз Ўзбекистон тарихида, узоқ, давомли мақсад ва вазифаларимизни аниқ белгилаб беришда ўзининг пухта ўйланган тамойил ва қоидалари билан ишончли ва ҳал қилувчи омил бўлди, деб таъкидлашга барча-барча асосларимиз бор.
 
         Конституциямиз негизига қўйилган талаб ва қоидаларга тўлиқ мос келадиган, дунё ҳамжамиятида “ўзбек модели” деб ном қозонган, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.
 
         Ушбу моделнинг мазмун-моҳияти машҳур беш тамойилда мужассам топгани барчамизга яхши маълум. Бу тамойиллар иқтисодиётни мафкурадан холи қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги бошқарувчилик ролини тан олиш, мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдан иборат экани билан алоҳида ажралиб туради.
 
         Шулар ҳақида гапирганда, муҳим бир масалага эътиборингизни қаратишни истардим.
 
         Демократик жараёнларни сунъий равишда тезлаштириш, шошма-шошарлик, турли инқилобий тўнтаришлар йўли қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи барча мисолларда тасдиқлаб бераётгани бугун ҳаммамизга
аён.
 
         Фақатгина биз танлаган босқичма-босқич,тадрижий ривожланиш йўли халқимиз кўзлаган эзгу ниятларга эришишга, замонавий демократик талабларга жавоб берадиган давлат, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият барпо этишга олиб келиши муқаррар. Буни ҳаётимизнинг ўзи бугун исботлаб бермоқда. 
 
         Сиёсий ислоҳотларимиз негизида турган демократик давлат қуришнинг энг асосий талаби бўлмиш ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши, улар ўртасидаги муносабатларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган тизим барпо этганимиз алоҳида эътиборга сазовордир.
 
         Иқтисодиётимизда туб демократик ва бозор ислоҳотларининг амалга оширилаётгани, хусусий мулкка кенг йўл очиб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фермерликни ривожлантириш учун қулай шароитлар, имтиёз ва преференциялар яратиш, хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилингани муҳим принципиал аҳамиятга эга бўлди.
 
         Шу борада жамиятимизни эркинлаштириш, бизнес юритиш учун ҳуқуқий ва қонунчилик базаси ҳамда зарур шароитларнинг мунтазам равишда такомиллаштириб борилгани иқтисодиётимизни изчил ва барқарор ривожлантиришда, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришда катта ўрин тутганини қайд этиш лозим.
 
         Биз мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликнинг тараққиёти, хусусий мулкнинг жадал ривожи учун ғоят қулай ва устувор шароитларни яратиб берар эканмиз, аввало, шуларнинг ҳисобидан иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини тезлаштириш, аҳолимизнинг иш билан банд бўлиши ва даромад топиши билан бир қаторда, биз учун янги бўлган, демократик ислоҳотларнинг асосий таянчи ва ҳаракатлантирувчи кучи – ўрта синфни шакллантиришни кўзда тутамиз.
 
         Ўз-ўзидан аёнки, тобора чуқурлашиб бораётган ислоҳотлар натижасида эришиладиган ўта муҳим ўзгаришлар ҳеч қачон бир кунда, кимнингдир буйруғи ёки хоҳиши ҳисобидан бўлмайди. Бунинг учун албатта вақт керак, энг асосийси– бу ислоҳотларнинг мазмуни ва мақсадларини жамиятимиз, халқимиз чуқур англаб олиши ва қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
 
         Такрор айтишга тўғри келади – фақатгина халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ҳар қандай ислоҳотларга куч беради.
 
         Жамиятимизни ислоҳ қилиш борасидаги мақсад ва вазифаларимизнинг   маъно-моҳиятини ана шундай тушунишдан келиб чиқиб баён этилган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”, “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг” деган машҳур шиорлар эл-юртимиз ўртасида кенг ёйилиб, қўллаб-қувватланаётгани бежиз эмас, албатта.
 
         Азиз юртдошлар!
 
         Бугунги кунда Конституциямиз муҳрлаб қўйган тамойилларни амалга ошириш йўлидан дадил қадамлар қўйиб бораётганимиз, давлат қурилиши, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда биз амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг жадал ўсиб, юртимиз қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни бутунлай ўзгариб бораётгани барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.
 
         Ўтган 22 йиллик мустақил тараққиётимиз давомида мамлакатимиз эришаётган натижа ва марралар ҳақидаги кўрсаткичлар юртимизда бўлаётган мислсиз ўзгаришлар тўғрисида аниқ тасаввур беради.
 
         Ана шу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар ўсди. Агарки мамлакатимиз аҳолиси айни шу  даврда қарийб 9,7 миллионга кўпайиб,    бугунги кунда 30 миллион 500 мингга яқин кишини ташкил этаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, аҳоли жон бошига нисбатан ўсиш 3 баробардан зиёдни ташкил этиши бизнинг нақадар улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганимиздан далолат беради.
 
         Жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирознинг жиддий таъсирига қарамасдан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 2008-2013 йилларда 8 фоиздан ошди, 2014 йилда эса бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил этади. Бундай ўсиш суръатларини камдан-кам давлатларда кузатиш мумкин.
 
         Ўтган давр мобайнида макроиқтисодий кўрсаткичларнинг мутаносиблиги, давлат бюджетимизнинг профицит билан, яъни ошириб бажарилиши таъминланмоқда.

          Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолининг реал ялпи    даромадлари жон бошига 8,2 баробар ошганининг ўзи халқимизнинг ҳаёт даражаси тобора ўсиб бораётганидан далолат беради. Ўзбекистоннинг ташқи давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 16 фоиздан ошмаяпти, экспорт ва олтин-валюта захираларимиз ҳажми кўпайиб бормоқда.
 
         Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётида доллар ҳисобида 162 миллиарддан ортиқ капитал маблағ ўзлаштирилган бўлиб, бунинг 56 миллиард доллардан зиёди хорижий инвестициялардир.
 
         Фақатгина 2013 йилнинг ўзида капитал инвестициялар ҳажми доллар  ҳисобида қарийб 14 миллиардни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 23 фоизни ташкил этади.
 
         Буларнинг барчаси аввало иқтисодиётимиздаги ижобий таркибий ўзгаришлар натижаси, янгитдан ишга туширилган, жаҳон бозорида талаб катта бўлган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқараётган юзлаб, минглаб замонавий корхоналар демакдир.
 
         Бу рақамлар аввало юзлаб, минглаб километр темир йўллар ва автомобиль йўллари, юз минглаб уй-жойлар қурилгани, инфратузилма объектлари бунёд этилгани, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг тубдан ўзгариб, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт сифати ошиб бораётганининг далилидир.
 
         Бугун бир фикрни ҳеч иккиланмасдан, тўла ишонч билан айтишимиз мумкин: Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, асосан пахта хомашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий саноат тармоғига эга бўлган, жадал тараққий 0этаётган мамлакатга айланди. Бунинг яққол тасдиғи – мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 1990 йилдаги 14,2 фоиз ўрнига бугунги кунда 24,3 фоизни ташкил этгани, айни пайтда қишлоқ хўжалигининг улуши эса 34 фоиздан 17 фоизга камайганидир.
 
         Биз учун мутлақо янги бўлмиш автомобилсозлик, моторсозлик ва уларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган соҳаларга, нефть ва газни қайта ишлайдиган, фармацевтика маҳсулотлари, замонавий телевизор ва компьютерлар ишлаб чиқарадиган янги-янги саноат тармоқларига асос солинди. Шунингдек, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа тармоқлар тўлиқ модернизация қилинди ва дунё бозорида рақобатдош бўлган товарлар ишлаб чиқариш бошланди ва давом этмоқда.
 
         Ўзининг аҳамияти ва моҳиятига кўра ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида гапирганда, аввало одамларимизнинг дунёқараши ва кайфияти, фикру зикри, уларнинг ҳаётга, ўз меҳнати натижасига муносабати тубдан ўзгариб, юксалиб бораётгани ҳақида тўхталмасдан ўтолмаймиз.
 
         Бугун инсоннинг ўзи ўзгармоқда, унинг гражданлик ва сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ўсмоқда. Биз коммунистик мафкура асоратларидан, боқимандалик кайфиятидан, турли сохта қолиплардан тўла халос бўлиб бормоқдамиз. Мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга, ҳаётга янгича қарайдиган, собиқ мустабид тузумга хос тушунчалардан озод бўлиб вояга етаётган, ўз фикри ва қарашларига эга бўлган навқирон ёшларимиз ҳаётга ишонч билан кириб келмоқда, жамиятимизда мустаҳкам ўрин олмоқда ва мамлакатимизнинг тараққиёти йўлида ҳал қилувчи кучга айланмоқда.
 
         Ҳаётимизда амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар аввало нимани англатади?
 
         Биринчидан. Бу амалий ишлар авваламбормамлакатимизда замонавий демократик жамият қарор топаётгани ва изчил  ривожланаётганидан, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатининг юксалиб боришига замин бўлаётган иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсаётганидан, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ортиб бораётганидан дарак беради.
 
         Энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлиги Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши учун бугунги кунда барча имкониятлар яратилди, деб айтишга тўла асос беради.
        
         Иккинчидан. Биз қўлга киритган марралармустақил ривожланишнинг ўтган даврида халқимизнинг тарихий ва миллий хусусиятларини инобатга олган ҳолда, мамлакатимиз Конституциясида белгилаб қўйилган стратегик мақсад ва вазифалар сари тадрижий, босқичма-босқич ва изчил илгарилаб бориш нақадар тўғри бўлганини тасдиқламоқда.
 
         Учинчидан. Айни вақтда биз бир ҳақиқатнияхши англаймиз: албатта, замонавий Конституцияга, унда кўрсатиб берилган мақсад-муддаоларга эришиш учун ишлаб чиқилган ажойиб Стратегияга эга бўлиш мумкин. Аммо, меҳнаткашва олижаноб халқимиз бу йўлда тоғдек таянч бўлиб турмаса, ўзингиз айтинг, азиз дўстларим, қадрдонларим, биз мана шундай юксак марраларни қўлга кирита олармидик?
 
         Фақат халқимизнинг мардлиги ва матонати, жонкуярлиги ва қатъияти, одамларимизнинг беқиёс меҳнати барчамизга ҳақли равишда фахру ифтихор бағишлайдиган улкан ютуқ ва натижаларга эришиш имконини берди.
 
         Бугун, мана шу юксак минбардан туриб, сиз, азизларнинг барчангизга, сизларнинг тимсолингизда азму шижоатли, фидойи халқимизга яна бир бор ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдириб, таъзим қилишга ижозат бергайсиз.
 
         Ҳурматли дўстлар!
 
         Ўтган даврда амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, аввало, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилмаслигимиз, реал воқеликдан узилиб қолмаслигимиз зарурлигини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз.
 
         Биз бугунги дунёда эгаллаб турган ўрнимизни холисона ва танқидий баҳолашимиз, тобора ўсиб бораётган ҳаёт талаблари билан ҳамоҳанг тарзда боришимиз, ўз истиқболимизга очиқ кўз билан қараган ҳолда қадам қўйишими ниҳоятда муҳимдир.
 
         Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2010 йилнинг ноябрь ойида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларининг қонуний ва мантиқий давоми бўлди.
 
         Мазкур Концепция, моҳият эътиборига кўра, узоқ муддатга мўлжалланган Дастур бўлиб, у бугунги глобаллашув замонида, дунё шиддат билан ўзгариб бораётган бир шароитда ўзаро узвий боғлиқ бўлган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, сўз ва ахборот эркинлигини, сайлов эркинлигини таъминлаш, сайлов тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
 
         Ўтган давр мобайнида бу йўналишларнинг ҳар бири бўйича анча ишлар бажарилди ва бажарилмоқда. Бундай ўзгаришларни барчамиз матбуотимизда ва телевидение орқали муҳокама қилинаётган лойиҳалар ва парламентимиз – Олий Мажлисимиз қабул қилаётган кўпгина қонунлар мисолида кўришимиз, кузатишимиз қийин эмас, албатта.
 
