Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 857-сонли “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.
Низом талабларига кўра, микрокредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.
Қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача йиллик 4 фоиз ставкада ажратиладиган микрокредитлар билан кам таъминланганлар тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (кичик-иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш) мақсадларини амалга оширишлари мумкин.
ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: мамлакатимизда бугунги кунда амалда бўлган энг кам иш ҳақи 149 775 сўмни ташкил этади.
Мазкур Низомда назарда тутилган мақсадлар учун микрокредит олиш учун сўралган ариза; шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш мақсадлари учун микрокредит сўралтан ҳолларда қарз олувчида томорқа участкаси мавжудлиги кўрсатилган ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотнома; микрокредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат талаб этилади.
Банкка мол-мулк гарови; тижорат банки ёки суғурта компанияси кафолати; учинчи шахс кафиллиги; қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти ҳисобланади.
Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда хисобварагидан унинг тулов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.Қарз олувчи микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни накд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварагидан пул ўтказиб бериш йўли билан тўлаши мумкин.