Совуқ кунларда иситувчи мосламалардан фойдаланиш ва паст даражадаги намлик кўзнинг ҳимояловчи мугуз пардасидаги суюқликни буғлантириб, қичишиш, қизариш ва қуруқлашишни келтириб чиқаради. Кўзларингиз намлик камлигидан қийналса, кун давомида икки литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичишга ҳаракат қилинг. Анъанавий ёки ультратовушли намлантирувчи воситалар ёрдамида хонадаги ҳавонинг намлик даражасини ошириб туринг. Компьютерда ишлаётганингизда ёки телевизор томоша қилаётганингизда кўзларингизни кўпроқ пирпиратинг. Буни эслатма сифатида қоғозга ёзиб, мониторга ёпиштириб қўйишингиз ҳам мумкин. Кўзлардаги қуруқликни дорихоналарда сотиладиган «сунъий кўз ёшлар» деб номланадиган махсус томчилар ёрдамида ҳам йўқотиш мумкин. Лекин бу томчиларни ишлатишдан аввал албатта шифокорингиз билан маслаҳатлашишни тавсия этамиз.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.