Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўтказилган профилактика тадбирлари натижасида содир этилган 10 жиноятнинг барчаси фош этилди, 5 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди. Маҳаллаларда профилактика ишларининг кенг йўлга қўйилгани, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар туфайли сўнгги ҳафтада вилоятда умумий жиноятларнинг сони 17,5 фоизга камайди. Бу хақда ЎзАА хабар бермоқда.
Профилактика тадбирларида айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасаларида ўтказилаётган тадбирларда ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш баробарида, тарбияси оғир, жиноятчиликка мойил ўсмирлар билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллаларда ўтказилган 48 учрашувда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, бундай ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳафтанинг ҳар пайшанбасида амалга оширилаётган жиноятчиликка қарши курашиш ва профилактика куни тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича мазкур тадбирлар доирасида касб-ҳунар коллежларида ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган ўқувчилар аниқланиб, уларнинг ота-оналари билан мулоқотлар ташкил этилди. Таълим муассасаларида жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган 3 мингдан ортиқ йиғилиш ўтказилди. Ишчи гуруҳлар аъзолари 140 минг 531 хонадонда бўлиб, уларнинг турмуш тарзини ўрганиш баробарида жиноят содир қилишга мойил, нотинч оилалар, вояга етмаган ҳуқуқбузарлар, муқаддам судланган ва профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар билан суҳбатлар ўтказди. Жойларда ўтказилган 248 сайёр судларда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари ўз ечимини топди.






