АсосийRekord

ДУНЁНИНГ 100 ТА ЭНГ КУЧЛИ ИҚТИСОДЧИСИДАН БИРИ

'ДУНЁНИНГ 100 ТА ЭНГ КУЧЛИ ИҚТИСОДЧИСИДАН БИРИ'ning rasmi

Заминимиз буюк алломаю олимлар юрти. Математиканинг отаси Муҳаммад Мусо Хоразмий, тиббиёт даҳоси Абу Али ибн Сино, юлдузлар илми асосчиси Мирзо Улуғбек ва яна Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий каби буюклар етишиб чиққан маскан. Инчунин, бугун ҳам ўсиб келаётган келажак авлодлар қонида ана шу боболаримизнинг қони оқаяпти, десак муболаға бўлмайди. Спорт, маданият, илм-фан ва бошқа кўплаб соҳаларда жаҳон саҳналарини забт этаётган ва Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтарган юзлаб ёшларимиз бунга ёрқин мисол. Ёдингизда бўлса, газетамизнинг ўтган сонларида дунёга машҳур Google ва Facebook компанияларида фаолият олиб бораётган ўзбек йигитлари ҳақида маълумот бергандик. Бугунги қаҳрамонимиз эса аниқ фанлар бўйича юксак интеллект соҳиби, дунёнинг энг кучли иқтисодчилари юзталиги рейтингидан муносиб жой олган ўзбек йигити Рауфхон Салахўжаев...

РЕЙТИНГДА МДҲдан ФАҚАТ ЎЗБЕКИСТОН

Мазкур рейтинг RePEc (Research Papers in Economics) “Иқтисодиёт фанлари бўйича илмий мақолалар” ташкилоти томонидан тузилган бўлиб, лойиҳани АҚШдаги Федерал резерв банки тадқиқотлар бўлими мувофиқлаштиради ва дунё бўйлаб 50 мингдан ортиқ иқтисодчилар фаолияти кузатиб борилади. RePEc мақолаларга келтирилган иқтибослар, чоп этилган журнал нуфузи каби категорияларга асосланиб, турли тоифалар бўйича энг яхши иқтисодчилар рейтингини тузади. Рейтингда асосан Гарвард, Йель университетлари, Лондон иқтисод мактаби битирувчилари ва ходимлари устун турганини кўриш мумкин. Лекин...

Рўйхатни кўздан кечирар экансиз, биринчи элликталикда Осиёдан уч вакил: Япония, Ўзбекистон ва Ҳиндистон. МДҲ давлатларидан эса ягона номзод Ўзбекистондан. Дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчилари орасида Англия банки, Гарвард, Стэнфорд университетлари, Париж Иқтисод мактаби номзодларини ортда қолдириб, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев 32-ўринда турибди.

ХОРАЗМИЙ МАШЪАЛИНИ ҚЎЛИДА ТУТИБ...

Замондошимиз Хоразмий ёққан оловни қайта алангалатди. Ҳали ўттиз ёшни қар­ши­ламаган қаҳрамонимиз мак­роиқтисоддаги янги йўналиш “Иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари” бўйича тад­қиқот олиб бораётган кам сонли олимлардан. Илмий иши давлатларнинг иқтисодий ривожланишида интеллектуал капитал ва бозор институтларининг ролини тадқиқ этишга бағишланган. Рауфхоннинг 20 га яқин илмий мақоласи “Intelligence”, “Kyklos”, “Environmental Research” каби дунёнинг етакчи илмий журналларида чоп этилган, “Forbes” агентлиги, “National Policy” институти томонидан юқори баҳоланган. Ёш иқтисодчи олим 2012 йили АҚШнинг “Fulbright” стипендияси ғолиби бўлиб, Нью-Йорк давлат университетида иқтисод магистри илмий даражасини ҳам олган. Ҳозир таълим даргоҳида муаллимлик қилиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида катта илмий ходим ҳамдир.

Рауфхон Салахўжаевнинг муваффақияти Тошкент Халқаро Вестминстер университети учун Лондон Иқтисод мактаби (Буюк Британия), Англия банки ва Браун университети каби нуфузли илмий марказлар қаторига киришга йўл очди. Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги иштироки мамлакатимиз нуфузи, илмий салоҳиятига баҳо бериш, унинг келажакдаги иқтисодий ривожига таъсир этиши шубҳасиз.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар