1

Шерали Жўраевнинг Роғун ҳақидаги қўшиғи матни тақдим этилди

ЖАМИЯТ 01.03.2014, 18:14
Шерали Жўраевнинг Роғун ҳақидаги қўшиғи матни тақдим этилди

Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев Роғун ва Қамбарота ГЭСлари ҳақида қўшиқ куйлагани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун санъаткорнинг матбуот котиби Улуғбек Раҳимов ушбу қўшиқ шеърини таҳририятимизга тақдим этди.  

Тез кунда қўшиқнинг ўзини ҳам сайтимиз орқали сизларнинг ҳукмингизга ҳавола этиш ниятидамиз.

Бўлмагай

Яратганнинг инояти - кўкдан келар имдодлар.
Оби раҳмат деб ёмғирга кафтин тутган аждодлар,
Тўғон қуриб дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар,
Офтоб сочган зиёларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

Бу дарёда қозоқ қувган маролнинг ҳам ҳаққи бор,
Махтумқули экиб кетган ниҳолнинг ҳам ҳаққи бор,
Нон урмасин, туз тутмасин Оролнинг ҳам ҳаққи бор,
Самум чалган наволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

Қишда қорни қизғангувчи пастдан Ўзи асрасин,
Ҳамсояга чоҳлар қазган касдан Ўзи асрасин,
Табиатдан қайтар қасос-қасддан Ўзи асрасин,
Сирли-сирли нидоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

Ҳасадгўйнинг қўрғонига қуш ҳам қўнмас дейдилар,
Худойимнинг берганига номард кўнмас дейдилар,
Ношукрнинг тўғонию кўнгли тўлмас дейдилар,
Саболарнинг, ҳаволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

Иқбол Мирзо
Ўзбекистон халқ шоири

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1