Алишер Навоийнинг «Лисонут-тайр» асари биринчи маротаба поляк тилига полшалик мутахассис Януж Кжижовский томонидан таржима қилиниб, китоб шаклида чоп этилди ва Полша кутубхоналарига тарқатилди.
Ушбу нашрнинг бир нусхаси муаллифнинг илтимосига биноан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига совға тариқасида тақдим этилди. Ушбу асарни “Жаҳон” хорижий адабиётлар ўқув залида ўқиш мумкин. Бу ҳақда Миллий кутубхона расмий сайтида хабар қолдирилган.
Я.Кжижовский Лодз шаҳридаги Тиббиёт академиясини ва Варшава университетининг фалсафа факултетини тамомлаган. У 1964 йилда Берлин шаҳрининг Гумболдт университетида фан доктори унвонини, 1986 йилда дидактик фаолияти учун “Олтин хоч” мукофоти билан тақдирланган. Полшанинг “Ер ҳақидаги фан” жамияти аъзоси ва машҳур миллий саёҳатчидир.
Я.Кжижовский Шарқнинг Алишер Навоий, Бобур, Б.Луқнави, Ф.Хошми ва У. Ҳайём каби машҳур шоирлари асарларини таржима қилиш устида ишламоқда.