АсосийJamiyat

​ҲУСАЙН БОЙҚАРОНИНГ ДУНЁ  КЕЗГАН ШОҲОНА ДЕВОНИ

'​ҲУСАЙН БОЙҚАРОНИНГ ДУНЁ  КЕЗГАН ШОҲОНА ДЕВОНИ'ning rasmi

Ҳусайн Бойқаронинг девони ўз даврида бир неча маротаба кўчирилган ва шоҳона кутубхоналарда сақланган. Айни пайтда Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти (Собиқ Осиё музейи) да ҳам Ҳусайний девонининг шоҳона нусхаси сақланмоқда.

Мазкур қўлёзмани “давлат маслаҳатчиси” унвонига эга бўлган машҳур шарқшунос олим В.С. Голенишев (1856-1947) ҳадя қилган. Маълумотларга кўра, Голенишев кучли шарқшунос олим бўлиб, Мирс тарихи бўйича жуда катта тадқиқотларни амалга оширган. Умрининг сўнгги йилларида Францияда Ниццада яшаган. У 1884 йилда Усмонийлар давлати пойтахтида Истанбулга боради. Бу ерда у Ҳусайн Бойқаронинг шоҳона девонини қўлга киритади.

1910 йилда Петербургга қайтган Голенишев ушбу нодир қўлёзмани музейга тақдим этади. Афсуски, олим бу қўлёмани қай тариқа ва кимдан олгани ҳақида маълумот бермаган.

28-29 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Замонлар чорраҳаси – Ўтмишнинг бой мероси – маърифий келажак пойдевори” мавхзусидаги медиа-форум доирасида ушбу шоҳона девоннинг замонавий технологиялар асосида олинган нусхаси Ўзбекистонга олиб келинади. Ушбу қўлёзма настаълиқ хатида, сифатли қоғозда кўчирилган ва шоҳона безаклар берилган. Саҳифаларига олтин зарралари сепилган.

Девонда ўта маҳорат билан билан ишланган тўртта миниатюра, нафис нақшлардан ҳосил қилинган иккита зарварақ, Ҳусайн Бойқаронинг турли даврларда битилган 154 та ғазали (шундан иккита ғазали тўлиқ эмас) ўрин олган.

Китоб ўзининг шоҳона бадиий безаклари, шакл-шамойили, нақш ва миниатюраларнинг бежиримлиги билан шарқ китобат санъатининг бебаҳо дурдонаси бўла олади. Шунингдек, бу китоб Темурий даври маданияти, хусусан, хаттотлик, тасвирий санъат ва ва китобат санъати хусусида муайян тасаввур уйғотади.

Бу бебаҳо қўлёзманинг факсимиле нусхалари Европанинг бу борада жуда катта тажрибага эга бўлган машҳур босмахоналарида чоп этилди. Ушбу қўлёзмалар олтин билан сайқалланиб, махсус қоғозларда, асл нусхасига жуда яқин кўринишда кўчирилди. Нусхалар шу қадар ажойибки, уларни бир қарашда ҳақиқийсидан ажратиб бўлмайди. Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ҳамда Франция Миллий кутубхонасида сақланаётган бу нодир қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга тақдим этилади.

    Бошқа янгиликлар