АсосийSUG'DIYONA

«ЗИҚНАГА ЭРГА ТЕГМАЙМАН!»

'«ЗИҚНАГА ЭРГА ТЕГМАЙМАН!»'ning rasmi

Моҳира, 28 ёш: — Рисоладагидек оилада вояга етганман. Негадир шу пайтгача кўнглимдагидек ҳеч ким дарвозамизни тақиллатиб келмаган. Охирги пайтларда фақат хотини ўлган, ажрашганлар оғиз солаяпти. Ўтган йили уйланмаган, ўзим тенги йигитга сўрашганди. У билан учрашиб кўрдим, жуда камхарж экан. Биринчи учрашувга ҳатто гул ҳам кўтариб келмади, менга музқаймоқ олиб бериб, ўзига пулини қизғанган инсон билан бир умр қандай яшайман, деб, рад этдим. Кейин қўли ва кўнгли очиқ бошқа йигитдан ҳам совчи келди. Фақат у уйланиб-ажрашган эди. Аммаларим «шунча пайтдан бери ажрашган инсон билан турмуш қуриш учун ўтирганмидинг», дейишди. Ўзимнинг кўнглим чопиб турса ҳам улар тазйиқи остида бу йигитга ҳам рад жавобини бердим...

Тафтиш: 28 ёшга чиққан қизнинг эшигини ёлғондан бўлса ҳам бўйдоқ йигит тақиллатмаслигига ишониш қийин. Лекин ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Очиғини айтганда, бу қиз ёки унинг оиласидаги аввалдан бўлган жиндеккина муаммо ҳам вақтида турмуш қурмаганига сабаб бўлгандир. Бундай муаммолар кишининг ўзига билинмайди, эҳтимол қиз ўта мағрурдир. Аммалари аслида тўғри айтган, ким ҳам попук қанддек асралган қизини иккинчи хотинликка беришни орзу қиларди? Қиз шу ёшга кириб ҳам бўйдоқ йигитнинг камхаржлиги ва зиқналигини асосий сабаб қилиб кўрсатиб, рад этаётган экан, демак, ҳали ўзига ишонади. Чунки у ҳаёт бамисли ўйинчоқ қилиб ўйнатадиган 3-4 принципига маҳкам ёпишиб олиб, ҳаётни шу бўйича ўлчамоқчи бўлаяпти. Уйланган йигитнинг қўли ва кўнгли очиқлигига келсак, у аёл кишига ёқиш ва кўнглини олишни билади, чунки олдинги тажрибасидан тажрибаси бор. Рўзғор ва турмуш қийинчиликлари сабаб вақтида уйланолмай, қийналиб топган ҳар бир сўми устида бош қотирадиган йигит эса қизларнинг кўнглини ололмаслиги табиий. Агар у устомон бўлганида дўстидан қарз олиб, Моҳирага тилла совға қилиши ҳам мумкин эди! Зиқна эр асабга тегса ҳам, ичувчи ва урувчилардан минг марта яхши! Демак, йигитнинг замонга мос прагматиклигини қиз тушуна олмаган. Қиз боланинг уйланган ва ажрашган йигитларга турмушга чиқиши масаласига келсак, баъзан худди шундай вазиятларда бахтли турмуш қуриб кетганлар ҳам талайгина. Чин тақдир келмагунча ҳаммаси бекор, дейишади-ку! Моҳирадан кўнглини кенг қилиб, ҳаётга реал назар ташлашни ва вақти келиб, тўйига бизни ҳам таклиф қилишини сўраб қоламиз.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар