1

АСАКА АВТОМОБИЛЬ ЗАВОДИДА ИСЛОМ КАРИМОВ ЁДГОРЛИК МАЖМУАСИ ОЧИЛДИ

ИҚТИСОДИЁТ 07.12.2017, 11:06
АСАКА АВТОМОБИЛЬ ЗАВОДИДА ИСЛОМ КАРИМОВ ЁДГОРЛИК МАЖМУАСИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Асака шаҳридаги автомобиль заводига Ислом Каримов номи берилди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида ёдгорлик мажмуасини барпо этиш лойиҳаси тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда қисқа вақт ичида завод ҳудудида Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

Шу куннинг ўзида заводда доимий равишда фаолият юритадиган “Ислом Каримов ва Ўзбекистонда автомобиль саноатининг ривожи” кўргазма-музей иш бошлади.

Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов бутун умрини Ватани, унинг озодлиги ва буюк келажаги учун бағишлади.

Буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун мутлақо янги бўлган соҳа – автомобилсозлик саноатига асос солиши ва уни ривожлантириш ташаббусининг ҳаётга тадбиқ этилгани Истиқлол солномасидаги муҳим саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Асака автомобиль заводига асос солинишида унинг ўзи бевосита иштирок этди.

Бугун автомобиль заводи Ўзбекистоннинг етакчи саноат корхоналаридан бири саналади. Биринчи Президентимиз таъкидлаганидай, “ушбу замонавий корхона инсонлар онг-у шуурига ижобий таъсир этиб, халқимизда ғурур ва ифтиҳор туйғусини уйғотгани алоҳида аҳамият касб этади”.

Асака автомобиль заводига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти номи берилиши – барча ходимларга ифтиҳор туйғусини бағишлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1