1

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди

ЖАМИЯТ 11.02.2014, 11:37
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди
Пойтахтимизда 10 февраль куни Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. 
 
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ҳиндистон Фармацевтика маҳсулотлари экспортини ривожлантириш кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг фармацевтика соҳаси учун масъул ташкилотлари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
 
Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сармояларни ҳимоялаш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиқдан қочишга оид битимлар амал қилади. Ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Ўзбекистон Ҳиндистонга қурилиш материаллари, рангли металлар, пахта ва кўнчилик хомашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар экспорт қилади. Ҳиндистондан Ўзбекистонга фармацевтика маҳсулотлари, механик ва электрон ускуналар, оптик асбоблар, пластмасса ва пластмассадан тайёрланган маҳсулотлар импорт қилинади. 2013 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 242 миллион АҚШ долларидан ошди.
 
Ўзбекистонда ҳинд тадбиркорлари сармояси иштирокида тузилган олтмиш бешта қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар тўқимачилик, кўнчилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, улгуржи савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослашган. Мамлакатимизда Ҳиндистоннинг йигирмага яқин етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган.
 
Форумда ҳиндистонлик ишбилармонларга мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя жалб этишнинг муҳим йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Меҳмонлар юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиздаги махсус индустриал зоналарда сармоядорлар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар билан таништирилди.
 
Анжуманда икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги  алоқаларни янада фаоллаштириш орқали савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, Ҳиндистон компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб этишга оид масалалар муҳокама қилинди.
 
Бизнес-форум якунида Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари, Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1