         Шу борада ўтган давр мобайнида парламентимиз фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қатор тузатишлар қабул қилганимиз эътиборга сазовор, деб ўйлайман. Қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар ва сиёсий фракцияларнинг роли кучайтирилгани ва бугунги кунда фракциялар (депутатлик гуруҳлари)нинг фикр ва таклифларини ҳисобга олмасдан туриб биронта ҳужжат қабул қилинмаслиги бу йўлда катта қадам бўлди, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди.
 
         Бугун олдимизда турган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш вазифаси ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало давлат ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини ташкил қилиш, бунинг учун ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлаш, керак бўлганда, махсус қонунларни қабул қилиш лозим.
 
         Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини чуқур муҳокама қилиш ва уларни қабул қилишни тезлаштириш энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Шулар қаторида “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги  оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлайдиган, эркин ахборот майдонини ташкил қиладиган бошқа қонунларнинг муҳокамасини тезлаштириш ва қабул қилиш даркор.
 
         Концепцияга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, жамиятни ривожлантириш ва демократлаштиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
 
         Аввало, прокуратура органларининг суд ҳокимияти устидан назорат функциялари тўлиқ бекор қилинди, прокуратура ваколатларидан суд қарорлари ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи чиқарилди. Жиноят ишини юритишда суд назоратини мустаҳкамлаш, ҳимоя ва айблов тортишувини таъминлаш тизими ва механизмларини такомиллаштиришда “Хабеас корпус” институти қўлланишини кенгайтириш бўйича қонун ҳужжатлари амалга оширилмоқда.
 
         Жиноят-процессуал қонунчиликдан суднинг жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатлари соқит қилинди, судгача иш юритиш босқичида тергов устидан суд назорати кучайтирилди. Шахсни лавозимидан четлаштириш ва тиббиёт муассасасига жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколатлари судларга берилди.
 
         Қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига кўра, тезкор-қидирув ишларини олиб боришнинг аниқ асослари белгиланди, бу жараёнда қонунчиликка риоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, маъмурий ўзбошимчаликка йўл қўймаслик бўйича реал ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
 
         Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд тизими ходимларининг ижтимоий ҳимоясини тубдан яхшилаш, шунингдек, туман ва шаҳар умумий юрисдикция судларининг фаолиятини такомиллаштириш  ва самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонларининг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, замонавий демократик талабларга жавоб берадиган суд кадрларини танлаш ва тайинлашнинг амарали тизимини яратиш борасида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
 
         Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йилнинг июнь ойида қабул қилинган “Юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университетига айлантирилди, юридик таълим тизимининг фундаментал асосларини тубдан ислоҳ қилиш ва яхшилашнинг пойдевори яратилди.
 
         Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг муҳим омилига айланмоқда.
 
         Ҳозирги пайтда мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони 6 мингдан ортди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан грантлар бўйича берилаётган маблағлар миқдори сўнгги уч йилда 2 баробар кўпайди.
 
         Нодавлат нотижорат ташкилотлари соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бандликни таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича дастурларни амалга оширишга, шунингдек, ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш жараёнига кенг жалб қилинмоқда. Концепция доирасида тайёрланаётган қонун лойиҳалари, айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бошқа қонун ҳужжатлари бўйича жамоатчилик ўртасида муҳокамалар ўтказилмоқда.
 
         Бунинг яққол тасдиғини фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятларида қарийб бир йилдан буён ўтказилаётган ҳуқуқий тажрибада кенг иштирок этаётганида кўриш мумкин.
 
         Шулар ҳақида ва амалга ошираётган ишларимизнинг давоми ҳақида гапирар эканмиз, яна бир муҳим масалага эътибор қаратишимиз лозим.
 
         Ривожланган демократияга эга бўлган давлатларнинг тажрибаси, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сиёсий ва конституцион ривожланишининг мантиқий йўли халқимиз, жамоатчилигимизнинг намояндалари бўлмиш вакиллик, депутатлик органларининг жамиятимиз ҳаётидаги роли ва аҳамиятини янада оширишни, содда қилиб айтганда, бу йўлда бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришни талаб этмоқда.
 
         Айни шу борада Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлисининг юқори палатаси – Сенат ҳамда қуйи – Қонунчилик палатасининг ролини янада кенгайтириш, фақатгина қабул қилинган қонунларнинг ижросини текшириш билан чегараланмасдан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш учун Конституциямизга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.      Шулар қаторида Вазирлар Маҳкамаси ва жойлардаги ижро ҳокимиятларининг масъулиятини ошириш, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларда уларнинг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиш ва тегишли хулосалар чиқаришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
 
         Ҳеч шубҳасиз, пухта ўйланган бундай ислоҳотларни давом эттириш биз кўзлаган, яъни “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш” тамойили – принципини амалга оширишда янги қадам бўлади.
 
         Муҳтарам ватандошлар!
 
         Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарур.
 
         Бошқача қилиб айтганда, кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш ва партиялараро рақобатни кучайтириш – биз кўзлаган демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бирига айланиши даркор.
 
         Биз бу ўринда ўз низомига ва жамият олдида турган муаммоларни ҳал қилиш борасида ўз нуқтаи назари аниқ ифода этилган ҳаракат дастурига эга бўлган сиёсий партияларни кўзда тутамиз. Сўз, аввало, ўз электоратига эга бўлган, давлат ва жамият қурилишининг асосий масалалари, мамлакатда юритилаётган ички ва ташқи сиёсат бўйича аниқ-равшан позицияси билан, сайловда мазкур партия учун овоз берадиган одамлар манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга қодирлиги билан сайловчилар ўртасида обрў қозонган партия ҳақида бормоқда.
 
         Ушбу масалаларнинг барчаси 2014 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига ўтказиладиган умумхалқ сайловлари нуқтаи назаридан алоҳида долзарб аҳамият касб этади.
 
         Юқорида айтилган фикр-мулоҳазаларни якунлаб, хулоса қилар эканмиз, Конституциямиз муқаддимасига бугун яна бир бор мурожаат қилиш ўринли бўлади, деб ўйлайман.
 
         Ушбу муқаддимада, жумладан, қуйидаги қоида баён қилинган: “Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,  республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади”.
 
         Мен бугун ушбу муҳташам залда тўпланган сиз, азизларга, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман. Биз ўтган йиллар давомида амалга оширган барча эзгу ишларимизни давом эттириб,келгусида ҳам ўз танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва Конституциямизда белгилаб берилган барча олижаноб мақсад-муддаоларимизни сўзсиз амалга оширамиз.
 
         Азиз юртдошлар!
 
         Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш ва обод қилиш   борасидаги ишларимизни янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида 2013 йилга мамлакатимизда “Обод турмуш йили” деб ном берганимиз эл-юртимиз томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.
 
         Йил давомида давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини сафарбар этиб, мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилди ва айтиш мумкинки, бу кўпгина масала ва муаммоларни ечишга катта ҳисса қўшди.
 
         Жорий йилда обод ҳаётнинг асосий шарти бўлган аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги-янги иш ўринлари яратиш, социал масалаларни ечиш борасидаги ишларимизни изчил давом эттирдик.
 
         Ўйлайманки, сизлар яхши хабардорсиз, мамлакатимизда ҳар йили давлат бюджетини қабул қилишда айни ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилади. 2013 йилда бу соҳага ажратилган маблағлар бюджетимиз   умумий харажатларининг 60 фоизини ташкил этди. Бу эса 2012 йилга    нисбатан 1 триллион сўмга кўпроқдир.
 
