Узоқ кутилган 9 ой ўтди ҳам. Аммо кичкинтойингиз ҳануз сизни ҳурсанд қилишга шошмаяптими. Ҳомиладорликнинг 40-41 ҳафтасидан кейин ҳар бир кун ойдек чўзилиши айни ҳақиқат. Бу даврда онадан талаб қилинагани тинчланиш, аммо қандай? Бир томондан «ҳалиям туғмадингизми?» қабилидаги саволлардан ноқулай бўлсангиз, шифокорларнинг йўлдош «қариётгани» ҳақидаги гаплари буткул хавотирга солади. Хўш, бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак. Тинчланиб туғруқни кутишда давом этишми ёки шифокорларнинг тўлғоқ дардини чақириб олишига кўнишми?! Ушбу саволларга шифокор-гинеколог Муяссар НАЗИРОВА жавоб беради.
МУДДАТДАН ЎТИБ КЕТЯПМАНМИ?
Меъёрдаги ҳомиладорлик охирги ҳайзнинг биринчи кунидан 40 ҳафта ёки ҳомиладор бўлган пайтдан 38 ҳафта ўтадиган даврни ўз ичига олади. Яна бу кўрсаткичга 1-2 ҳафта қўшамиз ёки аксинча айирамиз. Кўпчилик аёллар ҳайзнинг охирги кунини яхши эслолмаслиги боис кейинчалик ҳомиладорликнинг айнан қайси ҳафтасида экани жумбоққа айланади. УТТ текшируви эса баъзан бир ҳафтага кўпроқ кўрсатиши мумкин. Агар ҳайз оралиғи 28 кундан ошса, ҳомиладорликнинг 40 ҳафталик муддатдан ошиши меъёрий ҳолат ҳисобланади. Лекин ҳайзи ҳар 25-28 кунда (бир ойга етмасдан) келадиган аёллар одатда, 36 ҳафтадаёқ туғади.
Агар ҳомиладорликнинг боши кучли токсикоз, аёлнинг грипп ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриши, асабийлик, беҳоллик, қон босимининг кекскин кўтарилиб кетиши каби муаммолар билан кечса, ҳомиладорлик анча чўзилиб, аёл 40 ҳафтадан кейин туғиши мумкин. Лекин бу дегани бола она қорнида муддатидан ортиқ қолиб кетди, дегани эмас. Ҳомила эрта босқичда онадаги муаммолар туфайли ўзига ололмаган қувватни шу 1-2 ҳафтада олади.
Бундан ташқари, наслда кеч туғадиганлар бўлса, бу авлодга ўтиши мумкин. Шу ўринда руҳий таъсирнинг ҳам ўрни бор. Мисол учун, аёл эри сафардан келишига туғаман, деб хаёл қилса, организми шу шароитга мослашади.
ТУҒДИРИБ ОЛИНАДИ, ҚАЧОНКИ...
- УТТда қоғаноқ сувларнинг камайиши маълум бўлса. Бу ҳолат туғруқ жараёнини сустлаштиради;
- Бачадон бўйинчасининг етилмаганлиги – ҳомиладорлик муддатидан аниқ ўтиб кетаёганидан дарак беради;
- Боланинг юрак уриши секинлашса;
- Бола калла суягининг қаттиқлашиб қолгани;
- Қоғаноқ сувларида шилимшиқ суртма модда йўқлиги бола терисининг қуруқлашганидан дарак беради.
- Йўлдошнинг қариганлиги – УТТ текширувида аниқ кўриниб, ўсаётган бола эҳтиёжларини йўлдош қондира олмаётганидан дарак беради.
- Қоғаноқ сувларининг хиралашиши болага кислород етишмаётганини билдиради. Агар мазкур ҳолатлар текширув пайтида аниқланса, шифокор аёл ва унинг яқинларига туғдириб олиш муҳимлигини айтади.
НЕГА ШУНДАЙ БЎЛАДИ?
Бу аёлнинг асаб тизимига боғлиқ. Бола иммунитетининг етук эмаслиги ҳам ушбу муаммога сабаб бўлиши мумкин. Агар она ҳомиладорлик даврида яхши овқатланмаса, таомномасида фойдали маҳсулотлар, дармондорилар қатнашмаса, ушбу давр асабийлик, оғир меҳнат ёки аксинча ланжлик, камҳаракатлик шароитида кечса, туғруқ юзага келавермайди. Ахир она ҳам у туғмоқчи бўлган бола ҳам инерт (ланж, беҳол) шароитга мослашиб бўлди. Дармондорилардан С, Р, Е, В ларнинг етишмаслиги, буқоқ касали, семизлик, абортлар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар ҳам сабабчи бўлишини унутманг.
ОНАНИНГ ЎЗИГА ҲАМ БОҒЛИҚ
Кўпчилик аёллар ҳомиладорликнинг илк босқичида бола тушиб қолмаслиги учун ўзини аяшга тушади. Бу ҳомиладорликда кор келса-да, туғуруқнинг юз беришига тўсқинлик қилади. Шунинг учун шифокор ҳомиладорлик муддатидан ўтиб кетаётгани ҳақида УТТ белгиларига қараб хулоса чиқарса, узоқ пиёда юриш, гимнатиска машқлари, сузиш, зинадан кўтарилиб-тушиш кабилардан фойдаланинг. Лекин оғир юк кўтарманг.
Биласизми?
Ҳомиладорлигидан завқ олаётган фаол аёлда туғруқнинг чўзилиб кетиши каби ҳолат кузатилмайди. Кўпинча турмуш ўртоғи билан зиддиятларга бораётган аёлларда ҳомиладорлик даври узайиб кетиши мумкин. Бунинг психологик сабаби бор. Аёл туғруқдан қўрқиб, керакли қувватни, ишончни эридан олмоқчи бўлади. Бундай пайтда иккингизнинг дилдан суҳбатлашишингиз муаммони ҳал қилади. Аёл тинчланиб, туғишга тайёр бўлади.
КИЧИК ТЕСТ
Аёл уй шроитида туғруққа тайёрлигини аниқлаши мумкин. Бунинг учун қуйидагиларни бажариши керак:
1.Ўзингизга қулай шароитда ётинг ёки ўтиринг. Ёнингизга соатни қўйинг. Кўкрак учларини бир дақиқада 5-6 маратагача 3 дақиқа давомида енгил уқаланг. Бачадон қисқаришини сезиш учун, иккинчи қўлингизни қоринга қўйинг.
2.Агар илк уч дақиқада бачадон қисқара бошласа, ҳаммаси жойида – туғруқ яқинлашган.
3.Агар бачадон қисқаришларини сезмасангиз, муддатидан ўтиб кетаётганнинг хавфи бор.
Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси