Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайси ҳудудга бормасин, албатта, соғлиқни сақлаш тизимидаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларида бўлиб, тизимни янада такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар бермоқда. Зеро, таъкидланганидек, халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни, хусусан, бирламчи тиббий-санитарияга бўлган эҳтиёжни қондириш зарур. Шу мақсадда мамлакатимиз Президентининг “ Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Жорий йилнинг 18 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам бирламчи тизим фаолиятига алоҳида урғу берилди. Хусусан, врач фаолиятини самарали ташкил қилиш ва қабулга масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон тизимни босқичма-босқич жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, бирламчи тизимни такомиллаштириш бўйича Президент қарори ва давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросига доирасида Бухоро вилоятидаги 11 та бирламчи тиббиёт муассасаси “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимига уланди.
«УЗМЕДИНФО» электрон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилган ушбу тизимга Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда Бухоро шаҳридаги 10 та оилавий поликлиника уланган.
— Бугун замонавий тиббиёт электрон навбат тизимига ўтмоқда ва бу тажриба мамлакатимизда ҳам ўзини оқлаётир, — дейди «УЗМЕДИНФО» электрон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш маркази директори Дилшод УСМОНОВ. — Шу мақсадда Бухоро шаҳридаги поликлиникаларда ҳам шифокор қабулига электрон ёзилиш тизими жорий этилди. Ушбу тизимнинг қулайлиги шундаки, бунда бемор ва шифокор вақти тежалади, иш самарадорлиги ортиб, режали фаолият ташкил этилади. Айниқса, ушбу қулайлик ёш болали оналар, ҳомиладор аёллар учун катта қулайлик бўлди.
Айни вақтда ушбу тажрибани мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникаларга татбиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.






