«Ҳаёт зар қоғозга ўроғлиқ конфетга ўхшайди, то уни тотиб кўрмагунингча ичида нима борлигини билмайсан...» Машҳур фильм «Форрест Гамп» қаҳрамони тилидан айтилган бу жумла аслида унинг дил сўзлари. Дунёга машҳур актёр, икки бора «Оскар» мукофоти совриндори Том ХЭНКС ҳаёти ҳам зар қоғозга ўроғлик. Юраги тубидаги ҳақиқатлари эса кишини ўйга толдиради.
Кўнгли ярим болакай
— Биз оилада уч фарзанд эдик. Ота-онам тўртинчи боласи дунёга келишидан олдин ажрашишди. Мен отам билан қолдим. 16 йил давомида уч она, тўрт ўгай отани кўрдим, 5 мактабда ўқидим, 10 та уйда яшадим. Булар шунчаки рақамлар эмас. Улар остида менинг бахтиқаро болалигим ётибди. Муқим оилам бўлмаган. Демак, тарбия ҳам кўрмаганман. Энг беғубор даврим отамнинг эски фургонида ўтган. Қўлимда сингилчамни ушлаб, ойнадан куз манзарасини кузатиб ўтирадим. Совуқ этимни жунжиктирарди ва ич-ичимдан такрорлардим: ҳеч қачон ёлғиз қолмайман. Мени доим тушунишади ва севишади.
Бир гал яна янги мактабга борганимда санъат тўгарига ёзилганман. 12 ёшимда актёр бўлиш истаги уйғонди кўнглимда. Аммо дадамга бу ҳақда айтганимда, у «Сен масҳхарабозлик билан қорин тўйдириш мумкин деб ўйласанми? Шунчалар аҳмоқмисан, яхшироқ соҳани танлай олмайсан?» деганди. Наҳотки у киши мени ҳеч қачон тушунмаган?
Ёшликдаги хато
— Саманта билан Калифорния университетининг драма санъати факультетига ўқишга қабул қилингач, танишиб қолганман. У йигирма, мен йигирма икки ёш эдим. Энди ўйлаб қарасам, ўша пайтдаги туйғулар севгидан ҳам кўпроқ ҳавасга ўхшаркан. Турмуш қурдик, ижара уйда яшай бошладик. Мен театрда ишлашдан ташқари тўғри келган юмушларни ҳам қилиб кетардим. Ўғлим туғилгач эса пулдан янаям қийналиб қолдик. Турмушимизнинг илк йиллари қашшоқликда ўтган. Доим чиройли оилам, кўк майсалар экилган боғча ўртасида оппоқ рангдаги уйим бўлишини орзу қилардим. Аммо рўзғор орзуларни ўз домига тортиб кетганди. Кейин қизимиз туғилди. Салкам тўқиз йил бирга яшадик. Саманта менинг қиёфамда яхши ота ва масъулиятли эрни кўра олмади. Қўлим қисқалиги уни бездирди. Тан оламан, омадсиз ва масъулиятсиз эдим. Охири Саманта болаларни олиб, мени ташлаб кетди. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўғлим қўнғироқ қилиб, «Дада, сиз менга кераксиз! Уйга вазифамни бажара олмаяпман», деди. Энди гапира бошлагандим, Саманта гўшакни тортиб олди-да, «Болаларни тинч қўй! Уларга сенинг ҳеч қандай ёрдаминг керак эмас», деди! Ўшанда жуда ёмон аҳволга тушганман. Демак, мен ёлғиз яшашга маҳкум эканман-да, деб ўйлаганман. Ишга бориб келардим. Уйга келсам, зимистон ютиб юборай дерди. Ичимдаги овоз эса юрагимни тилкаларди. «Мен ҳеч кимга керак эмасман!» Бора-бора бу ҳолат ўзгарди. Санъатда ўз ўрнимни топа бошладим. Менга ҳам омад кулиб боқди. Саманта ҳам болаларни тез-тез ёнимга жўнатиб турадиган бўлди. Бир куни, ҳатто, менга қўнғироқ қилди. Шифокор унга саратон хасталиги ташхисини қўйган экан. Ҳаётининг охирги йилларида у ҳам хатоларимизни тушуниб етди, шекилли...
«Идеалимдаги АЁЛ»
— Бир қарашда муҳаббат борлигига ишонаман! Ҳа, мен Ритани бир кўришдаёқ севиб қолганман. Биз фильм кастинггида танишиб қолганмиз. Биласизми, инсон ҳеч нарсага ишонмай қўйса ҳам, барча нарсани инкор қилса ҳам, тақдир унга охирги имкониятни бераркан. Ритани кўрганимда у менинг бу ҳаётдаги сўнгги имконим эканлигини тушунганман. Бу имконни қўлдан чиқаришга эса ҳаққим йўқ эди. У ҳаётимга кириб келгач, ҳаммаси ўзгарди. Қувонч, романтика, муҳаббат, болаликдаги орзуларнинг ушалиши. Бир куни унга кўнглимни ёрдим. «Мен отамнинг хатосини такрорлашдан қўрқаман. Ҳаётим, оилам бутун бўлишини истайман», дедим. У эса «сени тушунаман», дея қўлларимдан тутди. «Мен омадлиман, ва биламанки, идеалимдаги аёл бор, у қаршимда...» дея дил изҳори қилдим. Шу билан биз оила қурдик. То ҳозиргача биз бир-биримизнинг жиғимизга тегишни яхши кўрамиз. «Кимнинг муҳаббати кучли?» дея тортишамиз. Ўзимга яраша одатларим ҳам бор. Масалан, эрталаб аёлимга хайрли кун тилаб, хатча ёзаман-да, уни қаҳва қайнатадиган мослама ёки телефон гўшаги ёнига қўйиб кетаман. Энг қувонарлиси, у шу ёзишмаларнинг барчасини йиғиб, асраб қўйибди! Бу жуда ёқимли ҳиссиётлар, унинг борлигини, севгисини ҳис қилиш, сўз билан таърифлаб бўлмайди!
«Қаҳрамон ота бўлишни истайман!»
— Болалигимда ўзимга-ўзим сўз берганман: менда ҳаммаси бошқача бўлади! Фарзандларим яхши яшасин деб, тинимсиз меҳнат қилиб келаяпман. Уларнинг орзу-истакларини амалга ошириш учун ҳамма нарсага тайёрман! Бир пайтлари яхтам ёки самолётим бўлиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмасди. Болаларимнинг бугун эса имкониятлари кенг. Катта ўғлим Колин мендан кўра кучлироқ актёр. Чунки у пул учун тўғри келган ролни ўйнамаяпти, иқтидорини бекорга сарфламаяпти. У менга боболик бахтини туҳфа этди. Невара қизларим борлиги кўнглимни тоғдек кўтаради. Тўғри, аввалига Колин ҳам, қизим ҳам иккинчи оиламни қабул қилишга қийналди. Вақт ўтиб, улар мени кечиришди ва муҳими, тушунишди. Самантанинг вафотидан кейин қизим ҳам мен билан яшаяпти. Укалари билан муносабати яхши.
Иккинчи ўғлим дунёга келганда ёшликдаги хатоларимни такрорламасликка ҳаракат қилдим. Эътиборимни оиламга қаратдим. Кўплаб таклифларни рад этдим. Бир йил мобайнида фақат биттагина картинада суратга тушдим.
Доим ўзимга бир саволни бераман: Мен болаларимга ўрнак бўлаяпманми? Кино оламида юлдуздирман, аммо ота сифатида улар учун қаҳрамонманми? Ҳа, дея жавоб беролмайман-у, аммо ҳаракат қилаяпман. Уларни эшитишни ёқтираман. Кўпроқ савол бераман. Тергаш эмас, болаларнинг истаклари билан қизиқиш керак экан. «Нима истаяпсан?» «Хоҳишинг нима?» Шу йўл билан муамоларни ҳал қиламиз. Умуман олганда, оила кучли муҳаббат ва тинимсиз меҳнат талаб қиларкан. Бахтли оила барпо қилиш кинода суратга тушишдан анчайин қийин экан.
Санъат учун қурбон бўлган соғлик
— Менга шифокорлар 2-турдаги қандли диабет ташхисини қўйди. Бу касалликнинг сабабларидан бири вазнининг тез-тез ўзгариши экан. Мен эса «Уларнинг шахсий мулки» фильми учун 1992 йилда 13 килога семирдим, 2000 йил яна бир фильм учун 22 килодан кўпроқ оздим. 36 ёшимдан буён қонимда қанд миқдори ошгани ҳақида огоҳлантирганди мутахассислар. Бироқ бундан ташвишга тушмагандим. Шифокор менга «Мактабдаги вазнингга қайтсанг, касалликнинг олди олинади», деганди. Ахир бу мумкин эмас-ку! У пайтлари 50 кило эдим, ҳозир 85 киломан! Тўғри, энди қаттиқ семириб ёки озиш талаб этиладиган ролларни рад қиламан. Саломатлигим учунгина парҳез тутишим мумкин. Аёлим менинг парваришимга қаттиқ киришган.
Қўша қариш истаги
— Мен ер юзидаги 80 фоиз инсонларнинг яхшилигига ишонаман. Қолгани ёлғончи ва мутаҳҳамлардир. Демак, яхшилар атрофимизда экан, яхши яшашимиз керак. Яна биласизми, фаришталар бор! Масалан, менинг рафиқам фаришта, фақат қанотлари йўқ. Мен уни севаман! Аёлим билан узоқ йиллар оилам даврасида бахтли ҳаёт кечиришни истайман!
У ҳақда:
Том Хэнкс — актёр, сценарийнавис, режиссёр, продюссер, бастакор. Икки бора «Оскар» мукофотини қўлга киритган.
1956 йил, 9 июль куни Калифорния штатида туғилган.
3 ўғил, бир қизнинг отаси. Тўнғич ўғли Колин Хэнкс истеъдодли актёр. 2 нафар невараси бор.
Шоира ШАГИАҲМЕДОВА тайёрлади.
Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси