1

МИКЕЛЕ ПЛАЧИДО: «КОМИССАР КАТТАНИНИ МЕН ЎЛДИРДИМ!»

СУҒДИЁНА 20.11.2017, 15:41
Теглар: Машхурлар ҳаёти
МИКЕЛЕ ПЛАЧИДО: «КОМИССАР КАТТАНИНИ МЕН ЎЛДИРДИМ!»

Туғилган йили: 1946 йил 19 май

Туғилган жойи: Асколи-Сатриано (Италия)

Оиласи: турмуш ўртоғи — Федерика Винченти, актриса; фарзандлари — Габриэле (10 ёш), Бренно (25 ёш), Микеланджело (26 ёш), Иниго (28 ёш), Виоланте (40 ёш)
Маълумоти: Римдаги Миллий драматик санъат академиясини тамомлаган.
Карьераси:Рим полициясида хизмат қилган. Театр саҳнасидаги биринчи ролини 1969 йили ўйнаган. 1972 йилда «Пишотта иши» фильмидаги роли орқали экранда дебют қилган. Актёрга оламшумул шуҳрат Италия телевидениеси томонидан суратга олинган «Спрут» сериалидаги комиссар Каттани роли орқали келди. 100 дан ортиқ кино ва сериалларда суратга тушган. Режиссёр сифатида 11 та картина суратга олган.

Ўтган асрнинг 80–90-йилларида собиқ Иттифоқ ҳудудида Комиссар Каттани образини танимаган одам йўқ эди. Сицилия мафияси ва унга қарши курашган Италия полицияси ҳақида ҳикоя қилувчи «Спрут» номли детектив сериал мисли кўрилмаган муваффақиятга, бош роль ижрочиси Микело Плачидо эса оламшумул шуҳратга эришди. Бугун актёр 70 ёшни қаршиламоқда. Қуйида истеъдодли ижодкор ўз ҳаётини сарҳисоб қилади.

Ота-онам

– Оддий оилада туғилганман. Оиламизда ҳеч кимнинг на театрга, на кинога алоқаси бор эди. Отам қурувчи, амаким роҳиб, онам эса бир умр уй бекаси бўлган. Эсимни танибманки, онамнинг туну кун тинмай меҳнат қилганини кўрганман. Чунки оиламиз жуда катта эди. Мендан ташқари яна еттита фарзанд – учта опа-синглим ва тўртта ака-укам. 19 ёшга тўлганимда отам вафот этди. Рўзғор ташвиши онамнинг зиммасига тушди. Биз болалар катта бўлганимиз сари онамизга ёрдам бериб, уйга бир-икки сўм бўлса ҳам пул олиб келишга интилардик. Шунинг учун ёшлигимда жуда кўп касблар билан шуғулланишимга тўғри келган. Айримларини, ҳатто, эслолмайман ҳам.

Полицияга ишга киришим

– Ёшлигимдан актёр бўлишни орзу қилардим. Аммо 18 ёшимда бурчимни адо этиш учун аскарликка бордим. У ерда бизни полицияга жўнатишди. Биз қўриқлаш ва тартибни сақлаш билан шуғулланардик. Жиноят қидирувга умуман яқинлашмаганман. Аммо шунга қарамай полицияда ишлаб, орттирган тажрибам изқувар ролини адо этишимда жуда қўл келди.

Жигарларим

– Оиламизда мендан бошқа ҳеч ким актёрликни танламади. Ҳаммалари келишиб олгандек педагогика соҳасини танлашган. Кимдир фалсафадан дарс беради, кимдир итальян тилидан, яна кимдир адабиётдан. Нима бўлган тақдирда ҳам, Беньямино ва Мария Плачидолар хонадонида мендан бошқа актёр чиқмади. Нега? Очиғи, билмайман. Оиламизда ҳеч қачон актёр етишиб чиқиши учун зарур муҳит бўлмаган. Мен, ҳатто, мактабдаги хаваскорлик тўгарагига ҳам қатнашмаганман. Аммо, барибир, актёр бўлишни орзу қилардим.

Ҳозир ака-укаларим, опа-сингилларим билан алоқаларимиз аъло даражада. Бир-биримизсиз яшай олмаймиз. Ёшлигимизданоқ бир-биримизга суянчиқ бўлиб келганмиз. Тўғри, баъзида итальянча жўшқинлик билан баҳслашишимиз, жанжаллашишимиз мумкин. Лекин буларнинг бари арзимас нарса. Чунки биз бир-биримизни жуда яхши кўрамиз, ҳеч қачон ўртадаги ришталарга хиёнат қилмаймиз, бир-биримизнинг дилимизни оғритмаймиз. Қаерда бўлмайлик, ҳар якшанба онамникида йиғиламиз, катта дастурхон атрофида онамнинг рецепти бўйича тайёрланган паста ва қўзи гўштини истеъмол қилиб, чақчақлашиб ўтирамиз. Якшанбани яхши кўраман.

Фарзандларим

– Жигарларимдан фарқли равишда фарзандларим менинг касбимни танлашди. Катта қизим Виоланте ва ўртанча ўғлим Бреннолар актёрликда анча муваффақиятларга эришиб, эътирофларга сазовор бўлишди. Аммо уларнинг танловига менинг ҳеч алоқам йўқ, ўзлари шу касбни танлашди, ўзлари барча қийинчиликлардан ўтишди. Менга қолса, уларга актёрликни раво кўрмасдим. Чунки актёрликдек кўп қувват талаб қиладиган, бесаранжом, беҳаловат касбни танлашларини истамасдим. АШукрки, Виолантенинг ҳам, Бреннонинг ҳам ижоди муваффақият билан давом этмоқда. Уларнинг ҳеч бири учун бирон режиссёрга илтимос билан қўнғироқ қилмадим. Режиссёрларнинг ўзи уларни кашф қилишди. Бренно менинг фамилиям билан ўйнашни истамади, тарихда Плачидо фамилиялик битта актёр бўлса етади, деб ўйладими, билмадим, хуллас, у Марко Бренно тахаллусини олди. Қизим Виоланте эса менинг фамилиямни фахр билан кўтариб юрибди. У Голливудда Жорж Клуни, Николас Кейж каби актёрлар билан партнёр бўлиб роллар ижро этмоқда.

Комиссар Каттани

– «Спрут» Италия телевидениеси тарихидаги энг муваффақиятли лойиҳа бўлди. 1980-йиллар эндигина янги сценарийни бошлаганимизда иш бунчалик бўлиб кетишини ўйламагандик. Нега оддийгина изқувар Каттани шу қадар қайсар бўлишига қарамай, миллионларнинг қалбидан жой олди? Чунки у одамларнинг қалбини таъсирлантира олди. Каттани нафақат профессионал изқувар, балки катта қалб эгаси, меҳрибон ота ва ёр сифатида жонланганди. Коррадо Каттани – мураккаб образ. У Достоевский қаҳрамонларга ўхшайди. У ҳам Достоевский қаҳрамонларидек доим ўзини бошқалар учун қурбон қилиб яшайди.

«Спрут» экранларга чиққач, тўғриси, Сицилия мафиясининг амалдаги бирон каттакони менга қўнғироқ қилиши ёки хат ёзишини кутдим. Чунки ишимга ўша қозонда қайнаётган одамларнинг баҳоси мен учун муҳим эди. Афсуски, улардан бирон ишора бўлмади.

Мен унинг «қотилиман»

Бу образ мен учун жуда қадрли эди. Ахир бир эмас, 4 мавсум мен унинг қиёфасида бўлдим, экранда унинг ҳаётини яшадим. Лекин... ҳамма нарса ҳам бир кун келиб тугайди. Театрда ишларим жуда кўпайиб кетди. Катта лойиҳа устида иш бошладик. Шекспирнинг пьесаларидан бирини саҳналаштираётгандик. Шунинг учун Каттанини «ўлдириш»ни ўзим продюссерлардан илтимос қилдим. Бир қарашда, мен Шекспирни деб Достоевскийни қурбон қилгандекман. Аммо бу ерда масала чуқурроқ-да. Мен театрни жуда севаман. Экранда юзлаб роллар яратган, режиссёр сифатида фильмлар суратга олган бўлсам ҳам, барибир уларнинг барини томошабин билан бўладиган бевосита мулоқотга, яъни театрга алмашмаган бўлардим. Буни саҳнада томошабинларнинг нафасини ҳис қилиб роль ўйнаган одамгина тушунади.

Сўнгсўз

– Мен ўзимни юлдуз ҳисобламайман. Тансоқчилар қуршовида юрмайман, шахсий яхтам ҳам, виллаларим ҳам йўқ. Асосийси, менга буларнинг кераги йўқ. Чунки бахт бойликда эмаслигини биламан. Буни менга оддий, аммо жуда бахтли ҳаёт кечирган ота-онам ўргатишган.

Шаҳноза СОАТОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

САЛЬМА ХАЙЕК: «ДУНЁДАГИ ЭНГ ОМАДЛИ АЁЛ БЎЛСАМ КЕРАК!»

15.12.2017, 15:37

Сентябрь ойида Сальма Хайек 46 ёшини қарши олди. Бир қарашда у ²олливуд меъёрларига тўғри келадиган ташқи қиёфага ҳам эга эмас: бўйи унчалик баландмас, парҳезлардан кўра...
РИЗ УИЗЕРСПУН: «БИРОВЛАРНИНГ ФИКРИ БИЛАН МУВАФФАҚИЯТГА ЭРИШИЛМАЙДИ»

25.11.2017, 08:49

Лора Жинн Риз УИЗЕРСПУН 1976 йилнинг 22 мартида Янги Орлеанда, шифокорлар оиласида дунёга келган. 8 ёшида реклама “юлдузча”си, 16 ёшда кино «юлдуз»и, 22 ёшида оналик...
ЭНГ МАФТУНКОР ВА ЛАТОФАТЛИ АЁЛ — ИРИНА МУРАВЬЁВА

16.11.2017, 13:37

Танидингиз-а, қаҳрамонимиз «Мен дунёдаги энг мафтункор ва латофатли аёлман», дея такрорлагувчи Надя Клюева. Актриса ҳаётда ташқи гўзалликни эмас, самимиятни биринчи ўринга қўювчи аёл. Унинг умр...
КАЖОЛ ВА АЖАЙ ДЕВГАН: «ОИЛАНИНГ БАХТИ ТАРТИБДАН БОШЛАНАДИ!»

15.11.2017, 17:05

Кажол ва Ажай! Бу икки қиёфа бир-бирини тўлдириб турадигандек. Агар яхшилаб разм солсангиз, чеҳраларидаги ўхшашлик ҳам яққол кўзга ташланади. Энг қизиғи, бу оила ҳақида фақат...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1