АсосийSUG'DIYONA

НИКОЛАС КЕЙЖ – ХАЁЛПАРАСТ, РОМАНТИК ВА ЖАСУР ҚАҲРАМОН

'НИКОЛАС КЕЙЖ – ХАЁЛПАРАСТ, РОМАНТИК ВА ЖАСУР ҚАҲРАМОН 'ning rasmi

Николас Кейж ҳақида шунчаки журналист сифатида ёза олмайман. Нима қилай, жуда яхши кўраман-да, бу актёрни. Мухлис сифатида ёзишим мумкин. Аммо бу қуйида у ҳақида келтириладиган таърифларнинг кийматини оз бўлса-да туширмайди. Чунки бу актёр оламшумул эътирофга номдор қариндошлари ёки пуллари туфайли эмас, ЎЗИ эришган. Ҳурмат қиламан! Марҳамат, танишинг ва ҳайратланинг: «Оскар» соҳиби Николас Кейж жаноблари!!!

«Мен нега актёр бўлдим?»

– Бизнинг артистлар сулоламизда отам Огаст худди оқ қарғадек ажралиб турарди. У филолог профессор. Бобом Кармине Коппола Италиядан Америкага келиб, таниқли мусиқачига айланди, у Тоскани оркестрида ишларди. Бобом машҳурлик ва давлатга эришиб, оилани қашшоқлик ботқоғиғидан тортиб олди. Отам китоб жинниси эди, ёшлигидан тинмай китоб ўқиган, адабиётга қизиққан. Унинг укаси Фрэнсис эса оила анъаналарига содиқ қолган ҳолда санъатни танлади – кинорежиссёр бўлди. Онам, жуда чиройли аёл, раққоса Жой Фогельзанг асл келиб чиқиши немис бўлиб, юмшоқ қилиб айтганда, бироз хаёлпарастроқ эди, ўзи билан ўзи гаплашиб юриши, бора-бора нутқини ҳеч ким тушунмай қолиши мумкин эди. У кўп вақтини руҳий касалликлар шифохонасида ўтказарди. Биз оилада 3 ўғил эдик. Бир куни ота-онам жанжаллашиб қолишди, онам жаҳл устида отамга: «Николо (яъни мен) сенинг ўғлинг эмас!» деб юборди. Отамнинг томирларидаги итальян қони жўш уриб, доим ҳам эси ўзида бўлавермайдиган онамнинг гапидан жаҳли чиқди ва... Акаларимни қариндошлар ўз қарамоғига олишди, мени эса ўзи отам билан қолдим. Онам докторлар қўлига топширилди. Биз Лос-Анжелесдан Сан-Францискога кетдик. Отам университетда маъруза ўқир, бўш вақтини мен билан ўтказишга ҳаракат қилар, ўзини олдимда айбдор ҳисоблар, шу сабабли «ёлғиз ота» вазифасини яхши адо этишга жон-жаҳди билан киришганди. Биз у билан кутубхоналарга, музейларга борардик, киноларга тушардик. Айнан ўша пайтда менда актёр бўлиш нияти туғилган. Лекин отамнинг бўш вақти кўп бўлмасди. Шу сабабли таътил кунларини мен Фрэнсис амакимникида ўтказардим. Унинг Роман ва София исмли фарзандлари бор эди. Улар мени ўз оила аъзоларидек кўришарди. Аммо мен ўша пайтдаёқ «Чўқинтирган ота» киноэпопеясининг режиссёри бўлган амаким Фрэнсис фон Коппола ва оддий университет профессори отам орасида ижтимоий ва моддий жиҳатдан катта фарқ борлигини ҳис қилганман.

«Илк актёрлик тажрибам»

– Онамни жуда соғинардим. Шу сабабли кўп вақтимни ёлғиз ўтказардим, отамнинг кутубхонасидан чиқмай китоб ўқирдим. Хуллас, одамови, хаёлпараст бола эдим. Тенгдошларим учун эса нишонга айлангандим. Масхаралаш, пулларимни олиб қўйиш, устимдан кулиш, ур-йиқитлар – ҳаммаси бўлган. Аммо айнан шу ҳолат туфайли илк бора роль ўйнадим. Мени юқори синфдаги бир бола кўп масхара қиларди. Бир куни мактаб автобусида ҳамманинг олдида устимдан кулди. Жуда алам қилиб кетди. У пайтда акаларим билан қайта топишиб, бирга яшаётгандик. Катта акамнинг хонасига кириб, кийимларини кийиб олдим, қора кўзойнагини қўндирдим-у, ўша мени хафа қилган боланинг олдига бориб, овозимни дўриллатиб дедим: «Мен Ник Копполанинг акасиман, агар яна бир марта укамни хафа қилсанг, сени ернинг тагидан бўлсаям топаман-да, дабдалангни чиқараман». Пўписа ўз кучини кўрсатди, мени болалар тинч қўйишди. Ўшанда образга кириш, роль ўйнаш нималигини ҳис қилдим. Бу менинг сценарийсиз, режиссёрсиз ҳаёт саҳнасида ўйнаган илк ролим эди.

«Нега фамилиямни ўзгартирдим?»

– Очиғи, менга машҳур режиссёрнинг жияни деб қарашларини ёқтирмасдим. Мен Копполалар қаторидаги актёрлардан бири бўлишни истамадим, ЎЗИМ бўлиб ишлагим келди. Кўп ўйладим, охири Кейж фамилиясини танладим. Кўпчилик нега инглиз тилида «қафас» маъносини англатувчи бу сўзни тахаллус сифатида олганимдан ҳайрон бўлди. Ёшлигимдан комиксларга жуда қизиқардим. Кейж мен ёқтирган комикс қаҳрамони эди, шу холос.

Элвис Пресли ва бошқалар

– Ёшлигимда муҳаббат нима деб сўрасалар, муҳаббат – бу олов деб жавоб берган бўлардим. Чунки ўзим ҳам олов эдим. Мени кассабоп фильмларда кўп ўйнайди дейишади. Аслида, мен жуда кўп суратга тушаман. Кассабоп фильмларда пул учун эмас, у ердаги шиддатли роллар ёққани сабаб ўйнашни яхши кўраман. Ёшлигимдан мотоциклни учириб ҳайдаш, баланд томдан сакраш мен учун одатий ҳол эди. Хатарли вазиятларни ёқтирардим, хавф-хатар менга тинчлантирувчи доридек таъсир қилар, кайфиятимни кўтарарди. Ҳаётда ҳам, муҳаббатда ҳам ана шундай хавфли трюкларни севиб яшадим ва яшамоқдаман. Илк муҳаббатим Патрисия Аркетт исмли танноз қиз эди. Ўша пайтлари бу инжиқ маликанинг кўнглини олиш бош мақсадга айланиб қолганди. У олдимга қанчалик қийин вазифаларни қўйса, унга интилишим шунчалик ошарди. Масалан, у қўлимни сўраганингда қора орхидея совға қилмасанг, розилик бермайман деди. Табиатда қора орхидея бўлмайди. Аммо мен қора орхидея топдим, аниқроғи махсус бўёқ топиб оқ орхидеяни бўядим. Севгилим машҳур ёзувчи Жером Сэллинжернинг дастхатини сўради. Мен Сэллинжерни топиб, дастхатини олишга муваффақ бўлдим (буни қандай амалга оширганимни айтиб ўтирмайман, тарихи узоқ). Хуллас, мен зерикарли ҳаётда яшай олмасдим. Аммо шунча қаҳрамонликларимга қарамай Аркетт билан биргаликдаги ҳаётимиз узоққа бормади. Бу муҳаббатдан катта ўғлим Уэстон дунёга келди.

Мен ёшлигимдан рок-н-ролл қироли Элвис Преслининг фанати эдим. Унинг ягона қизи Лиза Мария Пресли билан учрашиб, уни севиб қолдим. Ўша пайтда у Майкл Жексон билан ажрашган эди. Биз бирга ажойиб режалар туздик. Элвиснинг Грейсленд деган қасридан нусха олиб қаср қурмоқчи бўлдик. Аммо таниш-билишлар бизни бу телба ғоядан айнитишди ва энди ўйлаб қарасам, тўғри қилишган экан. Чунки Грейслендда истаган пайтимиз меҳмон бўлишимиз мумкин эди. Бундай вазиятда яна битта шундай уйни қуришдан нима маъно? Аммо кумиримнинг қизи билан ҳам оиламиз ўхшамади. Иккимизни Элвисга муҳаббатдан бошқа нарса боғлаб турмасди. 108 кунда бу оила ҳам битди.

Шундан кейин агар севадиган ва уйланадиган бўлсам, қиз умуман санъатга алоқадор бўлмаслиги керак деб ният қилдим. Ниятим холис экан. Ёшим 40 га етганда суши барда оддий официант бўлиб ишлайдиган 20 яшар Элис Ким билан танишдим. Єиз ўзининг оддийлиги, самимийлиги билан юрагимдан жой олди. Ҳозир оила қурганимизга 9 йил бўлди, ўғлимиз бор. Элис менга ўхшаб хавойи романтик эмас. У ерда юради, менинг ҳаётимни тартибга солиб, режалаб боради. Мен ҳамма сафарларимга уни олиб юраман.

Холис фикр

Биз актёрнинг шахсини очишга ҳаракат қилдик, унинг актёрлик жиҳатларига эса фильмларини кўриб баҳо бериш мумкин. Масалан, «60 сонияда машина ўғирлаш», «Музлаган ер», «Хавфли товламачилик» ва ҳоказо. Бирда қаллоб, бирда жасур, бирда ҳақгўй бўлиб у томошабиннинг қалбини ўғирлайди. Николас фаришта эмас. Унинг муаммолари кўп. Жаҳондаги энг кўп гонорар оладиган 5 актёрдан бири бўлган, йилига 6–8 та фильмга суратга тушадиган Кейжнинг солиқдан 6 миллион қарзи борлиги ҳаммани ҳайратга солди. Аммо актёр ҳақиқий романтик каби пулни мақсад эмас, восита деб яшайди. Ҳисобни-ку яхши билади, аммо бирон раритет журнал нашри, қадимий қаср ёки ноёб машинани кўрганда ўзини тўхтата олмайди. Ёшлигида уйсиз ўсгани таъсирими, кўплаб уйлар сотиб олган. Улар орасида рицарлар саройи ҳам, арвоҳлар яшайдиган қаср ҳам, замонавий виллалар ҳам бор. Охирги пайтларда қарзлардан қутулиш учун ўша уйларни арзон баҳога сотиб юборганидан одамлар ачинишди, аммо Николас Кейжнинг ўзи эмас. У бош омон бўлса, дўппи топилади дейдиганлардан. Ҳамон тинмай меҳнат қилиб, уммондек мовий кўзлари билан аёлларнинг қалбига чўғ солиб юрган Николас 2014 йилда бобо бўлишга ҳам улгурди: катта ўғли ўғил фарзандлик бўлди!

Бу биз билган ва билмаган зиддиятларга бой романтик Николас Кейж!

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар