АсосийSUG'DIYONA

«ХОТИНИМНИНГ ХУРМАЧА ҚИЛИҚЛАРИДАН ТЎЙИБ КЕТДИМ»

'«ХОТИНИМНИНГ ХУРМАЧА ҚИЛИҚЛАРИДАН ТЎЙИБ КЕТДИМ»'ning rasmi

Турғунбек, 38 ёш, Жиззах вилояти:

Ўн беш йил аввал ота-онам танлаган қизга уйланганман. Улар совчиликка борган қиз менга ҳам ёққан. Тошкентда университетда ўқиганман, хотиним эса мактабни битириб, чеварчилик ҳунарини эгаллаган. Аёлим саранжом-саришта, ота-онамга ва оиламдагиларга меҳрибон. Икки фарзандимизни ҳам оқ ювиб, оқ тараб катта қиляпти. Бир қарашда ҳамма бизни бахтли оила деб ўйлайди. Лекин аслида ундай эмас... Ҳаммага меҳри чексиз аёлим менга келганида доим бақироқ, инжиқ, кайфиятсиз бўлиб қолади. Мен билан ҳеч ҳам очилиб гаплашмайди. Иш буюрсам кўнглимдагидек бажармайди, доим гап қайтаради. Ундан кўп нарса талаб қилмайман, ишдан келганимда кулиб кутиб олсин, ёнимда гаплашиб ўтирсин дейман. Ҳеч кимдан кам жойи бўлмаса. Тинимсиз меҳнат қилаётган эрининг кўнглига қараш шунчалик қийинми? Сабр косамни яқинда қилган қилиғи тўлдирди. Узоқ вилоятга келин бўлиб тушган опаси қиз чиқаряпти. Тўйдан йигирма кун олдин кетаманга тушди. Шунча эртадан бориб сенга нима бор, тўйга тўрт-беш кун қолганида бирга борамиз десам жаҳл қилди. Кейин ишдан қайтсам, нарсаларини йиғиштириб, поездда опасиникига жўнаворибди. Болаларни эса қаровсиз ташлаб кетибди. Роса жаҳлим чиқди. Бундай хурмача қилиқларидан тўйиб кетдим, хотинимни йўлга солишнинг иложи йўқ деб ўйлайман…

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд ИСМОИЛОВ маслаҳат беради: — Ўн беш йил бирга яшаб, ҳамон бир-биринг феъл-атворига кўникмаганлари ва мослашмаганлари мени ҳайрон қолдирди. Сизга ягона маслаҳатим, аёлингиз билан гаплашиб олинг. Суҳбатингиз давомида бақирмасдан, тинчгина гаплашишга ҳаракат қилинг. Бу суҳбат болалар иштирокисиз ўтгани янада маъқул. Бир-бирингиздан нима истаётганингизни ошкора айтинг, нима қониқтирмаётгани, нималар сизнинг жаҳлингизни чиқаришини истиҳола қилмасдан гапиринг. Шундагина ўртадаги тушунмовчиликлар барҳам топади. Энди сизлар ўзингизни эмас, аксинча вояга етказаётган фарзандларингиз ҳақида ўйлашингиз керак.

  • Манба: «SUGDIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар