АсосийJamiyat

ТАҚИҚЛАНАЁТГАН ГАЗ БАЛЛОНЛАРНИНГ ХАВФЛИЛИГИ НИМАДА?

'ТАҚИҚЛАНАЁТГАН ГАЗ БАЛЛОНЛАРНИНГ ХАВФЛИЛИГИ НИМАДА?'ning rasmi

Ҳайдовчиларни ўйлантирган масалага ойдинлик

Жорий йилнинг 11 октябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобилларга газ тўлдириш станциялари тармоғини ривожлантириш, автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга босқичма-босқич ўтказиш, шунингдек, улар учун мўлжалланган газ баллон ускуналарининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Ўзбекистонда 2018 йил 1 февралдан бошлаб СПГ-2, СПГ-3 ва СПГ-4 туридаги газ баллонли ускуналар ўрнатилган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланади. Мазкур тартиб эълон қилингач, аксарият ҳайдовчилар орасида эътирозлар юзага келди. Масалан, “аввал ўрнатган газ баллони яна ўзгартираманми?”, “Нега қўйдираётганда мазкур хизматни кўрсатувчилар хавфлилиги ҳақида айтишмайди?”, “Тақиқланаётган газ баллонларнинг хавфлилиги нимада экан?” каби... Ана шундай саволларга жавоб топиш учун биз мутахассисларга мурожаат қилдик ва улар тақдим этган маълумотлар сизга асқотиши шубҳасиз.

Шербек ЭРБЕКОВ, Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантиришни норматив техник таъминлаш республика маркази бош директори ўринбосари:

— Янги тартиб ишлаб чиқилгунга қадар ҳам хавфсизлик чораларини кўриш борасида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги қарори бор эди-ку? Айни пайтда аксарият ҳайдовчиларнинг ўйлантираётган янги меъёрга нима зарурат туғилди?Вазирлар Маҳкамасининг —2015 йил 11 ноябрдаги “Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 48-бандида автотранспорт воситаларига фақат СПГ-1 (металл) русумдаги баллонлари ўрнатиш ва СПГ-2, СПГ-3, СПГ-4 русумли газ баллонлари билан жиҳозлаш тақиқланган эди-ю, аммо жавобгарлик масаласи қатъий белгиланмаган эди. Шу боис сиқилган табиий газ ускуналарини ўрнатиб олганлар ҳалигача улардан фойдаланиб келишмоқда. Тақиқланган баллонларда юрган жуда кўп автомобилларда эса портлашлар содир бўлди. Биргина ҳайдовчиларнинг масъулиятсизлиги қанча бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётгани барчамизга аён.—Автомобилларга ўрнатилиши тақиқланган СПГ-2, СПГ-3, СПГ-4 туридаги газ баллонли ускуналар нимаси билан хавфли?

—Транспортни газда бошқариш энди оммалашиб бораётган пайтда юртимизга четдан жуда кўплаб стандартларга жавоб бермайдиган, сифатсиз ускуналар кириб келган. Уларнинг аксарияти арзон бўлганлиги сабаб ҳам мижозлар томонидан ўрнатилган. Бундай турдаги газ баллонли ускуналарнинг хавфсизлигига кафолат йўқ. Бундан ташқари СПГ-2, СПГ-3, СПГ-4 бутунлай металдан тайёрланманганлиги сабаб ҳам хавфли ҳисобланади.

Ана шуларни инобатга олган ҳолда янги талабларга кўра, 2018 йилнинг 1 февралидан сўнг, агарда инспекторлар томонидан йўлларда СПГ-2, СПГ-3 ва СПГ-4 газ баллон ускуналари, шунингдек, завод ускуналари бузилган СПГ-1 баллонларига эга автомобилларни аниқласалар, уларнинг эгаларига фойдаланилиши тақиқланган транспорт воситаларини бошқарганлиги учун жавобгарлик қўлланилади.

Бундан ташқари, қарорда белгиланган энг муҳим янгилик, қишлоқ хўжалиги техникаларига газ баллонларни татбиқ этишни оммалаштиришдир. Масалан, фермер ер ҳайдаш учун тракторга ёқилғи учун қанча-қанча пул сарфлайди? Агар қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам газлаштирилса, ҳар томонлама фойда бўлади. Иқтисодий мақбуллик нуқтаи назаридан бу жуда муҳим. Бундан ташқари, суюлтирган газдан янада кенгроқ фойдаланишга қулай шарт-шароит яратиш учун махсус кўчма газ қуйиш шохобчалари ташкил этилади. Бу махсус АГҚШга бора олмайдиган қишлоқ хўжалиги техникалари учун жуда қулайлик туғдиради.

MАN АВТОБУСЛАРИДАГИ СПГ-2,-3,-4 ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ ҚАНДАЙ КАФОЛАТГА ЭГА?

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорида бундан буён СПГ-3 газ баллонларидан фақатMAN А 22 CNG автобусларига рухсат берилиши таъкидланган. Агар СПГ-2, СПГ-3, СПГ-4 туридаги газ баллонли ускуналардан фойдаланиш тақиқланган бўлса, Самарқанднинг JV MAN Auto-Uzbekistan заводида ишлаб чиқарилаётган СПГ-3 газ баллонларидан фойдаланувчи автобуслар қандай ҳимояга эга? Нега истисно тариқасида СПГ-3 газ баллонлари уларга рухсат бериляпти?

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясининг матбуот хизмати:

— Қарорда белгилаб қўйилган янги қоидаларга кўра, Самарқанднинг JV MAN Auto-Uzbekistan заводида ишлаб чиқарилувчи, СПГ-3 газ баллонларидан фойдаланувчи MAN А 22 CNG автобуслари ягона истиснога айланиши таъкидланган. Сабаби ушбу автобусларга ўрнатиладиган СПГ-3 баллонлари Буюк Британиянинг Luxsfer Group компаниясининг маҳсулоти ҳисобланади. Бу компаниянинг маҳсулотлари халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган 100 фоиз кафолатга эгадир.

ЯНГИДАН ЎРНАТИШ ЁКИ АЛМАШТИРИШ НАРХЛАРИ ҚАНЧА?

Интернетдаги сайтларидаги реклама ва эълонлар ҳаволаларида автоуловларга газ баллон ускуналарини ўрнатиб берувчи бир неча хусусий корхоналар томонидан таклиф этилаётган арзон ва келишилган нархлар билан қизиқдик (савдолашганимиз йўқ). Маълум бўлишича, рухсат этилган газ баллон ускунаси ва фойдаланиши тақиқланган газ баллон ускуналарини ўрнатиш ўртасидаги нархлардаги тафовут 400-800 минг сўмгачани ташкил этади. Машинангизнинг русумига қараб фарқланади.

Масалан, СПГ-1 туридаги газ баллонини енгил машина (спарк механика)га евро IIIини ўрнатиш 2 миллион 150 минг сўм, евро IVини ўрнатиш 2 миллион 800 минг сўмни ташкил этади. Тақиқланган СПГ-2, СПГ-3, СПГ-4 газ баллонларни, рухсат этилган СПГ-1 темир баллонига алмаштириш 1 миллион 700 минг сўмни ташкил этади.

Инобат ЭРНАЗАРОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар