АсосийJamiyat

ЁШЛАР ПРЕСС КЛУБИДА ҚАНДАЙ МАВЗУ КЎТАРИЛДИ?

'ЁШЛАР ПРЕСС КЛУБИДА ҚАНДАЙ МАВЗУ КЎТАРИЛДИ?'ning rasmi

Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси мутасаддилари, вилоятлардан таклиф этилган истеъдодли, фаол ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

2016 йил 15 сентябрдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни мамлакатимиз ёшлари тақдирида муҳим аҳамият касб этаётгани, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани таъкидланди.

Бош қомусимизда оналик ва болалик давлат ҳимоясида, фарзандлар ота-оналарининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

Юртимизда болалар ва ёшлар бўйича Омбудсманнинг ташкил этилиши болалар ҳаётига доир дастурларни изчил амалга ошириш, болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятларни кузатиб бориш ҳамда уларнинг ижтимоий муносабатларга фаол киришишини янада кенг таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга.

Тадбирда болаларнинг ҳуқуқий билимини бойитиш, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларидан хабардорлик даражасини ошириш лозимлиги қайд этилди. Ўқувчи-ёшларни қизиқтирган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

    Бошқа янгиликлар