«Актрисалик мен орзу қилган касб эмас. Подиумга чиқиш, модель бўлишни истардим аслида», дейди у. Кичик Анушка телевизор қаршисида ўтирганида турли реклама ва клипларда суратга тушган моделлардан кўзини узмасди. У албатта бир кун келиб, мана шундай модел бўлишга қарор қилганди...
Маълумот
Ҳиндистоннинг Бангалоре шаҳрида 1988 йилда 1 майида дунёга келган актриса ҳарбийлар мактабини тугаллаган. У ҳамон ота-онасининг эрка қизи, шу сабаблими, ҳалигача овқат пиширишни билмайди.
Подиумга қадам
15 ёшли ўсмир Анушка таниқли стилист Прасад Бидапа билан танишади. Стилист ҳар бир ишда Анушкага ёрдам бера бошлайди. У бир йил давомида Ҳиндистон мода оламини ҳайратда қолдириб, чет элда таниқли бўлган дизайнер Wendell Rodricks Баҳор-Ёз коллециясининг юзига айланади.
Илк роли
Илк ролини режиссёр Адитья Чопра «Тангри яратган жуфтлик» фильмида ижро этган. «Бу ролда суратга тушишни истовчиларнинг сони 100 дан ортиқ эди. Кастинг вақтида аввалига ҳаяжондан бирор нарса дея олмай қолдим. Бироз муддатдан сўнггина гапира бошлаганимда эса бу фильмни менга тақдирнинг туҳфаси эканлигини ҳис қилдим», дейди актриса. Ҳақиқатан ҳам фильм томошабинлар эътиборини қозониб, кўплаб мақтовларга сазовор бўлади. Анушканинг илк роли унга машҳукрлик келтиради. Бундай бахт ҳамма актрисага ҳам насиб қилавермаган. «Бу фильмда суратга тушишим учун мотоцикл ҳайдашим керак эди. Умримда мотоцикл ҳайдамаганман. Аммо буни бир кунда ўрганишни уддаладим. Фақат фильмда мотоциклни жуда ҳам секин ҳайдадим. Чунки орқамда ўтирган Шоҳрух Хондай актёрнинг ҳаётига зомин бўлишни истамасдим», дейди кулиб актриса. Актриса учта фильмда суратга тушгач, Ҳиндистоннинг таниқли актрисалари рўйхатидан жой олади. Анушкани сўзсиз омадли, дейиш мумкин. Бошқалар танилиш учун йиллаб меҳнат қилишса, у мувафаққият чўққисини осонликча забт қилади. «Бу чўққига эришиш мендан машаққат ва меҳнатни талаб қилган, албатта», дейди актриса.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.