1

МУДДАТДАН АВВАЛ СУВ КЕТСА...

СУҒДИЁНА 01.11.2017, 17:25
Теглар: Соғ бўлинг
МУДДАТДАН АВВАЛ СУВ КЕТСА...

Туғруқдан аввал қоғаноқ сувининг кетииши хавфли эмасми? Бунинг сабаби нимада?

Маъмура, Тошкент шаҳри

Фарзанд туғилиши инсон ҳаётидаги энг катта мўъжиза ҳисобланади. Икки дона митти ҳужайрадан 9 ой ичида тўлақонли ривожланган, ўзига хос феъл-атвор эгаси дунёга келади. Табиат бунинг учун барча шароитларни ҳозирлаб қўйган – йўлдош ҳомилани озиқ моддалар билан таъминлайди, қоғаноқ суви эса уни кўплаб таъсирлардан ҳимоялайди. Туғруқнинг енгил ўтиши кўп жиҳатдан қоғаноқ сувига боғлиқ. Ҳар нарсанинг меъёри, муддати бўлганидек, қоғаноқ суви ҳам ўз вақтида организмдан чиқиб кетиши керак. Акс ҳолда, аёл кўпгина нохуш ҳолатларга дуч келади. Бу ҳақда шифокор-гинеколог Дилдора БЎРИБЕКОВА маълумот беради.

«ОБИ-ҲАЁТ»

Шифокорлар қоғаноқ сувини ҳомиланинг оби-ҳаёти деб атайдилар. Ўйлаб қаралса, ҳақиқатан ҳам шундай, ахир ривожланишининг илк дамларидан бошлаб, ҳомилани худди шу сув боқади, яйраб ўсишини таъминлайди. Қоғаноқ суви она қонининг суюқ қисми – плазмадан ташкил топган. Ҳомила улар билан озиқланади ва худди шу сувларга чиқит моддаларни ҳам ажратади. Табиатнинг зукколигини қаранг: бола учун ушбу сувли муҳит доим тоза бўлиши учун, қоғаноқ сувлар ҳар уч соатда янгиланиб туради. Ҳомила ўсган сайин бу сувларнинг миқдори ҳам ошади. Мисол учун, 10 ҳафталик ҳомилада қоғаноқ сувларнинг миқдори атиги 30 мл бўлиши мумкин. Ҳомиладорликнинг охирида эса улар 1-1,5 литрни ташкил этади.

ТУҒРУҚ УЧУН МУҲИМ

Ҳомиланинг олдидаги сув бачадон найчасига босим ўтказиб, унинг очилишига ёрдам беради. Ҳомила пуфаги ёрилиши билан қоғаноқ суви туғруқ йўлларини ювиб, боланинг осон ўтишини таъминлайди. Ҳомила ортидаги қолган сув эса ҳатто туғруқ жараёнида болани ҳимоялаб туради.

ҲАР НАРСАДА МЕЪЁР ЗАРУР

Баъзан УТТ текширувида аёлга қоғаноқ сувларининг кўплиги ёки аксинча камлиги ҳақида хабар берилади. Бунда ҳомила қимирлаганида она қорин пастида оғриқ сезади.

Қоғаноқ сувининг камлиги онанинг юқумли касаллик билан оғриш асорати ҳисобланади ва вирус-бактерияларнинг ҳомилага ўтиши хавфи юзага келади. Бу ҳомила ривожланишидаги нуқсонлардан ҳам дарак бериши мумкин. Қоғаноқ сувининг кескин камайиши ҳомила учун жуда хавфли – бунда ўткир кислород етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Бундан ташқари, қоғаноқ суви кам бўлса, туғруқ анча суст кечиб, шифокор кесарча кесиш йўлига мурожаат қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Баъзан акси кузатилади – текширувда қоғаноқ сувларнинг 1,5 литрдан кўплиги аниқланади. Бу ҳам онанинг ҳомиладорлик даврида кўп шамоллаши, онанинг қони боланики билан тўғри келмаслиги сабабли ҳамда эгизак ҳомилада юз бериши мумкин. Сув кўплигидан бола ҳаддан зиёд кўп ҳаракатда бўлиб, киндик ўрамига ўралиб қолади. Қоғаноқ суви кўп бўлса, у муддатдан аввал кетиши мумкин. Натижада, муддатдан аввал йўлдош кўчиши, туғруқ бошланиши кузатилади. Шунинг учун, УТТ пайтида бу ташҳисни эшитгандан кейин шифокор кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш шарт.

ҚАЧОН ТЕКШИРИЛАДИ?

