АсосийJamiyat

​САМАРҚАНДЛИК ЗИЁЛИЛАР ВА МЕҲНАТ ФАХРИЙЛАРИ БАРЧАНИ ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИДА ФАОЛЛИККА ЧАҚИРИШДИ

'​САМАРҚАНДЛИК ЗИЁЛИЛАР ВА МЕҲНАТ ФАХРИЙЛАРИ БАРЧАНИ ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИДА ФАОЛЛИККА ЧАҚИРИШДИ'ning rasmi

Самарқанд зиёлилари ва меҳнат фахрийларининг пахта йиғим-теримида зарбдор 30 кунлик эълон қилиш бўйича мурожаат билан чиқишди. Мурожаат матни вилоят ҳокимлиги сайтида эълон қилинди.

“Қадрли юртдошлар! Мамлакатимизда пахта хирмонини тақдири ҳал бўладиган палла келди. Ҳосил деҳқонлар, қишлоқ аҳли, туман марказлари ва шаҳарлардаги уюшмаган аҳоли ёрдамида териб олинмоқда. Хизмат ҳақининг ҳар куни нақд пулда берилиши, яшаш шароити яратилгани боис кўплаб юртдошларимиз онгли равишда этак боғлаб далага чиқмоқдалар. Бироқ ҳосилнинг мўл-кўллиги, қолаверса, об-ҳавонинг тез-тез ўзгариб туриши катта меҳнат эвазига етиштирилган хом ашёни тезроқ йиғиштириб олишни тақозо этмоқда. Бундай пайтда меҳнатга яроқли ҳар бир фуқаронинг пахта теримига чиқиши хирмон тақдирини ҳал қилади. Айнан шунинг учун ҳам биз вилоят аҳлига мурожаат қилишни лозим топдик. Бизда пахта тақдирини фақат деҳқон зиммасига юклаб қўйиш муносабати йўқ эмас. Тўғри, уни деҳқон экади, етиштиради ва сотади. Лекин ушбу ҳосил неъматларидан барчамиз фойдаланамиз. Устимиздаги либосдан тортиб, таомга солинадиган ёғ, чорва молларига бериладиган витаминга бой озуқа ҳам шу хом ашёдан олинади. Пахтани қайта ишловчи корхоналарда ўзимизнинг фарзандларимиз ишлайди. Пахта миллий бойлигимиз, деганда ана шу омиллар назарда тутилишини эсдан чиқармайлик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам пахта энг мақбул саноат хом ашёси ҳисобланади. Пахта ва ундан қайта ишланган маҳсулотларни сотишдан тушадиган маблағ мамлакат қишлоқ хўжалигидан келадиган ялпи валюта фондининг катта қисмини ташкил этади. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита ҳаракати билан бу борада кескин ўзгаришлар қилинмоқда. Иқтисодий муносабатларда тартиб ўрнатиш, фермер масъулиятини ошириш, пахтанинг янги, илғор навларини яратиш, машина терими салмоғини кўпайтириш, хизматга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби чоралар кўрилмоқда.”

Самарқанд вилоятида жорий йилда 85 минг 500 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилди. Шартномавий режани 85 фоиздан кўпроғи бажарилган. Аммо мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра вилоятимиз далаларида яна 60 минг тоннадан зиёд пахта ҳосили мавжуд. Унинг учдан бир қисми, яъни 20 минг тоннаси сифатли тола дегани. Бир тонна ўзбек пахта толасининг бугунги жаҳон бозоридаги ўртача нархи 1 минг 800 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Демак, далаларимизда ҳали қарийб 36 миллион АҚШ долларига тенг пахта хом ашёси ётибди. Бундан ташқари шу миқдордаги толани қайта ишлаш орқали хазинамизга 28 млрд. сўмлик ип калава ва 421 млрд. сўмлик газламадан маблағлар келиб тушиши мумкин. Шу миқдордаги ҳосилдан 5,4 минг тонна ёғ, 28,8 минг тонна чорва моллари учун озуқа-ем олинади. Бу давлатимиз бюджетига қўшимча даромад олиб келади. Натижада янги мактаблар, болалар боғчалари, йўллар қурилади.

“Ҳар биримиз ўйлаб кўрайлик, шунча бойликни ўз ҳолига ташлаб қўйиш халқ ризқини увол қилиш эмасми? Шундай масъулиятли паллада барча юкни деҳқон зиммасига ташлаб қўйиш инсофданми? Муқаддас динимизда исроф қаттиқ қораланган. Ким шунга амал қилса, неъматларни қадрласа, нест-нобуд бўлишига йўл қўймаса, Аллоҳнинг неъматларини тан олган ва У Зотга шукр қилган бўлади. Ўз навбатида, Аллоҳ таоло бундай бандага неъматларини бардавом қилади”,

дейилади мурожаатда.

Бу йилги пахта хом ашёсини етиштириш учун 345 миллиард сўмлик харажат қилиниб, шундан минерал ўғитларга 57 млрд. сўм, ёқилғи-мойлаш материалларига 55 млрд. сўм, иш ҳақига 152 млрд. сўм ҳамда агротехник тадбирлар учун 34 млрд. сўм сарфланган.

“Ушбу харажатларнинг қопланиши, ўз жойига қўйилиши ва ниҳоят, қўшимча даромад олиниши лозим. Акс ҳолда тизимдаги молиявий муаммолар кўплаб соҳаларга, ҳатто аҳолининг яшаш даражасига ҳам таъсир кўрсатади. Республика жамоатчилигининг, хусусан, ижодкор зиёлиларнинг пахта йиғим-теримида зарбдор 30 кунлик эълон қилиши, уюшмаган аҳолини бу савобли ишга даъват этиш ташаббусига биз ҳам чин дилдан қўшиламиз. Самарқанд зиёлилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, ижодкорлар, санъаткорлар бугундан эътиборан қишлоқ аҳлига ёрдамга чиқиш бўйича ташаббус билан чиқмоқдамиз. Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг вилоятимизга кўрсатаётган эътиборини кўриб турибмиз. У кишининг ташаббуси билан киритилаётган инвестиция лойиҳалари ҳаётимизнинг фаровон бўлишига хизмат қилмоқда. Бунга жавобан бизнинг бу ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз ҳам фарз, ҳам қарз, деб ҳисоблаймиз. Касби, ёши, турар жойидан қатъий назар, вилоятда яшовчи ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқаро зарбдор ойлик давомида ўзини пахтакор деб билиб, этак боғлаб далага чиқсин, оила аъзолари, таниш-билишларини ўзи билан бирга эргаштирсин. Мисол учун, агар оиладан уч киши бир кунда 10 килограммдан пахта териб берса, бу ҳам деҳқонга мадад. Сизга ўхшаган оиладан 50 таси, 100 таси чиқса-чи? Ёки 10 килограмм эмас, 30-70 килограмдан пахта терсакчи? Кўряпсизми, иштиёқ ва хафсала ҳосилни қисқа муддатда йиғиштириб олишга кўмаклашади. Қолаверса, халқимиз ҳашар деган улуғ удум орқали юрт учун зарур бўлган улуғвор ишларни ҳам уддалашган. «Ҳашар - элга ярашар” деб бежиз айтишмаган. Ҳозирги шароитда ҳузур-халоватдан воз кечиб, айрим тадбирларни тўхтатиб туриш миллатимизга хос юксак фазилат эканини унутмайлик. Шу боис, эртадан оммавий ҳашар уюштирайлик. Негаки, шу йўл билангина кўзлаган ниятимизга етамиз. Ҳурматли самарқандликлар! Ҳамма пахта йиғим-терими учун эълон қилинган зарбдор ойликка! Қалб амри билан билдирилаётган ушбу мурожаатимиз вилоят аҳли томонидан қўллаб-қувватланишига албатта, ишонамиз”

Дея Ўзбекистон Қаҳрамони Дўстмурод Абдуллаев, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Хасан Нормуродов, шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова, журналист, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Фармон Тошев, академик Диамат Абдукаримов, меҳнат фахрийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Барот Нодиров, рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нуриддин Калонов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, Ўзбекистон халқ артисти Мардон Мавлонов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Умида Жўраевалар имзо чекишган.

    Бошқа янгиликлар