Ёшим қирқ бешда. Уч фарзанднинг онасиман, бир қизимни турмушга узатганман. Эримнинг ишлари 2-3 йил олдин юришиб кетди, топиш-тутиши яхшиланди. Пули кўпайгач, у ўзгариб қолди. Ичадиган одат чиқарди, ҳали ишхонасидагилар билан, ҳали чет элдан келган меҳмонлар билан отамлашиб, уйга маст бўлиб келади. Менга ҳам муносабати совуқлашган. Бир куни телеграмига «Яхши етиб олдингизми?» деган хабар келди. Мен ҳам хабар эгаси кимлигини билиш учун «Расмингизни юборинг», дея ёзиб юбордим. У томон эса «Ҳозиргина кўрдингиз-ку» дея хабар жўнатди. Кўнглимга шубҳа оралаб, рақам эгаси кимлигини хўжайинимдан суриштирсам, «Танимайман, адашган», деб туриб олди. Эртасига ўша аёлга оилали эркакни тинч қўйишини таъкидлаб «SMS» юбордим. Пули кўп эркак қиз-жувонларга илакишиб қоларкан-да. Ўтган ҳафта эримнинг телефонда аёл киши билан жуда маромига етказиб гаплашаётганининг устидан чиқиб қолдим. Жим туролмадим, жанжалимизнинг охири унинг «Бор, кетавер, ҳозироқ бошқасига уйланиб оламан», дейиши билан тугади. Қизимни олиб, иккинчи уйимизга кетиб қолдим.
Энди нима қилишни билмаяпман. Эримнинг раҳбарига қўнғироқ қилиб, ходимини тартибга чақириб қўйишини сўрасаммикан? Ахир хиёнатга чидолмайман. Тўйимиздан аввал «Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам майли, фақат устимга юрманг», дея шарт қўйгандим. Ваъдасида турмади бевафо. Эримнинг аввалги аҳволига қайтиши учун қандай йўл тутишим керак?
Сожида, Самарқанд шаҳри
Пул ҳар қандай одамга ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсир салбий бўлса, албатта, оқибат ҳам шунга яраша бўй кўрсатади. Эр киши бир-икки сўм кўп топа бошлагач, сўл йўлларга оралай бошласа, кибрга берилиб ўзидан кетиб қолса, аёл киши қандай муносабат билдириши керак? Бугун мурожаат эгасининг саволини таҳлил қилиш орқали мавзу юзасидан мулоҳаза юритамиз. Мутахассис — руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА.
Эркакнинг топиш-тутиши яхшилангач...
Ўзгариши рост. Умуман, эркакми-аёлми, моддий имкониятлари кенгайгач, ўзгаради, кишининг ўзига бўлган ишончи ҳам ошади. Айниқса, эркакларни пул анча тепага кўтаради. Кимнингдир оёғи ердан узилади, кимлардир янада оқиллашиб, оилапарварга айланади. Хўш, нега айрим эркаклар бир-икки сўм кўп топа бошлагач, босар-тусарини билмай қолади. Сабаблар асосан қуйидагича бўлиши мумкин:
А. Камчиқимроқ, қўли калтароқ оилада ўсган ва доим ўзидан бойроқ дўстлари, ошналари, қариндошлари олдида армонли вазиятларга дуч келган. Натижада ичида алам пайдо бўлган: «Бир кун бойиб кетсам, ҳаммага кўрсатиб қўяман...»
Б. Онаси томонидан ерга урилган, доим камситилган ўғил болалар ҳам улғайиб, қўли чўзган жойига ета бошлагач, болаликдаги аламларини хотинидан олади.
В. Аёл киши эридан пул топмаганида ҳам норози бўлгани, ҳозир ҳамма нарсани бадастир қилиб қўйганида ҳам миннатдорчилик билдирмаслиги эркакнинг хатти-ҳаракатларига таъсирини ўтказади.
Аламзадалик, ўзини ҳамма нарсага қодир санаш оқибатида эркак нафснинг қулига айланиб қолиши ҳеч гапмас. Чунки пулга фақат тананинг эҳтиёжларини қондирувчи бир восита сифатида қараш бошландими, истаклар чегара билмай қолади. Кўнгил яна-яна нималарнидир тусай бошлайди.
Баъзи тоифа эркаклар ичкиликка ружуъ қўяди. «Ичмаса иш битмайди», «Фалончининг ҳурмати учун ичмасам бўлмасди» каби баҳоналар билан қиттай-қиттай қилишни одат тусига айлантиради. Кўпчилик эркакларнинг ичишига эса уни қийнаётган, ечимини топа олмаётган муаммоси, кимгадир айта олмаётган дарди ҳам сабаб бўлади. Пулнинг етарлилиги эса шу дардни унутиш учун имкон беради. Бу ўринда, эркакнинг иродаси ва ўз ҳаётий тамойилларига эгалигида гап кўп.
«Хотин»ни кўпайтирмаслиги учун...
Неча йиллик оиласидан воз кечиб, дарров бошқасига уйланиб олиш фикри эркакнинг хаёлига келиши ҳам нафснинг йўлига юришнинг далолати. Эр очиқ-ойдин тилига шу истагини кўчирдими, аёл сергак тортиши керак.
Мурожаатга қайтиб...
Сожида, мақсадингиз нима: оилани асраб қолишми ёки турмуш ўртоғингизни олдинги ҳолига қайтариш? Бу иккаласи бошқа-бошқа тушунчалар.
Эрингизнинг аввалгидек бўлишини исташингиз «Олтин балиқ» эртагининг якунини эслатади. Аслида, бунинг иложи йўқ. Чунки орадан йиллар ўтган, унинг ёши улғайган, тажрибаси ошган, имкониятлари кенгайган. Энди у олдинги турмуш ўртоғингиз эмас. Уни аввалги ҳолига қайтариш фикридан воз кечиб, эгри йўлдан қайтариш ҳақида бош қотиринг. Аввало, бунинг учун дарров уйга қайтишингиз керак. Болаларингиз учун ҳам бу муҳим. Оилани асраб қолиш ниятингиз борми, юқоридаги тавсиялар асосида режалар тузиб чиқинг ва ҳаракатни бошланг.
Ўзингизга бўлган ишончингизни оширинг. Аввалбошдан «Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам майли», дея хўрланишга рухсат бергансиз. Ва ўзингизча «Хиёнат қилмайди» дея келажагингизни дастурлаштириб олгансиз. Пешана, тақдир деган гаплар борлигини тан олинг. Бу ҳаёт, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тақдирнинг синовлари инсонга ўзини йўқотиб қўйиши учунмас, юксалиши, сабоқ чиқариши учун берилади.
Беклар, гуноҳдан сақланинг
Ҳаромни ҳалолдан, зарарни фойдадан, яхшини ёмондан ажрата билинг. Бойлигингиз миллий, диний, маънавий қадириятларимизга соя солаётган экан, кўзингизни очинг. Чўнтаги қаппайганда оиласидан юз ўгирган ёки хотинини хўрлаганлар, охири жазосини тортиб, пушаймон ўтида ёнганига кўҳна дунё кўп бора гувоҳ бўлган. Бирингиз икки бўлиши, топганингизнинг баракаси учмаслиги, бошга қўнган омад қуши учиб кетмаслиги учун, кексайганда ўз оилангиз бағрида қарилик гаштини суриш учун ҳам ҳаромдан тийилинг. Ёшлик ҳам, бойлик ҳам ўткинчи, ахир.
МУХЛИСА.
Манба: «Sug'diyona» газетаси
21.12.2017, 18:34
Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...21.12.2017, 18:21
— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...21.12.2017, 18:16
Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...21.12.2017, 18:16
Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...