Олов бор, сув, тупроқ ва ҳаво бор. Яна шуларнинг барини ўзида жамлаган Милла Йовович ҳам бор. Унинг латофати Ричард Линк, Спайк Ли, Люк Бессон каби режиссёрлар эътиборини тортган. Ҳатто Бессон уни экранда Жанна Д’Аркка, ҳаётда эса мадам Бессонга айлантирди. Аммо шундай юксак мақомда ҳам у Парижни оёқяланг сайр қилишни қўймасди. Ҳа, шундай ажойиб, ғайриоддий ва гўзалдир бу Милла.
Болалик: Украинадан Америкагача
Нозик, эҳтиросли ва ҳимоясиз – ҳақиқий француз аёли. Миллани илк бор кўрганлар шундай хаёлга боришарди. Аммо бу самимийлик, жўшқинлик ва нафосат уйғунлиги Киевда – югославиялик шифокор ва россиялик машҳур актриса оиласида дунёга келганди. Бу воқеа 1975 йилнинг 19 декабрида содир бўлган. Соҳибжамол актриса Галина Логинова ва болалар шифокори Богдан Йовович қизлари туғилгач яна беш йил собиқ иттифоқда яшашди. Аммо актриса Логиновани негадир режиссёрлар унутиб қўйишди. Битта отанинг топгани эса рўзғор тебратишга етмасди. Шу сабабли улар аввал Лондонга кетишди. У ерда бор-йўғи етти ой яшагач, Лос-Анжелесга кўчиб ўтишди. Галина Логинова ўз истеъдоди билан Ҳолливудни зумда забт этаман деб ўйлаганди. Аммо тил билмаслиги сабаб ўзига мос бирон иш топа олмади ва бир уйда фаррош бўлиб ишлай бошлади. Богдан Йовович ҳам ҳадеганда муваффақиятга эришавермади. Бу эса оилавий муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келди. Бир неча йил шу аҳволда яшагач, Милланинг ота-онаси ажрашиб кетишди. Шундан кейин она ўз орзуларининг рўёбини қизида кўрмоқчи бўлди ва уни актёрлик курсига берди.
Исён
«Совет жосуси, совет жосуси!!!» Йиғидан кўзлари қизариб уйига қайтаётган саккиз яшар қизалоқнинг қулоқларида синфдошларининг масҳаралаб айтган шу сўзлари жарангларди. Уни негадир мактабда ёмон кўришарди. Бу ўша пайтда тобора авж олиб бораётган “совуқ уруш”нинг таъсири эканини қизалоқ тушунмасди. Лекин табиатига хос жўшқинлик уни тушкунликка тушишга қўймасди. Аксинча, қизалоқ буларнинг барига қарши исён қила бошлади. Ёш Милланинг устидан шикоят қилиб мактабга онасини кўп бора чақиришган. Кўчадаги нечта синган пешойна учун ҳақ тўлангани, қанча кўкарган кўзлар учун узр сўрагани онанинг ёлғиз ўзига маълум. Милла тарбияси жуда муаммоли бола эди.
Тўққиз ёшида қизининг тўлиб-тошиб бораётган қувватини фойдали ўзанга буриш илинжида онаси уни Калифорниядаги актёрлик курсларига олиб борди, фортепиано, рақс тўгаракларига ҳам ёздирди. Туну кун тинмай ишлашга тўғри келса ҳам, буларнинг бари учун тўлашга маблағ топа олди. Фақат қизи муваффақиятга эришса бўлди эди.
Ўн бир ёшли модель
Муваффақият эса кутилмаганда жуда эрта келди. Тўққиз ёшидаёқ киносиновларга қатнай бошлаган Миллани ўн бирга кирганида фотографлар кўриб қолишди. Баланд бўйли, нозик, нафис юзли бу қизда бўлажак моделни кўрган профессионаллар бирин-кетин уни суратга олиш таклифини бера бошлашди. Шу йили Милла иккита журнал билан шартнома имзолади ва ўн бир ёшли қизалоқ «Lei» номли француз ҳамда «The Face» номли инглиз журналлари муқовасида чиқди. Бу рекорд эди, шу пайтгача ҳеч ким ўн бир яшар қизалоқни модель сифатида муқовага чиқармаганди. Бу жамоатчилик орасида катта шов-шувларга сабаб бўлди. Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вояга етмаганларнинг суратларини катталарга аталган журналлар муқовасида чиқаришга қарши кампания бошлади. Бу шов-шувлар, мақолалар, ток-шоуларнинг бари Милланинг машҳурлигини оширди. Милла яна бир нечта шартномаларни имзолади ва ўн уч ёшга етмай ҳисобида миллион доллари бор моделга айланди.
Милла камера орти мамлакатида
Ўн уч ёшида илк бор кинода «Катмандуга кечки поезд» картинасида роль ўйнади. Шундан кейин унинг кинокарьераси ҳам муваффақиятли ривожлана бошлади. Ўн олти ёшида ўзининг фильмдаги партнёри Шон Эндрюсга турмушга чиқди. Аммо болаларча масъулиятсизлик билан қурилган бу оила узоққа бормади. Милланинг онаси ушбу никоҳдан хабар топиши биланоқ қизини ажратиб олди. Шон Эндрюс эса вояга етмаган қиз билан алоқаси учун панжара ортига кетишига оз қолди. «Рус оналари шунақа, бир дақиқа бўлсин назоратни сусайтирмайдилар. – дейди Милланинг ўзи бу воқеани эслаб. – Аммо онам ўшанда тўғри қилган экан. Агар оилавий ҳаётим давом этиб, бола ҳолимда фарзанд кўрганимда эди, балки ҳозирги чўққиларни забт этолмасдим».
Милла яхши қўшиқ айтарди. Ажрашувдан сўнг у мусиқа билан шуғуллана бошлади. Унга рок услуби яқин эди. Аммо оғир гитарани кўтариб, йиртиқ шимларни кийиб саҳнага чиққанида ва афтини рок мусиқачиларники сингари буриштириб куйлаганида ҳам у жозибали эди.
Уни Европадаги кинорежиссёрлар ҳам пайқашди. Улар орасида энг ёрқини машҳур Люк Бессон эди. Бессон Миллани шов-шувли «Бешинчи унсур» фильмида суратга олди. Иш жараёнида актриса ва режиссёр орасида муҳаббат пайдо бўлди. Кўпчилик бу режиссёрнинг навбатдаги эрмаги бўлса керак деб тахмин қилганди. Аммо «Бешинчи унсур»нинг Канн фестивалидаги тақдимотига актриса дунёга энг машҳур режиссёр билан қўлтиқлашиб кириб келганда ҳамманинг оғзи очилиб қолди. Чунки Жан Поль Готье тиккан замонавий кўйлак, мағрур кўтарилган бош ва... оёқяланлиги билан Милла ҳамманинг оғзини очиб қўйди. Орадан кўп ўтмай эса мисс Йовович мадам Бессонга айланди. Бу оилавий ҳаёт икки йил давом этди. 1999 йили Люк Бессон Миллани «Жанна д’Арк» фильмида суратга олди. Жараён якунланиши билан оила ҳам барбод бўлди. «Муҳаббат худбин бўлганда, биргаликдаги ҳаёт муттасил урушга айланиб қолади. Баъзида ажрашиш яхшироқдир» – деганда Милла ота-онасининг ҳаётини назарда тутадими ёки ўзинингми – билиш қийин. Балки иккиси ҳамдир.
Қайсар қизнинг қуйилиши
Милла Йовович иштирокидаги «Зулм макони” («Обитель зла») фильми оламшумул шуҳратга эришди. 2002 йилда экранларга чиққан ушбу фильм молиявий жиҳатдан жуда муваффақиятли бўлди. Режиссёр Пол Андерсон фильмнинг иккинчи, учинчи... хуллас, бешинчи қисмигача суратга олди. Барчасида Милла Йовович эзгулик аскари ролини ижро этди. У фильмдаги аксар мураккаб трюкларни ўзи ижро этди. Ушбу фильм сиквеллари суратга олинган сўнгги ўн йил Милла ҳаётида туб бурилишлар даври бўлди. Аввало у режиссёр Пол Андерсон билан севишиб оила қурди. 2007 ва 2009 йилларда Милла Эва Габо ва Дашиэл Иден номли икки қизалоқнинг онаси бўлди. Буларнинг бари актрисанинг ҳаётга муносабатини ўзгартирди. Анчайин бетартиб ҳаёт кечириб юрган аёл бирданига меҳрибон онага айланди. Оналик уни янада гўзаллаштириб юборди.
Айни кунларда у актриса, қўшиқчи ва модель сифатидаги фаолиятини давом эттирмоқда. Милла рус, инглиз ва француз тилларида эркин гаплаша олади.
ШАҲИНА тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси