Ёш ўтгани сари инсон ўз вазни ва қондаги қанд миқдорини назорат қилмаса, қандли диабетнинг II тури юзага келиш хавфи ортиб боради.
Буғдой маҳсулотлари: қора нон, сули ёрмаси ва кепакли ундан қилинган хамир маҳсулотлари секин ҳазм бўлувчилар сирасига киради. Улар истеъмол қилингач, қондаги қанд миқдори унчалик кўп кўтарилмайди. Қондаги қанд миқдори ўртача бўлиши учун кунига 200 гр. сули ёрмаси (овсянка) ёки 100 гр. дуккакли маҳсулотлар истеъмол қилиш зарур. Нонуштага сули ёрмаси тановул қилинг, оқ нон ўрнига эса кепакли ундан тайёрланган нон енг. Макарон маҳсулотлари харид қилганда унинг таркибида кепакли ун борлигига аҳамият беринг.
Долчин (корица): тадқиқотларнинг кўрсатишича, долчин қондаги қанд ва ёғ миқдорини туширади. Соғлом бўлиш учун эса кунига ярим чой қошиқ долчин тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Долчинни сули ёрмаси билан бирга ёки мевалар билан бирга, шунингдек, қаҳва ёки какаога қўшиб истеъмол қилиш мумкин.
Сирка ва лимон шарбати: таомларингизга лимон шарбати қўшишни одат қилинг. Салатларга эса сирка, лимон шарбати, зайтун ёғи аралашмаси қўшинг. Бундай салат қондаги қанд миқдорини пасайтиради.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.