Ҳар биримиз фарзандимизнинг зийрак бўлишини истаймиз. Кичкинтойларимизнинг синчковлигини ошириш учун китоблар ўқиймиз, фильмлар кўрсатамиз, ибратли ҳикояларни айтиб берамиз. Лекин ҳамма болалар ҳам бирдек ҳушёр бўла олмайди. Баъзида ҳатто мактабдаги ўқитувчилардан ота-оналар «Фарзандингизга бирор нима бўлган? Ҳеч ҳам фикрини жамлай олмайди, доим ҳаёли тарқоқ. Дарс давомида деразага термулиб ўтиради ёки расм чизади», деган гапларни ҳам эшитишади. Бу вазиятни қандай қилиб тўғирлаш мумкин?
Синчковликни оширувчи омиллар
Зийраклик, бу нарсаларга ва воқеа-ҳодисаларга диққатни қаратишдир. Одатда қариндошларимизнинг янги туғилган чақалоқни бешиги тепасида туриб, «Зийраклигини кўр буни, диққат билан қараяпти» деган мақтовларини кўп бора эшитганмиз. Аслида эса чақалоқнинг нигоҳини синчков деб бўлмайди, чунки у бир жойга узоқ қараб туролмайди. Зийракликда диққатни жамлаб туриш билан бирга қизиқишни сўндирмасдан, янги ахборотни кўп ҳажмда қабул қилиш ҳам муҳим саналади.
Кичик ёшдаги болаларнинг диққатини жамлай олиши унинг соғлиғи ва ҳиссиётларига ҳам боғлиқ. Қорни оғриб турган гўдак ҳеч қачон эртакни охиригача эшитолмайди. Ёки бола хархаша қилаётганида қўғирчоқ театрида бир неча дақиқадан ортиқ ўтиролмайди. Агар фарзандингиз сиз истаётгандек зийрак бўлишини хоҳласангиз, биринчи навбатда унинг соғлигини назоратга олинг. Кейин боланинг диққатини оширишда бошқа омилларни ишга солсангиз бўлади.
Янгилик. Содир бўлаётган ҳодиса ёки маълумотнинг янгилиги боланинг эътиборини тезда жалб қилади. Масалан, агар сиз ҳайвонлар ҳақидаги янги китобни фарзандингизга кўрсатмокчи бўлсангиз, унда боланинг диққатини тортадиган ёрқин расмлар бўлиши керак.
Хабардорлик. Биринчи пунктнинг акси. Илгариги билимларини тўлдирувчи, мустаҳкамловчи маълумот. Фарзандингизнинг бир эртакни қайта-қайта эшитгиси келиши, бир мультфильмни такрор кўриши бунга мисол бўлади.
Қизиқиш. Ҳар бир янги маълумот боланинг қизиқишларига мос бўлгани маъқул. Агар қизингиз спектакльни диққат билан кўришини истасангиз, унда маликалар, шаҳзодалар албатта иштирок этиши керак. Ўғлингизнинг эътиборини тортиш учун эса машиналар, кемалар, самолётлар ҳақидаги нарсаларни кўрсатинг.
Хатар даражаси. Агар болани дўконда қиммат китобни қўлига олгани учун уришиб берилса, бу китобга бўлган қизиқишни сўндиради. Баъзида эса хавф-хатар аксинча таъсир кўрсатади. Масалан, спектакльда бўри қўзичоқга ташланаётганини кўрган бола йиртқич ҳайвонни диққат билан кузата бошлайди.
Боланинг билим даражасига маълумотнинг тўғри келиши. Ўрганилаётган объект болага тушунарли бўлиши керак. Уни ўрганиши учун кўп куч сарфламаслиги лозим. 3 яшар фарзандингизга инглиз тилини ўргатаётган бўлсангиз, янги сўзларнинг кўплиги боланинг диққатини сўндиради.
Боланинг ўзига хос ҳусусиятларини инобатга олиш. Фарзандингизнинг феъл-атворини, одатларини, хоҳиш-истакларини назардан қочирманг. Бола эшитиш орқали маълумотни кўп олса, у эртакни жон деб эшитади, лекин экрандаги мультфильм иккинчи даражада қолади.
Сабаб. Сир эмаски, совғалар ва рағбатлантириш ўқишга ёрдам беради. Бола бирон нимани диққат билан кузатгани учун мукофот олишини билса, у янада эътиборини кучайтиради. Лекин ота-оналар бу борада меъёрни билишлари зарур.
Ҳодисанинг ёрқинлиги. Агар цирк аренасида фил баланд овоз чиқараётган бўлса, фарзандингиз шубҳасиз бунга эътибор беради. Лекин декорацияси ва костюмлари кўримсиз спектакль боланинг чалғишига сабаб бўлиши мумкин.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.