Sevimli

Чемпионлик бобида рекорд ўрнатган бобо

Рекорд 03.11.2017, 15:36
Чемпионлик бобида рекорд ўрнатган бобо

Ғайрат, шижоат, истеъдод ёш танламайди, дейишади. Гоҳида нуроний ёшдаги отахон ва онахонларнинг шижоати, бардамлиги, интилишларини кўриб таҳсин айтасиз. Бухоролик Нурмуҳаммад ота Юсупов ҳам вужудини ёшлик куч-қудрати тарк этмаган отахонлардан бири.

У киши бу йил 71 ёшни қарши олдилар. Шу пайтга қадар миллий кураш, дзюдо, самбо бўйича бир неча марта жаҳон чемпиони бўлганлар. Буни ҳам ўзига хос рекорд натижа дейиш мумкин.

Нурмуҳаммад ота 1945 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида таваллуд топган. Болалигидан курашга меҳр қўйган. Ана шу меҳр туфайли аввал Бухорода, кейин бутун мамлакатдаги энг машҳур полвонлар қаторидан жой олган. Кейинчалик қўшни республикаларда ҳам ўзидан 3-4 баравар оғир вазнли полвонларни ҳам йиқитиб, Нур полвон дея ном чиқарган.

Нурмуҳаммад Юсупов ўрта мактабни битириб аввал Тошкентдаги Шредер номидаги боғдорчилик академиясида, кейин Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олган. Ўзбекистонда илк бор, биринчи курслигидаёқ собиқ иттифоқ миқёсидаги спорт устаси унвонини қўлга киритган.

Нурмуҳаммад ота мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин ҳам курашни тарк этмади. Нуронийлар ўртасида ўтказилган кураш мусобақаларида 6 маротаба мамлакат чемпиони унвонини қўлга киритди. Маълумотларга қараганда, Нурмуҳаммад ота шу пайтга қадар минглаб маротаба гиламга тушган бўлса, ҳали ҳеч бир рақиб унинг курагини ерга теккиза олмаган.

— Кўпчилик мендан ёшимни сўрашади, — дейди Нурмуҳаммад ота табассум билан. — Негадир 71 ёшдаман дея олмайман. Ҳамиша 25 ёшдаман, деб айтаман. Ростдан ҳам шундай. Чунки мен юртимиз истиқлолга эришган кун янгидан туғилганман. Шу боис ўзимни навқирон истиқлол билан тенгдош, деб биламан.

Нурмуҳаммад отанинг гапида жон бор. Чунки унинг хатти-ҳаракатини унча-бунча ёш йигит такрорлай олмайди. Масалан, у 100-110 килограммлик штангани ҳеч қийналмай кўтара олади. Турникда 35 мартагача бемалол тортила олади. Турникда силтаниб тортилиш машқини эса ўн марта бемалол бажара олади.

Айни пайтда Нурмуҳаммад ота тўрт ўғил, бир қизнинг отаси, 17 нафар набиранинг бобоси. Бугун унинг фарзандлари турли нуфузли идораларда ишлаш баробарида спорт билан мунтазам шуғулланишади. Набиралари “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” сингари тизимли мусобақаларда фаол қатнашиб келмоқда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Тошкент
+35.97° очиқ ҳаво
Валюта курси
10830.17
USD -16.91
11391.17
EUR -19.96
203.96
RUB 0.07
1