ТОШКЕНТ ИСЛОМ УНИВЕРСИТЕТИДА ШАРОФ РАШИДОВ 100 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН АНЖУМАН ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Тошкент ислом университетида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Шароф Рашидов – давлат ва жамоат арбоби” мавзуида илмий-маърифий анжуман ўтказилди.
Анжуман Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Қатағон қурбонлари хотираси” музейи каби давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тошкент ислом университети ректори, профессор Р.Абдуллаев ва бошқалар Шароф Рашидовнинг республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқаришдаги беқиёс салоҳияти, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнати, миллий адабиётимиз ривожидаги ёрқин ижодий фаолияти ҳақида сўз юритди.
Шароф Рашидов қишлоқ хўжалигининг юксак марраларга кўтарилиши, чўл ҳудудларининг ўзлаштирилиши, магистрал йўллар, Тошкент метросининг қурилиши, зилзиладан катта талафот кўрган пойтахтнинг қайта тикланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган давлат арбоби сифатида авлодлар хотирасида мангу яшайди. Унинг ёзувчи сифатида қолдирган адабий мероси ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
– Бугунги тадбирда юртимизнинг содиқ фарзанди Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, – дейди Тошкент ислом университети талабаси Антонина Зарипова. – Улуғ давлат арбоби ва ёзувчининг ҳаёти ва фаолияти биз, ёшлар учун ҳар томонлама ўрнакдир.
Тадбирда Шароф Рашидов хотирасига бағишланган фильм намойиш этилди, китоблар тақдимоти ўтказилди. “Шароф Рашидов – давлат ва жамоат арбоби” мавзуида эсселар ва “Шароф Рашидовнинг ижтимоий ва ижодий фаолияти” мавзуида слайд-тақдимотлар танловларида ғолиб бўлган талабалар диплом ва совғалар билан тақдирланди.






