Кажол ва Ажай! Бу икки қиёфа бир-бирини тўлдириб турадигандек. Агар яхшилаб разм солсангиз, чеҳраларидаги ўхшашлик ҳам яққол кўзга ташланади. Энг қизиғи, бу оила ҳақида фақат яхши гаплар қулоққа чалинади.
Кажол
Кажол Мукержи Девган — 1974 йил 5 августда Мумбайда туғилган.
Онаси Танужа Мукержи актриса, отаси Шому Мукержи продюссер, режиссёр.
18 ёшида илк фильми «Шов-шувли дебют» катта экранга чиқади.
Шохрух Хон ва Кажол жуфтлиги дунё киноишқибозлари томонидан алоҳида эътироф этилади.
Ажай Девган
Вишал Виру Девган 1969 йил 2 апрелда Деҳлида туғилган.
Отаси Виру Девган режиссёр, каскадёрбўлган.
Кинодаги фаолиятини 1985 йилда бошлаган.
Ажай ва Кажол 1995 йилда «Оила ва қонун» фильмини суратга олиш жараёнида танишишади. Тўрт йил давомида муносабатлари ҳақида очиқ-ойдин маълумот беришмайди. Лекин ОАВ уларнинг дўстона муносабатларини назардан четда қолдирмасликка ҳаракат қилади. 1999 йилнинг 24 февралида улар оммага ошкор қилмасдан фақат яқинлари, дўстлари даврасида никоҳдан ўтишади. Ҳозир уларнинг қизалоғи Ниса 14 ёш, ўғли Юг эса 8 ёшда. Болливуд Кажолни бахтли аёл ва омадли актриса, дея эътироф этади.
«Кажолда меҳрибон она қиёфасини кўролмасдим…»
— Ажай, Кажолнинг қайси одатини ўзгартириб бўлмайди?
— Биласизми, ҳар бир одамда ўзгартириб бўлмайдиган нимадир бўлади... Масалан, мен озгина одамовиман, ҳар қанчафаолликка интилмай, барибир, уддалай олмайман. Кажол эса қанча ҳаракат қилса ҳам, одамови, камгап бўла олмаса керак... Аслида, одамни борича қабул қилган маъқул.
— Сёъмка жараёнида уни актриса сифатида қабул қилиш қийин кечмайдими?
— Жуда мураккаб эмас, лекин бироз ноқулай вазиятлар бўлиши мумкин. Аммо Кажол билан бир фильмда партнёр бўлиб ишлаш бошқа актрисалар билан ишлагандан анча маъқул. У партнёр билан яхши ишлайди.
— Фарзандлар тарбиясида унинг қаттиққўл она образи қанчалик самара беради?
— Оналар, одатда, жуда меҳрибон бўлади. Қаттиққўллик эса шунчаки ниқоб. Кажолни бу ниқобида кўрсам, кулгим келади. У ҳам ўша саҳнада мени сезмасликка интилади. Лекин фарзандларимиз буни билиши шарт эмас, дейди.
— «Танпурлик супермен» фильмингизни болаларингиз учун суратга олганингиз ростми?
— Кино ҳеч қачон маълум одамлар учун ишланмайди. Ғояга кимлардир сабаб бўлиши мумкин. Кичкинтойлар учун фильм суратга олиш қийин. Улғайганингиздан кейин бола бўлгингиз келади-ю, аммо бола бўлишни уддалай олмас экансиз. Шундай бўлса-да, ҳаракат қилдик. Бу картина барча болалар учун мўлжалланган эртак-саргузашт фильм.
— Оилада сизнинг образингиз қандай?
— Оддий ва меҳрибон отаман! Имкон қадар болаларим билан кўпроқ вақт ўтказишни хоҳлайман. Аммо ҳар қанча истамай, барибир бунинг уддасидан чиқа олмайман. Кажол эса бу борада анча омадли. У фарзандларимиз учун етарлича вақт топади. Тўғриси, бошида мен унданмеҳрибон ва талабчан она чиқади деб, ўйламагандим. Адашган эканман!
— Кажолнинг сюрпризлари кўп...
— Деярли кунора нимадир юз беради (кулиб). Гоҳида хорижда съёмкада бўлсам, менга айтмай, болаларни олиб, изимдан етиб бориши ёки ярим тунда ресторанда кутиб ўтириши мумкин.
— Болливуддаги жуфтликларнинг машмашалари тез-тез қулоққа чалинади... Сизларда ҳамиша яхши гап! Бахтингизни сири нимада?
— Билмадим, буни сир деб бўлармикан?! Оилавий муносабатлардаги маълум меъёрлар, балки, ўз ўрнидадир... Қолаверса, севгининг бора-бора ҳурматга, самимиятга айланиши,болаларнинг келажаги қайғуси... Кажол ва мени барча оилаларда мавжуд бўлган анънанавий ришталар бирлаштиради. Биз фақат ўша ришталарни қадрлаймиз.
