Зарифа, 29 ёш, Гулистон шаҳри:
— Турмуш ўртоғим тўрт йилдан буён хорижда ишлайди. Аввалига у топган пулини қайнонамга юборарди. Бир йилдан буён менга жўнатяпти. Акамнинг маслаҳати билан у юборган пулларни йиғиб, кичикроқ дўкон очдим. Рўзғордан ортган пул бекорга сарф бўлмасин деб, улгуржи бозордан арзонроқ нархга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб сотаман. Ҳар гал бир ҳайдовчи киши юкларимни дўконга олиб келиб, ўзи ташиб киргизади.
— Кейинги сафар ҳам пулни бегона қилманг, юкларингизни ўзим олиб келиб бераман, — деб тайинлайди ҳар гал. Мен унинг ҳеч қанақа нотўғри муомаласини кўрмаганим учун ҳар гал юкларимни машинасида олиб келаман. Бу ишимни эримнинг қариндошлари нотўғри тушуниб, ўша ҳайдовчи билан гап қилишибди. Одамлардан нафратланиб кетдим.
— Одамларнинг гапидан бош кўтаролмай қолдим. Бозорни йиғиштиринг. Нима етишмаяпти сизга? Ўғлимнинг ҳам қулоғига етиб борганмиш бу гаплар. Ишини ташлаб шунча йўлдан келиб, жавобингизни бермоқчи... – деди қайнонам совуқ оҳангда.
Карахт бўлиб қолдим. Гапларимга ўз яқинларимдан бошқа ҳеч ким ишонмаяпти. Ахир, айбим нима? Мен эримга хиёнат қилганим йўқ. Бунга уларни қандай ишонтирай? Эрим ҳам менга ишонмаса, нима қиламан?
Тўти ЮСУПОВА, Ўзбекистон халқ артисти: — Дўкон очишдан олдин эрингизни, қайнота-қайнонангизни огоҳлантирган бўлсангиз, вазиятни уларга ётиғи билан тушунтиринг. Айбингиз йўқлигини, фақатгина рўзғорга озгина ёрдамлашмоқчи бўлганингизни таъкидланг. Акангиз маслаҳат берган экан, ўзи доим ёнингизда туриши керак эди. Бегона эркакнинг бегона аёлга ёрдам беришини ҳеч ким тўғри тушунмайди. Шуни ҳисобга олишингиз керак эди. Ота-онангиз қудалари билан гаплашиб, вазиятни тушунтиришсин. Ўзбошимчалик билан иш қилган бўлсангиз, бу эрингизнинг яқинларига ёқмаган бўлиши табиий.