1

ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ, КЎЗ ЧИҚАРМАНГ! КОСМЕТИК МУОЛАЖАЛАРНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАҚИДА

СУҒДИЁНА 23.10.2017, 17:14
Теглар: Гўзаллик
ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ, КЎЗ ЧИҚАРМАНГ! КОСМЕТИК МУОЛАЖАЛАРНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАҚИДА

Гўзаллик қурбонлик талаб қилади дейишади. Эътироз йўқ, ҳақ гап. Аммо гўзаллик эвазига гўзалликни, ундан ҳам қимматроғи, соғликни бой беришга ким рози? Ҳеч ким рози бўлмаса керак. Бугунги кунда косметологик муолажалар – пилинг, қаришга қарши муолажалар (ботокс уколлари) кўп қўлланиладиган бўлиб қолди. Аммо баъзида энг одатий муолажа ҳам кутилмаган нохуш натижага олиб келиши мумкин. Замонавий косметологик муолажаларга мурожаат этар экансиз, аввал етарлича маълумот билан қуролланинг ва эҳтиёт чораларини кўринг.

1. Пилинг

Пилинг терининг энг устки, яъни эскирган қатламини механик ёки кимёвий усул билан туширишдир. Қаттиқлашиб қолган тери қатламини олиб ташлаш юз териси ҳужайраларининг қайта юзага келиши (регенерация)ни яхшилайди. Аммо бу ўринда меъёрни унутмаслик лозим. Кўп такрорланса, пилинг эритема деган тери касаллигини чақириши мумкин. Бунда тери қизариб, яллағланиб кетади. Яна бир камчилиги – терининг нурга таъсирчанлиги ошади. Шунинг учун, ҳатто, қиш кунлари қуёш кам даврда қилинганда ҳам доғлар пайдо бўлиш хавфи мавжуд.

Нима қилмаслик керак: пилингни йилда бир-икки мартадан кўп такрорламаслик, муолажадан сўнг терига қуёш нурлари туширмаслик, офтобда юрмаслик.

Нима қилиш керак: Пилингдан кейинги енгил қичишиш ва ачишишни қизил лойдан қилинган, таркибида алоэ, зайтун ёғи, мойчечак бўлган ниқоб бартараф этади. Албатта, бу аралашмани косметологингизнинг ўзи тайёрлаб бергани маъқул, ундан бу ҳақда сўранг. Шунингдек, ҳаво булут бўлса ҳам нурдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланинг.

2. Мезотерапия

Мезотерапия махсус моддалардан қилинган аралашмани кичкина, ингика игналар ёрдамида тери остига (0,5 мм дан 6 мм гача чуқурликка) юборишдир. Мезотерапия ёрдамида тери учун зарур витаминлар, нуклеин кислоталар ва аминокислоталар, минераллар терининг ўрта қатламига етказилади. Бу ерга кремлар таркибидаги моддалар етиб келмайди. Охирги ўн йилларда бу муолажа косметологик салонларда кўп қўлланилаяпти. Мезотерапия терини яшартирувчи, жонлантирувчи ва унга жило берувчи усул деб қаралади. Лекин шифокорлар бу муолажанинг соғлиққа зарарсизлиги борасида ягона тўхтамга келганларича йўқ. Агар мезотерапия нотўғри амалга оширилса, игналар ёрдамида инсон организмига инфекциялар тушириш мумкин. Шунингдек, томирлар ёрилиши, жароҳатланиши ҳам кузатилади. Натижада юзда майда қон томирчаларидан юлдузчалар ва гематомалар пайдо бўлади.

Нима қилмаслик керак: дуч келган салонда мезотерапия қилдирмаслик.

Нима қилиш керак: амалиётдан сўнг антисептика қоидаларига риоя қилиш, игналар кирган жойларни мутахассис тавсиясига кўра махсус воситалар билан микробларга ва яллиғланишга қарши ишлов бериш.

3. Эпиляция

Ортиқча тукларни йўқотишнинг самарали усулларидан бири биоэпиляциядир. Бу анча нохуш ва оғриқли муолажа бўлса ҳам, самараси яхшилиги учун кўпчилик мурожаат қилади: биоэпиляциядан кейин узоқ вақт (3–4 ҳафта) туклар ўсмайди, такрорлаб турилса, бора-бора туклар сийраклашиб, ингичкалашади. Лекин салбий оқибатлари ҳам бор: иссиқ мум (воск) ишлатилганда, туклар ичга ўсиши ёки фолликулалар яллиғланиши мумкин. Агар бу эътиборсиз қолдирилса, яллиғланган фолликула ўрнида пигмент доғлар пайдо бўла бошлайди.

Нима қилмаслик керак: эпиляциядан сўнг 24 соатгача ўша жойга сув текизмаслик, турли атир ва дезодорантлардан фойдаланмаслик лозим.

Нима қилиш керак: муолажадан сўнг иложи борича кенгроқ кийим кийиш, туклар ичга ўсмаслиги учун махсус кремлардан фойдаланиш. Шунингдек, туклар ичга ўсишига қарши скраблар ҳам яхши ёрдам беради. Ўлик тери қатламини шилиб тушириб, толаларнинг тери ичига қараб ўсишининг олдини олади. Қизариб, қичишиб турган терини тинчлантириш учун зайтун мойидан фойдаланиш мумкин.

4. Юз массажи

Бу муолажа юздаги ортиқча ёғларни кеткизиш, ажинларни ёзиш ва юз контурини текислаш учун қилинади ва асосан ёш катталашганда, қаришга қарши амалга ошириладиган муолажалар турига киради. Агар нотўғри амалга оширилса, купероз, яъни қон томирларида қон айланишининг бузилиши ва юзда қизил доғлар пайдо бўлиши билан кечадиган касалликка олиб келиши мумкин. Шунингдек, юз механик жароҳатланиши, кўкариб қолиши, гематомалар юзага келиш ҳоллари ҳам кузатилади.

Нима қилмаслик керак: массажни дуч келган одамга ишониб топширмаслик, уқалаш пайти юзага келадиган ўткир оғриқларга индамай чидаб турмаслик, асосийси, меъёрни унутмаслик, муолажага йилда бир курс (10 кунлик)дан ортиқ мурожаат қилмаслик.

Нима қилиш керак: мутахассис танлашга масъулият билан ёндашиш, муолажа пайти юзага келадиган оғриқ ҳақида гаплашиш. Борди-ю, массаждан кутилмаган нохуш асоратлар юзага келса таркибида Р ва С витаминлари кўп бўлган махсус кремлар ва бошқа воситалардан мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда фойдаланиш.

5. Солярий

Бизнинг ҳудудда бу муолажа унчалик оммалашмаган, чунки серқуёш ўкамизда табиий қуёш нарлари кўп. Аммо бир текис ва ўзи истаган даражада тобланишни истаган айрим аёллар сўнгги йилларда тобланган тери урфга киргани учунми, ё шунчаки қизиқиш ортиданми солярий (тузхона)ларга мурожаат қилишади. Лекин сунъий тобланишга ружу қўйиш жуда хавфли. Жаҳоннинг етакчи дерматологлари огоҳлантиришади: «Ультрабинафша нурлари ва электромагнит тўлқинлари терининг тез қаришига олиб келади. Иммунитетни тушириб, тери саратони юзага келиш хавфини оширади».

Нима қилмаслик керак: иложи борича солярийга бормаслик.

Нима қилиш керак: солярийга борганда меъёрни унутмаслик, муолажадан сўнг терига махсус воситалар билан ишлов бериш.

6. Сочларни кимёвий жингалаклаш ва силлиқлаш

Сочи жингалаклар силлиқлашни, силлиқлар жингалаклашни яхши кўришади. Бу ҳақиқатни исталган аёллар сартароши тасдиқлаши мумкин. Аслида кимёвий силлиқлаш ҳам, жингалаклаш ҳам сочнинг тузилишига таъсир ўтказади. Уларнинг энг кўп учрайдиган нохуш оқибати – аллергик реакция. Ундан сўнг соч заифлашиши, синиши ва тўкилиши туради. Бу муолажа жараёнида сочларга нафақат кимёвий, балки термик, яъни юқори ҳарорат остида таъсир кўрсатилади. Натижада соч учининг «гуллаш»и кузатилади.

Нима қилмаслик керак: иложи бўлса, кимёвий усулга мурожаат қилмаслик.

Нима қилиш керак: кимёвий ишловдан сўнг сочларни алоҳида парваришлаш, махсус воситалардан фойдаланиш лозим. Меъёрни билиб, йилда 1 марта қилдириш мумкин.

7. Татуаж

Бу муолажа орқали юздаги у ёки бу аъзога (қош, кўз, лаб) махсус игна ва бўёқлар ёрдамида бўрттирилганлик, ранг бериш мумкин. Аслида, татуаж инфекцион касалликларни юқтиришнинг энг енгил йўли. Бундан ташқари вақт ўтиши билан илк кунлардаги самара хиралашади. Муолажадан сўнг аллергик реакция, қизариш ва қичишиш ҳоллари юзага келиши мумкин.

Нима қилмаслик керак: имкон қадар бу муолажани амалга оширмаслик, мурожаат қилинса, татудан сўнг ортиқча бўёқларни сочиқ билан артмаслик, ўзи табиий йўл билан кетишини кутиш, устида ва атрофида пайдо бўлган ярачаларни қўл билан шилиб олмаслик.

Нима қилиш лозим: татуажчи ишини тугатгач ўша жойга қўйилган боғламни камида 5 соатгача ечмаслик, тату қилинган жойга қўл тегизмаслик, юзни ювишда махсус дезинфекцияловчи совун билан аввал қўлларга яхшилаб ишлов бериш, сўнг юзни ювиш, татуаж устига вақти-вақти билан болалар кремини суртиб туриш.

ШАҲИНА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

"Гўзалликнинг келиб чиқиши" лойиҳаси инсон гўзаллиги ҳар хил бўлиши мумкинлигини кўрсатди(фото)

03.12.2020, 19:22

Инсониятнинг этник хилма-хиллигини ўрганиш учун "Гўзалликнинг келиб чиқиши" номли лойиҳа ташкил этилди. Миллатлар гўзалликлари ўртасидаги тафовутни намоён этиш учун турли мамлакат вакиллари суратга туширилмоқда.Лойиҳада 18 ёшдан...
ШОКОЛАДЛИ НИҚОБ

25.12.2017, 11:33

Шоколадни майдаланг, 5 ош қошиқ шоколадга, ярим стакан асал қўшиб, 4 ош қошиқ туз солинг. Уқаловчи ҳаракатлар билан бу ниқобни терингизга пастдан юқорига қарата суртиб...
ЦЕЛЛЮЛИТГА ҚАРШИ ВОСИТА

25.12.2017, 11:01

Цитрус меваси (лимон, апельсин, мандарин) пўстлоғи шарбатини сиқиб олиб, бир тюбик болалар креми билан аралаштиринг. Ҳамда муаммоли, яъни тананинг целлюлитли қисмларига суртиб, яхшилаб уқаланг. Бу...
«ОЗМОҚЧИМАН. ЛЕКИН ШИРИНЛИКСИЗ ЯШАЙ ОЛМАЙМАН!»

23.12.2017, 18:28

Бир бўлаккина шоколад ейишга қарор қиласизу ҳаммасини паққос тушургандан кейин хушингизни йиғиб оласизми? Нафақат шўрваларни, балки ош, ва ҳатто мантини ҳам нонсиз тановул қила олмайсизми?...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1