Асли, баҳони ультратовуш текшируви беради. Аммо онанинг қони боланики билан тўғри келмаганда (резус-фактор)да, айрим туғма нуқсонлар ҳақида гап кетганда амниоскопия номли текширув ўтказилади. Бу она ва ҳомила учун мутлақо безарар текширув бўлиб, унинг натижаларига қараб, туғруқ тезлаштирилади ёки аксинча керакли даво чоралари ёрдамида ҳомиладорликнинг ўз даврига етказиб борилади.

БУ ХАВФЛИ!

Меъёрда бу ҳолат бачадон 6 см.дан ортиқ очилганда рўй бериши керак. Лекин баъзан қоғаноқ сувлари анча эрта кетиши мумкин. Бу ҳомила тушиш хавфи бўлган, қинда шамоллаши кузатилган аёлларда, ҳомила нотўғри жойлашганда, қоғаноқ сувлар меъёрдан кўп ёки кам бўлганида рўй бериши мумкин. Ҳар қандай ҳолатларда ҳам аёл соғлигидаги ўзгаришларни зудлик билан даволовчи шифокорига айтиши шарт. Ахир қоғаноқ сувининг тўкилиши ва туғруқ ораси 3, узоғи билан 6 соатдан ошмаслиги керак. Боланинг сувсизланиб қолиши, турли инфекцияларга сабаб бўлиб, унинг нобуд бўлишига олиб келиши ҳеч гапмас.

Қоғаноқ суви ҳомиладорликнинг эрта босқичида кетса, боланинг ўпкаси ривожланмай туғилади. Сувнинг эрта кетииши шу билан хавфли. Борди-ю, ҳомиладорлик 36 ҳафтага етган бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Сувнинг кетиши ортидан туғруқ ҳам бошланиб кетади.

биласизми:

Баъзи аёллар туғруқдан аввал шифокор ҳомила пуфагини тешганида хавотирга тушади. Бачадон найчаси аллақачон очилган лекин ҳомила пуфаги қалин ва ясси тузилган бўлгани сабабли қоғаноқ сувлар ёрилолмаганида аёлга ёрдам тариқасида амалга оширилади.

Агар сизда кутилмаганда қоғаноқ сувларнинг оқиб кетиш юз берса, вақтни ўтказмай, шифокорга кўриниш шарт. Доим қўйиб юрадиган тагликнинг намланишига ҳам эътибор беринг. Баъзан қоғаноқ сувлар томчилаб тўкилиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда ўз-ўзига ташҳис қўйгандан кўра, текширувдан ўтиб, вазиятни аниқлаган маъқул. Унутманг, қоғаноқ суви туғилажак фарзандингизни асраш учун хизмат қилади. Аҳволингиздаги ҳар қандай арзимас ўзгаришни баҳолаш учун зудлик билан шифокор кўригидан ўтинг. Нохуш ҳолатларни олдини олиш учун эса ўз вақтида УТТ текширувидан ўтиш, ТОРЧ-инфекция ва қон таҳлилларини топшириш талаб этилади.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Шарҳлар

БЎШАШГАН, ҚОНАЁТГАН ВА ЯЛЛИЈЛАНГАН МИЛКНИ ДАВОЛАЙМИЗ!

21.12.2017, 18:31

Кўпчилик тиш юваётган пайтда милкларининг қонашига унча аҳамият бермайди. Ваҳоланки, айнан шу ҳолатдан кейин оғзидан ҳид келишидан тортиб тиш бўшаб қолиши ва тушишигача бўлган асоратлар...
АПЕЛЬСИН. ШАРБАТИ ҲАМ, ЭТИ ҲАМ, ПЎСТЛОҒИ ҲАМ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТГА ЭГА

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Шарбати ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, тери жароҳатланганда қон кетишини тўхтатишда ёрдам беради, яраларни зарарли микроблардан тозалайди.Агар ҳар куни оч қоринга бир жуфт апельсин есангиз...
МАНДАРИН — ЯНГИ ЙИЛ МЕВАСИ!

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Тана ҳарорати кўтарилганда мандарин шарбати чанқоқни босишда ёрдам беради; Микроб ва вирусларга қарши таъсир кучига эга. Демак, ўткир респиратор касалликлар ва гриппнинг олдини олишда...
БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ ВА САЛОМАТЛИК

21.12.2017, 18:15

Ҳар бир касалликка хос мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Байрам дастурхонини безатишда ёки ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишда уларни инобатга олишга тўғри келади. У ёки бу касалликда қайси...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1