1

Шерали Жўраевнинг Роғун ҳақидаги қўшиғи матни тақдим этилди

ЖАМИЯТ 01.03.2014, 18:34
Шерали Жўраевнинг Роғун ҳақидаги қўшиғи матни тақдим этилди

Илгари хабар қилинганидек, Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти соҳиби Шерали Жўраев трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш мавзусида янги қўшиқ тайёрлади. 

Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо шеъри асосида яратилган бу қўшиқда умуминсоний қадриятлар, дўстлик, ҳамжиҳатлик улуғланади, миллатлараро дўстликка раҳна солувчи иллатлар қораланади.

Бугунги кунда Марказий Осиё ерларини асрлар оша суғориб келган дарёларнинг юқори оқимидаги мамлакатлар томонидан йирик тўғонлар қурилаётгани халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу давлат раҳбарларининг минтақадаги қўшни халқлар манфаатини менсимай, табиий шарт-шароитларни ҳисобга олмаган ҳолда, ўзбошимчалик билан амалга ошираётган ишлар ҳар қандай комил ақл эгасини ўйлантиради. Бу борада ижод аҳли ҳам ўз фикрини, муносабатини билдиришга хақлидир.

Айни пайтда қўшиқ тайёр бўлса-да, ҳофиз уни янада қиёмига етказиш устида изланмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Шерали Жўраев Марказий Осиё халқларининг дўстлиги, биродарлиги мавзуида кўп қўшиқлар куйлаган. Бу қўшиқни куйлашдан мақсад эса, ана шу азалий ва абадий  дўстликка соя ташлаётган  иллатларни кўрсатишдан иборат. Энг муҳими ушбу шеър ким томонидан қўшиқ қилиб айтилмасин, яхши ниятли кишиларнинг қалбига, онгига чуқур сингиши лозим. 

Қуйида эътиборингизга қўшиқ матнини ҳавола этамиз:

Бўлмағай

Яратганнинг инояти - кўкдан келар имдодлар.

Оби раҳмат деб ёмғирга кафтин очган  аждодлар,
Тўғон қуриб дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар,
Бандаларнинг ризқу рўзин қийиб, тўсиб  бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.
Бу дарёда туркман  суйган  маролнинг ҳам ҳаққи бор,
Яссавийлар  экиб кетган ниҳолнинг ҳам ҳаққи бор,
Нон урмасин, туз тутмасин Оролнинг ҳам ҳаққи бор,
Сира ҳам Амударёларнинг сувин тўсиб бўлмағай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмағай.

Бандаларнинг ризқу-рўзин қийиб бўғиб бўлмағай.
Қишда қорни қизғангувчи дастдан Аллоҳ асрасин,
Ҳамсояга чоҳлар қазган касдан Аллоҳ асрасин,
Табиатдан қайтар қасос-қасддан Аллоҳ асрасин,
Қалбдан чиққан нидоларнинг йўлин тўсиб бўлмағай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмағай.

Сирдарё ҳам Амударё сувин тўсиб бўлмағай.
Ҳасадгўйнинг қўрғонига қуш ҳам қўнмас дейдилар,
Худойимнинг берганига нокас тўймас дейдилар,
Ношукрнинг тўғонию кўнгли тўлмас дейдилар,
Саболарнинг, ҳаволарнинг йўлин тўсиб бўлмағай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмағай.

Бандаларнинг ризқу рўзин қийиб-бўғиб бўлмағай.

Дуо қилинг, қардошларим, тўлиб оқсин дарёлар.

Ўзбек, тожик, қорақалпоқ, туркман, қирғиз, қозоқлар,

Яъқуб Чархий, Бухорийлар, Нақшбанд авлиёлар

Сизлар қилган дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмағай.

Сизлар ичган дарёларнинг сувин кесиб бўлмағай.

Минг йилларки, Туронзамин қучоқ очган онамиз,

Кўнгиллардан кўнгиллар сув ичсагина қонамиз.

Бир танда эт-тирноқ эдик, наҳот энди тонамиз.

Жаҳолатдан чап қўл билан ўнгни кесиб бўлмағай
Аждодларнинг зарриштасин зинҳор узиб бўлмағай.

Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмағай,

Милён-милён элу юртнинг сувин тўсиб бўлмағай.

Иқбол Мирзо
Ўзбекистон халқ шоири

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1