1

ОШҚОЗОН ЯРАСИ «БОШ КЎТАРСА»

САЛОМАТЛИК 21.10.2017, 15:21
ОШҚОЗОН ЯРАСИ «БОШ КЎТАРСА»

Касалликнинг ёқимлиси бўлмайди, дейишади шифокорлар. Баҳор пайти қўзғайдиган ошқозон ярасидан ҳам яхшилик кутиш амримаҳол. Дармонсизлик, иш кўплиги туфайли стрессли ҳолатга тушиш, парҳез тутмаслик муаммони янада оғирлаштиради. Бу касалликда ўзбошимчалик қилиш ярамайди. Яхшиси, бу ишни мутахассисга ишонган маъқул. Келинг, биз ҳам бу борада шифокор-терапевт Шаҳноза Аҳмедова тавсияларига қулоқ тутиб, ошқозон ярасини қай тарзда даволаш мумкинлигини билиб оламиз.

МЕЪДАНГИЗ ТИНЧ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ...

Одатда, ошқозонда доим икки муҳит хукмрон бўлади: бири овқатни ҳазм қилувчи ошқозон шираси, иккинчиси уни таъсиридан асровчи шиллиқ модда. Лекин одам кун давомида тўғри овқатланмаса, аксарият аччиқ, ёғли, қовурма таомлар истеъмол қилса, кўп асабийлашса, билиб-билмай дори-дармонларни қабул қилса, ошқозон деворида яра ҳосил бўлиши мумкин. Ошқозон яраси наслдан ўтади. Ота-онада бу касаллик кузатилса, фарзандида ҳам ҳаёти давомида ошқозон ярасига мойиллик сақланади. Шунингдек, «хеликобактер пилори» номли касаллик чақирувчи бактерия ҳам ошқозон ярасини келтириб чиқаради. Айнан шунинг учун, ёшликдан ошқозонни яллиғланишдан асраш керак. Айниқса, касаллик ҳуружини вақтида тўхтатиш лозим.

ЯРА ҲУРУЖ ҚИЛГАНДА

Ошқозон яраси:

* мавсум ўзгарган пайтда;

* парҳез бузилганида;

* руҳий ва жисмоний зўриқишда;

* яллиғланишга қарши антибиотик ва гормонал дориларни пала-партиш қабул қилинганда ҳуруж қилади.

Бундай пайтда қуйидагиларга риоя қилиш даркор:

  • Зудлик билан шифокор чақиринг. Унинг келгунига қадар, оғриқ қолдирувчи дори-дармонлардан бирини қабул қилинг. Агар қўл остида улар бўлмаса, картошка ширасини 2 ош қошиқ миқдорида ичилади. Бунинг учун картошкани пўстидан тозалаб, майда қирғичдан чиқариб, шираси сиқиб олинади. Картошка шираси ошқозон деворини ўраб, оғриқнинг камайишига ёрдам беради.
  • Бир дона тухум сариғини яхшилаб кўпиртириб, ярим чой қошиқ сариёғ билан аралаштириб қабул қилиш ҳам ҳуружда асқотади. Айниқса, бедана тухуми бўлса, фойдали.
  • Шунингдек, чаканда мойи (облепиха) ошқозондаги оғриқни бартараф этиш хусусиятига эга. Чаканда мойини 2 чой қошиқ миқдорида ошқозонда оғриқ пайдо бўлган пайтда ичиш керак.
  • КАСАЛЛИКНИ ПАРҲЕЗ ДАВОЛАЙДИ

Касаллик ортиқ қўзғамаслиги учун овқатланишда ошқозон деворини яллиғлантирадиган маҳсулотлардан сақланган маъқул. Бу дегани эндиликда енгил ҳазм бўладиган овқатлар тановул қиласиз. Таом буғда тайёрланса, янада яхши. Нонуштага сули, гречиха ёки гуручдан тайёрланган бўтқалар ейиш фойдали. Овқатни ҳар икки соатда оз-оздан истеъмол қилиш, нон ва пишириқларни камайтириб, ўрнига буғда, сувда пишган, енгил ҳазм бўладиган суюқ таомлар истеъмол қилинади

Ошқовоқ уруғини пўсти билан майдалаб, устига қайноқ сув қуйинг. Ярим соат тингач, бир чой қошиқ асал билан бирга кун давомида чой ўрнига ичинг.

Таомланиш орасида зиғир ёки сули уруғини сутда қайнатиб, қабул қилинг. Бу ошқозон учун жуда фойдали ҳисобланади.

Толмачой пайтида наъматак, зирк ёки ўрик қоқисидан тайёрланган дамлама ёки мевали кисель ичиш керак.

Ётишдан олдин эса албатта, бир пиёла янги ивитилган қатиқ ичилади. Бу оддий кўрсатмалар касалликнинг кечишини енгиллаштиради, аммо асосийси, асабийлашмасдан соғлом турмуш тарзига риоя қилиш кераклигини унутманг. Вақтида овқатланиш, вақтида дам олиш ва парҳез ёрдамида бу касалликни, албатта, енгишингизга ишонамиз.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1