         Бугунги кунда одамларимизнинг ҳаёт даражаси қандай ўсиб бораётгани ҳақида гапирганда, яққол кўзга ташланадиган баъзи бир кўрсаткичларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
 
         Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яшаётган ҳар учта оиланинг биттаси шахсий енгил автомобилга эга. Юртимиздаги ҳар 100 та оилага ўртача 80 та холодильник, 146 та телевизор тўғри келмоқда. Бу эса баъзи оилаларда икки-учтадан телевизор борлигини кўрсатади. Шунингдек, аҳолининг кир ювиш машинаси, пилесос, микротўлқинли печлар, шахсий компьютер ва бошқа зарур воситалар билан таъминланиш даражаси ортиб бормоқда.
 
         Республикамизда мобиль алоқа хизматидан фойдаланувчилар сони 19 миллион нафарни ташкил этиб, ҳар бир оилага ўртача 3 та уяли телефон тўғри келмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда интернет абонентлари сони ўтган йилга нисбатан 18,3 фоизга ўсиб, ҳозирги пайтда 7 миллион 100 минг нафарни ташкил этмоқда.
 
         Албатта, бу рақамлар охирги йилларда аҳолимизнинг нафақат турмуш даражаси ошиб, аввало, ҳаётимиз сифати тобора юксалиб бораётганидан далолатдир. 
 
         2013 йилнинг ўзида қишлоқ аҳлига уй-рўзғор буюмлари сотиб олиш учун қарийб 68 миллиард сўмлик истеъмол кредитлари, ёш оилаларга уй-жой қуриш ва уларнинг шу борадаги интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 346 миллиард сўмдан ортиқ, яъни ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кўп ипотека кредитлари ажратилганини таъкидлаш зарур.
 
         Биз учун долзарб аҳамиятга эга бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш учун жорий йилда 970 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиб, уларнинг 60 фоизи қишлоқ ҳудудларида ташкил этилгани, энг муҳими, касб-ҳунар коллежларини битирган 500 мингдан зиёд йигит қизларимизни ишга жойлаштирганимизнинг ўзи энг катта ютуқларимиз қаторига киради.
 
         Яна бир устувор вазифамиз – халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва самарасини ошириш, профилактика ишларини кучайтириш бўйича бажарган ишларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
 
         Туғруқ ёшидаги 7 миллион аёл ҳамда 7 миллион 300 минг нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди, 195 минг нафар ёлғиз қариялар, ногирон ва пенсионерларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.
 
         Йил мобайнида мамлакатимиз бўйича 311 миллиард сўмлик бюджет маблағи ҳисобидан 146 та замонавий тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди. Жумладан, Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида янги даволаш корпуси ва диагностика бўлими, болалар касалликлари санаторийси барпо этилди. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида тиббиёт бирлашмаси, Сурхондарё вилоятида кўп тармоқли болалар ва катталар тиббиёт марказлари, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон ва Қўштепа туманлари тиббиёт бирлашмалари ва бошқа ўнлаб касалхоналар тубдан реконструкция қилинди.
 
         Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги Педиатрия тиббиёт институти клиникасида ҳамда Республика педиатрия ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказида янги жарроҳлик корпуслари ишга туширилди.
 
         Биргина 2013 йилнинг ўзида Республика ихтисослашган хирургия марказининг кардиохирургия мажмуаси ва бошқа шундай шифохоналарда юрак-қон томир касалликларига чалинган 4 мингдан зиёд бемор дардига даво топди. 
 
         Наманган ва Урганч шаҳарларида эса юрак клапанларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак касалликларини операция қилиш, электр кардиостимулятор имплантацияси, эхокардиография каби даволашнинг янги усуллари йўлга қўйилди. Нукус, Қарши, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Жиззах шаҳарларида эса юрак ҳолатини узлуксиз монитор қилиб бориш амалиёти кенг ўтказилмоқда.
 
         Шунингдек, Урганч, Нукус, Андижон, Самарқанд шаҳарларида лазер нури ва ультратовуш ёрдамида турли кўз касалликларини компьютер технологиялари асосида диагностика қилиш ва даволаш ишлари амалга оширилмоқда.
 
         Шу фурсатдан фойдаланиб, амалда татбиқ этилаётган диагностика ва даволашнинг мутлақо янги усул ва услубларини, энг замонавий технология ва техникани ҳаётимизга жорий этаётган, беморларимизни даволашда юксак маҳорат ва жонбозлик намойиш этаётган шифокорларимизга барча-барчамизнинг номимиздан миннатдорлик билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.
 
         Таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида анча тадбирлар амалга оширилди.
 
         2013 йилда мамлакатимизда 756 та таълим маскани, мусиқа ва санъат мактаблари, болалар спорти объектлари янгитдан қурилди, реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Замонавий компьютер синфлари, ўқув лабораториялари, устахоналар ташкил этилиб, зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
 
         Маълумки, шу йилдан эътиборан мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш дастури доирасида умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб хорижий тилларни чуқур ўрганиш йўлга қўйилди. Бу эса, албатта фарзандларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларини эгаллаши, етук ва малакали кадрлар бўлиб етишиши учун янги имкониятлар очиб бериши билан айниқса муҳимдир.
 
         Жорий йилда 300 мингга яқин бола, жумладан, Оролбўйи ҳудудидан 4 минг 500 нафар ўқувчи ҳамда кам таъминланган оилаларга мансуб 75 минг нафар боланинг ёзги оромгоҳларда имтиёзли дам олиши ташкил этилиб, уларнинг саломатлиги мустаҳкамланди.
 
         Йилдан-йилга кучайиб бораётган бундай амалий ишларимизнинг табиий маҳсули ва натижасини юртдошларимиз, авваламбор, жондан азиз фарзандларимизнинг турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларида кўришимиз мумкин. 
 
         Бу борада баъзи бир мисолларга тўхталадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида ўтказилган 47-халқаро Менделеев олимпиадасида юртимиз ўқувчилари биринчи ўринни эгаллагани ҳаммамизга мамнуният етказади.
 
         Ақл-заковат мусобақаси бўлмиш шахмат бўйича жаҳон чемпиони    унвонига  эришган 
8  яшар  Нодирбек Абдусатторовни оласизми ёки 5 яшар – эътибор  беринг,  5  яшар  –  жажжи
ўғлонимиз Исломбек Синдоровнинг Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганини оласизми, қани айтинг, азиз дўстлар, бундай ютуқлар билан фахрланмасдан, ғурурланмасдан бўладими?
 
         Мана, яқинда Польшада ўтказилган жаҳон чемпионатида яна бир моҳир спортчимиз – Руслан Нурудинов спортнинг  энг  мураккаб  тури  бўлган оғир атлетика бўйича кескин беллашувларда ғолибликни қўлга киритди. Хабарингиз бор, бу паҳлавон йигит “Ўзбекистон ифтихори” деган юксак унвон билан тақдирланди.
 
         Ватанимизнинг шону шуҳратини бутун дунёга тараннум этаётган, сафлари тобора кенгайиб бораётган бундай фарзандларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, ҳар қанча эъзозласак, арзийди, албатта.
 
             “Обод турмуш йили” деб ном олган йилда қилган катта ишларимиз қаторида янги уй-жойлар барпо этиш алоҳида ўрин тутади.
 
         Бу ҳақда гапирганда, 147 та туманда 10 мингта намунавий уй-жой барпо этилгани ва бунинг учун аҳолига 1 триллион 400 миллиард сўмлик узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар ажратилганини таъкидлаш керак.
 
         Бизнинг бу ишларимиз нафақат ён-атрофимизда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида айни шу масала бўйича, шунингдек, ноябрь ойида қуёш энергиясидан   фойдаланишга   бағишлаб Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этган дунёдаги етакчи мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари ана шундай уй-жойлар, инфратузилма объектлари билан танишиб, бу ишларга юқори баҳо берганидан хабарингиз бор, албатта.
 
         Фурсатдан фойдаланиб, бундай гўзал ва шинам уй-жойларни бунёд этаётган қурувчиларимизга, бизни бу масалада қўллаб-қувватлаб келаётган Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтларига халқимиз номидан ҳар қанча миннатдорлик билдирсак айни муддао бўлур эди.
 
         Қадрли дўстлар!
 
         Ҳозирги вақтда бутун Ўзбекистонимиз, таъбир жоиз бўлса, улкан қурилиш майдонига айланган. Хусусан, вилоятлар марказларини бош режа асосида ривожлантириш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
 
         Мисол тариқасида 2013 йилнинг ўзида биргина Урганч шаҳрида 344 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилганини айтиш ўринлидир. Ана шундай катта ҳажмдаги ишлар Қарши, Фарғона, Наманган, Нукус, Жиззах, Шаҳрисабз, Гулистон ва бошқа шаҳарларда, юртимизнинг барча вилоят ва туманларида ҳам давом эттирилмоқда.
 
         Яна бир муҳим вазифамиз – аҳолини марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласини оладиган бўлсак, жорий йилда 213 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 1 минг 850 километрга яқин сув тармоғи тортилиб, 1 миллион 370 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
 
         Шу билан бирга, Андижон, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятларида, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Қўқон шаҳарларида айни шу мақсадда 96 миллион доллар қийматидаги 8 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу эса 365 минг аҳоли учун ичимлик суви таъминотини, шунингдек, оқова сув тармоқларини  яхшилаш имконини беради.
 
         Йил давомида автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича улкан ишлар бажарилди.
 
         Ўзбек миллий автомагистралининг 530 километрлик қисмида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, қишлоқ аҳоли пунктларини боғлайдиган 890 километрдан зиёд ички йўллар ва 200 километрдан ортиқ шаҳар ва посёлка кўчалари таъмирланди.
 
         Кейинги вақтда мамлакатимизда кенг ва равон йўллар қуриш билан бир қаторда йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида ҳам кўп ишлар қилинмоқда.
 
         Азим пойтахтимиз Тошкентда ва бошқа шаҳарларимизда ўзимизда ишлаб чиқарилган, кўзни қувонтирадиган автобуслар ва енгил машиналар билан бирга, энг замонавий “Мерседес” автобуслари қатнаётганини, кўча ва майдонларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартираётган бундай манзарани кўриб, ҳар қандай одам таъсирланмасдан қолмайди, десам, муболаға бўлмайди.
 
         Шу ўринда бир рақамга алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Айни зикр этилган тадбирларнинг барчасини амалга ошириш учун ички инвестициялар билан бирга Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банкининг 3 миллиард доллардан ортиқ маблағини йўналтирганимизнинг ўзи, ўйлайманки, кўп нарсадан далолат беради.
 
         Дастур доирасида жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган маҳаллани обод қилиш вазифасидан келиб чиққан ҳолда, ўзини ўзи бошқариш тизими янада такомиллаштирилди, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтиришга катта аҳамият берилди.
 
         Аввало, ана шу мақсадда иккита муҳим қонун қабул қилинди. Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда ушбу тузилма фаолиятининг ташкилий асосларини такомиллаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича унинг ваколат ва вазифалари янада кенгайтирилди.

Хабарингиз бор, шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови давом этмоқда. Бу сайловнинг айни шу борада янги таҳрирда қабул қилинган қонун асосида ўтказилаётгани айниқса эътиборлидир.
 
         Жорий йилда маҳаллалар ҳудудида янги гузарлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар ва спорт майдончалари барпо этиш, ички йўллар ва йўлакларни таъмирлаш, кўп қаватли уйларнинг атрофини ободонлаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
 
         Азиз юртдошлар!
 
         Ҳаммамизга аёнки, обод турмушни ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлмиш муҳт?

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1