Айрим давлат органлари сайтларига уюштирилган кибер-ҳужумларни тезкор бартараф қилиш чоралари кўрилди.
2017 йилнинг 20 ноябр куни Ўзбекистондаги бир қатор муассасаларнинг ахборот ресурсларига кибер ҳужумлар амалга оширилди. Жаҳон миқёсида оммавий уюштирилган виртуал ҳужумлар оқибатида турли мамлакатларда 60 мингдан зийод ресурслар зарарланган. Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, тегишли ташкилотларнинг веб-сайтларининг фаолияти қайта тикланди.
UZINFOCOM Маркази ҳамда Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказлари ҳамкорлигида ҳужум манбасини аниқлаш ҳамда кейинчалик бу турдаги ҳужумлардан ҳимояланиш мақсадида, зарарланган ресурсларнинг заҳира нусхаларини яратиш юзасидан ишлар амалга оширилди.
Айни пайтда мазкур ҳужум оқибатлари тўлиқ бартараф этилган, ҳозирда зарарланган ахборот ресурслари тўлақонли режимда ишламоқда. Шунингдек, истиқболда ҳимоя чораларини ишлаб чиқиш учун ушбу кибер ҳужумларнинг уюштирилиши сабаблари ҳамда усуллари яқиндан тадқиқ қилинмоқда.
22.11.2017 16:31
ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ САЙТЛАРИГА КИБЕР-ҲУЖУМЛАР УЮШТИРИЛДИ






