1

6 мингдан зиёд фуқаро Ягона портал орқали давлат органларига мурожаат қилган

ЖАМИЯТ 30.01.2014, 18:31
6 мингдан зиёд фуқаро Ягона портал орқали давлат органларига мурожаат қилган
29 январ куни Алоқа тарихи музейида Ўзбекистон алоқа,ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти: эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумки, Ягона портал 2013 йилнинг 1 июлида ишга туширилган бўлиб, ўтган давр мобайнида [url=http://my.gov.uz/]My.gov.uz  фаолияти такомиллашиб, аҳоли учун зарур интерактив хизматлар, керакли маълумотлар жорий қилинди.

Айни вақтда Ягона порталга 300 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари уланган.

Бугунга қадар Ягона портал орқали 6 мингдан зиёд фуқаролар мурожаатлари (шикоят, таклиф ва мурожаат) давлат органларига юборилган бўлиб, улардан 4 700 (76%) тасига ваколатли давлат идоралари томонидан муносабат билдирилган. Аҳоли мурожаатларининг 1 510 (24%) таси кўриб чиқиш жараёнида. Мазкур мурожаатларнинг 660 (11%) таси юридик шахслар томонидан йўлланган. Ягона портал фойдаланувчиларига фуқаро мурожаатларига нисбатан давлат идоралари муносабатларини 5 баллик шкалада баҳолаб бориш, шунингдек, уларга изоҳ қолдириш имкони яратиб берилган бўлиб, бугунги кунга қадар фойдаланувчилар томонидан 25,9 % давлат идоралари жавоблари баҳоланган. Мурожаатларга нисбатан давлат идораларининг муносабатлари аҳоли томонидан ўртача 3,5 балл билан баҳоланган.

Мазкур 6 мингдан зиёд мурожаатларни турига кўра таҳлил қилганда, аризалар  59,4%, таклифлар 25,8%, шикоятлар эса 14,8% ни ташкил этди. Мазмуни жиҳатидан, йўлланган мурожаатларнинг аксарият қисми (1907 таси) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти, турли мавзулар (504 таси), коммунал хизматлар (375таси) билан боғлиқ.

Таҳлиллар Ягона портал фойдаланувчиларининг 80 %и мурожаатларига электрон почта орқали жавоб олишни маъқул кўришларини кўрсатмоқда.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳоли энг кўп мурожаат йўллаётган давлат идоралари тўртлигига «Ўзархив» агентлиги, ИИВ, Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлиги кирди.

Матбуот анжуманида Ягона портал ишлаб чиқувчилари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун жорий қилинган хизматлар хусусида тўхталиб ўтилди. 

Шуни қайд этиш лозимки, Ягона портал билан бир вақтнинг ўзида аҳолига Ягона портал фаолияти тўғрисида маълумот бериш, интернетдан фойдаланмайдиган аҳоли қатламига давлат органларига мурожаат йўллашларига кўмаклашувчи Маълумотлар маркази (Call-centre) ҳам ишга тушган эди. Шу кунга қадар Марказ томонидан 1000 дан зиёд аҳоли мурожаатлари қабул қилиниб, Марказ операторлари орқали аҳолининг 50 дан зиёд мурожаатлари давлат идораларига йўлланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 17 январдаги мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда рухсат бериш ва рўйхатга олиш жараёнларини электрон шаклда расмийлаштириш, коммунал, солиқ ва божхона йўналишларидаги хизматларни интерактив шаклда тақдим этишни такомиллаштириш кўзда тутилган.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида бўлиши лозим бўлган хизматлар рўйхати белгилаб олинган бўлиб, унинг фаолиятини янада ривожлантириш, аҳолига яратилган имкониятларни кенгайтириш мақсадида 2014 йилда бир қатор хизматларни ишга тушириш режалаштирилган. Хусусан, судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномани олиш, тадбиркорларга божхона юк декларацияси расмийлаштириш, давлат органи раҳбарлари қабулига ёзилиш, юридик шахсларга кўчмас мулк учун эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш, пенсия тўловлари ва бошқа бир қатор маълумотларни олиш каби онлайн хизматларни ишга туширилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1