1

ЎЗИМИЗНИНГ 118 ЁШЛИ РЕКОРДЧИ ОНАХОН

Рекорд 22.11.2017, 17:23
ЎЗИМИЗНИНГ 118 ЁШЛИ  РЕКОРДЧИ ОНАХОН

Баъзи-баъзида турли оммавий ахборот восита­лари ёки интернет cайтлари орқали дунёнинг олис жойларида ҳаёт кечираётган замонамизнинг кекса кишилари ҳақида эшитиб қоламиз. Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз — жаҳоннинг энг кекса онахонла­ри­­дан бири қайсидир узоқ мамлакатда эмас, айнан ўзимизнинг сўлим водийда умргузаронлик қи­лаёт­ган 118 ёшли Саъдияхон Инамова.
Улар ҳақида эшитишимиз биланоқ, туман ҳо­ким­лиги ёрдамида онахоннинг оиласи билан боғланишга ҳаракат қилдик. Гўшакни кўтарган аёл ўзини Саъдияхон онанинг кенжа келинлари Муҳаббатхон опа дея таништирар экан, айни пайтда уйларидаги муҳит ҳақида тўлиб-тошиб гапира кетди: “Шу десангиз, ёнимиздаги боғча таъмирланаётган эди, шу сабаб ҳовлимиз тўла бола-бақра. Буларни кўплигини кўринг. Аммо биз бундай шовқин-суронга ўрганиб қолганмиз. Келин бўлиб тушганимга 47 йил бўлибдики, кунимизнинг асосий қисми меҳмон кутишу, келди-кетди билан ўтади. Эшигимиз олдидан ўтган борки ачамизни (изоҳ: таҳр.буви) ҳурматларини қилиб, хабар олгани киради. Аниқ айтаманки, ҳали уйимизга меҳмон келмаган бирор кун бўлмаган. Ҳозир ҳам 118 ёш бўлишларига қарамай, ким келса дуо қилишни канда қилмайдилар...”

ЎЗИНГДАН КЎПАЙГИН, ДЕГАНЛАРИ ШУ БЎЛСА КЕРАК

Саъдияхон Инамова 1897 йилда Ҳамзавой ва Ибодатхон Бойазимовалар оиласида дунёга келган ва кириб келаётган 2017 йилда онахон 119 ёшни қарши олади. Айни пайтда Саъдияхон Инамова Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Ёртепа қишлоғининг Ибрат маҳалласида истиқомат қилади. Онахоннинг фарзандлари, набираю чевараларининг ўзи бир маҳалла, десак адашмаймиз. Қаҳрамонимизнинг 4 ўғил ва 4 қиз фарзандлари бўлиб, айни пайтда уларнинг уч нафари ҳаёт. Шундан Ғиёсиддин ота 85 ёшда, Саодатхон ая 81 ёшда ва Салоҳиддин ота эса 76 ёшда бўлиб, Саъдияхон она улардан 64 нафар невара, 80 нафар чевара, 90 нафар эварава ҳатто 2 нафар бегонанинг ҳам фахрий бувижони бўлиб юрибдилар. Қойил қоласан киши, онахон буларнинг барчасини таниб, эслай олармикан?

Муҳаббат опа 118 ёшли Саъдияхон момонинг кичикўғиллари Салоҳиддин ота­нинг рафиқалари:

— Невараю чеваралар келишиб, “катта буви мен — Сайёраман...” ёки “мен Мукаррамман...” дейишса, ҳаммаларини бирдан таниб сўрашиб кетадилар. Тўғрисини айтсак, умумий невараю чеваралари қанча эканлигини ўзимиз ҳам билмаймиз. Сабаби яқинда ҳисоблаб чиқилган рўйхатдан кейин ҳам оиламиз сафи яна кўпайган.

ИБРАТЛИ ВА УЗОҚ УМР СИРИ НИМАДА?

Саъдияхон Инамованинг умр йўлларига назар ташласак, фарзандларининг барчаси эл-юрт ҳурматига лойиқ яхши инсонлар, чевараларининг бири фан номзоди, профессор, яна бири давлат идораларида раҳбар, бошқалари ҳам эл корига ярайдиган муносиб шахслар... Хўш, қаҳрамонимизнинг узоқ ва ибратли умр сири нимада?

— Қайнота-қайнонам бир умр темирчилик орқасидан ҳалол меҳнат қилиб, кун кечиришган, — дейди Муҳаббат опа биз билан суҳбатда. — Қайнотам оламдан ўтганларига 37 йил бўлди, аммо ҳали-ҳануз оиладаги тарбия, муносабат ва тартиб йўқолмаган. Қайнонам табиатан оғир, вазмин ва жиддий инсонлар. Унча-мунча нарсаларга қаттиқ таъсирланиб, асабийлашиб кетмайдилар. Ўз ўрнида жуда тартибли ва қаттиққўл ҳам. Янги келинлигимда “Аба, бир жойга бориб келай...”, — десам, жим эшитиб бош ирғаб қўярдилар. Ҳар қанча жиддий бўлсалар ҳам, ҳеч қачон йўқ демайдилар. Ўзлари ҳам тартибда гап кўп, деб айтадилар ва ҳамиша тинч яшашга ҳаракат қилганлар. Ҳаётдаги энг амал қиладиган ибратли сўзлари: “Сен бермагин бировга озор, сенга ҳам озор бергувчилар бор”.

Қайнонам тўғри овқатланишга қатъий риоя қиладилар. Нима овқат тайёрлашимизни ўзлари айтиб турадилар. Яна уларни билганимдан бери ёнғоқ мағзи, майиз, асал ва бодом мағзини туйиб, аралаштириб тановул қилиб турадилар. Бу инсон саломатлигини мустаҳкамлаб, ёшартиради, деб таъкидлайдилар.

Мана, сизга узоқ умр кўришнинг сири, ёши улуғликка эришишнинг муҳим калити. Ана шундай юртимиз фахри бўлмиш Саъдияхон ая каби онахонларимиз сафи яна кўпаяверсин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1