«Уйдаги гапни кўчага чиқармаймиз!»
— Яшаш ва ишлаш машаққатини қандай енгиб ўтасиз?
— Мен ҳаётни машаққат деб билмайман, аксинча яшашдан завқ олиш маҳоратини билиш керак!
— Ҳаммасига улгураяпсиз... Яхши бека, омадли актриса, фаол жамоатчига ҳам айланиб қолдингиз? Қийин эмасми?
— Йўқ, қийин эмас. Шунчаки кунингизни тўғри тақсимлаб олсангиз, бўлди. Мен эрталаб 5:30 да уйғониб, 6:00 да спортзалда бўламан. 7:00 да ошхонада нонушта тайёрлашни бошлайман. Нисани 8:30 мактабга кузатаман. Кейин иш ва уй юмушларига шўнғийман. Орада ўзимнинг эҳтиёжларимни ҳам унутмайман. 22:00 да мен ухлашим шарт! Агар мана шу тартибга риоя қилсангиз, қийналмасдан уйғонишингиз ва мазза қилиб ором олишингиз мумкин.
— Қаттиққўл оналигингизни биламиз?
— Бу ҳақда кўп гапирганим учундир балки... Болалар тарбия меъёрларини ҳис этиши учун бундай усул муҳим. Чунки, менинг ишим уларнинг нигоҳида жиддий ва мураккаб кўринмайди. Бу эса муносабатларимизда бироз енгилликнинг туғилишига сабаб бўлади. Ҳозир кино машаққатли меҳнат, мен ва даданг қийналиб ишлаяпмиз, деган даккилар бериш бефойда. Қолаверса, буни улар 18 ёшида ҳам тушуниб етмаслиги аниқ. Ўзим ҳам соҳамиз ҳақида фақат осон ўйлаганман. Яна биласизми, бу тезкор даврда болалар тарбияси ҳам анча мураккаблашган. Тўғри, замон билан ҳамнафас яшаш яхши, лекин унинг салбий жиҳатларини ҳам унутмаслик керак.
— Шунинг учун ҳам кўп вақтингизни оилага ажратгандидирсизда?
— Ҳа, мени болаларим ўзига боғлаб олди. Ҳеч қачон карьера, деб улардан узоқлаша олмайман. Қолаверса, аввалгидек шов-шувли машҳурликни орзу қилаётганим йўқ. Менга шу даражам етади. Аслида, инсоннинг яшаб ўтадиган ва яшаши лозим бўлган умр поғоналари бор.
— Оилавий муаммоларингизни онангиз билан бўлишасизми?
— Йўқ! Муаммолар Ажай билан ўртамизда ҳал бўлади. Маслаҳат солишим, ниманидир тушунмасам, сўрашим мумкин. Бироқ ҳеч қачон шикоятларимни ота уйимга орқалаб бормайман.
— Турмуш ўртоғингиз билан келишмовчиликларни қандай баратараф қиласиз?
— Мен сал урушқоқроқман! Ажай эса анча босиқ! Болаларимиз олдида муаммолар ҳақида гапирмаймиз. Бу иккимизнинг обрўмиз учун зарур. Озгина асабийлашсам, отаси ҳам, болаларим ҳам секин-аста ўз хоналарига кириб кетишади... (кулиб) Қарабсизки, ёлғиз қоламан! Жиддий жараёнларда Ажай мени йўлга солади, аввал эшитади, кейин тўғри бўлса маъқуллайди, унга ёқмаса, эътироз билдиради. Баъзи масалалар эса нигоҳлар билан ҳам ҳал бўлади.
— Сиз учун севги?
— Сенга тегишли бўлган ҳар бир вазият, жараён, хатти-ҳаракатлар унга ҳам тааллуқли бўлиши! Бу туйғуни ҳар куни ҳис этиш имконини бировга бериб қўймаслик керак!
— Сиз учун энг гўзал ва идеал аёл ким?
— Менинг онам! У сарининг энг оддийси, жинсининг энг замонавийсини кийса ҳам латофатини намоён эта олади. Ўзига нисбатан қўйган талаблари ҳам ярашади. Ҳамиша уларга ўхшашга интилганман, лекин уддасидан чиқа олмадим...
— Энг эсда қоларли кун сизнингча қандай бўлиши керак?
— У ҳар куни юз бериши керак бўлган воқеа! Масалан, менда шундай. 12:00 да болаларимни мактабдан олиб уйга қайтаман. Бирга тушлик қиламиз, сайрга чиқамиз, уй вазифаларини бажарамиз... Бу эсда қоладиган кун мен учун!
— Режиссёрликка даъвогарлик қиласизми?
— Менда бошқариш қобилияти йўқ. Бировга овозим борича гапиришим мумкиндир, аммо буйруқ беролмайман. Мен ижрочиман. Режиссёрлик менга эмас!
Севдо НИЁЗОВА тайёрлади.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси